Ёшларга хушхабар: 2021 йилда махсус Президент гранти жорий этилади
Жамият
−
25 Декабрь 2020
80642021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ёшлар форумида айтиб ўтди.
“Бу ишларимизни давом эттирган ҳолда, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қиламиз. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади.
Ўрни келганда, сизларга яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади”, деди Президент.
Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади.
“Чунки бундай таълим масканларида ўқиётган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар эртага юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади. Шундай экан, уларга ғамхўрлик қилиб, истеъдодини рағбатлантирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.