2020 йилги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди
Жамият
−
15 Ноябрь 2019
22949Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
2020 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлаш мақсадида:
1. 2020 йилда 23 март – душанба қўшимча дам олиш куни этиб белгилансин.
2. 2020 йилда қуйидаги дам олиш кунлари кўчирилсин:
• 4 январь – шанба 2 январь – пайшанбага;
• 29 август – шанба 31 август – душанбага.
3. Белгилаб қўйилсинки:
• 2020 йил 2 январь пайшанба ва 2020 йил 31 август душанба куни барча ходимлар учун иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади;
• бюджет ташкилотларида ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган қўшимча дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини бир иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади;
• ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга ушбу Фармонда белгиланган қўшимча дам олиш куни қўшилади;
• ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак;
• бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ қўшимча дам олиш куни меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал норматив ҳужжатларда белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда байрам (ишланмайдиган) кунларнинг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолиси учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари:
• аҳолининг узайтирилган байрам (ишланмайдиган) кунларида мароқли ва фойдали дам олишини ташкил этиш бўйича тизимли чоралар кўрсин;
• Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига:
• меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
• узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 14 ноябрь
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь