200 кВтлик норма “нормал”ми?

Таҳлил

image

Ўзбекистонликларнинг пешонасига газ, “свет” каби энг керакли энергетика ресурсларидан фойдаланиш бахти ёзилмаган кўринади. Шу кунларда ошган “свет” нархи ва унга белгиланган “лимит”дан аҳоли додламоқда. Одамлар аллақачон “таппимиздан қўймасин” дея қишга тезак ғамлашни бошлаб юборган бўлса ҳам ажаб эмас. 

Ҳукумат май ойидан бошлаб жорий этган 200 кВтлик ижтимоий норма аҳолини электр ишлатишдан қисиб қўйди. Аномал совуқда “свет”сиз қолган ўзбекистонликлар мана энди ёзнинг жазирама иссиғида ҳам электр энергиясини ишлатмасдан, тежашига тўғри келмоқда. Ижтимоий тармоқлар Энергетика вазирлиги ва ҳукуматдан норозиликни акс эттирган хабарларга тўлди. Баъзилар 200 кВтлик лимитни бекор қилишни сўраётган бўлса, баъзилар нормани камида 500 кВтга оширишни талаб қилмоқда. Энергетика вазирлиги эса бугун, 9 июль куни баёнот билан чиқиб, 200 кВтлик лимитни оширишга асос йўқлигини айтди. Вазирликка кўра, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан четга чиқмаган. Аммо, оммавий ахборот воситалари ўтказган сўровномалар бунинг аксини кўрсатди.

200 кВтлик ижтимоий норма етарлими?

Нима учун ижтимоий норма 200 кВт? Бунга Энергетика вазирлиги ўзбекистонликларнинг ўртача электр энергияси истеъмоли 200 кВт эканини сабаб қилиб кўрсатганди. Ваҳоланки, халқаро ҳисоб-китоблар бошқача рақамни кўрсатмоқда. Wikipedia маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1 киши 1 ойда ўртача 141 кВт электр энергиясидан фойдаланади. Бир хўжаликда камида икки киши яшаган тақдирда ҳам электр сарфи 200 кВтлик ижтимоий нормадан ошиб кетади. 4-5 киши яшайдиган ўртача катталикдаги оилалар ойига қанча электрдан фойдаланишини ана энди тасаввур қилиб кўраверинг.
Келинг, электр сарфини яна бошқачасига ҳисоблаб кўрамиз:

Бу дунё бўйича маиший техникаларнинг ойлик ўртача электр энергияси сарфи. Ушбу рўйхатга интернет провайдерлари, мобил телефонларни қувватлантириш ва яна шу каби асосий электр сарфловчи қурилмалар киритилмаган, аммо истеъмол сарфи 500 кВтдан ошди. Хўш, Ўзбекистон ҳукумати кундалик турмуш тарзи учун зарур бўлган техникаларнинг электр талабини инобатга олганмиди?

Аслида, меъёр белгиланиши 2019 йилда тажриба сифатида қўлланилганди. Ўшанда “Ўзбекенерго” АЖ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида бир ойлик 300 кВтлик меъёр белгиланишини айтганди. 2022 йилда ижтимоий норма 250 кВт қилиб белгиланди. 2024 йилда, тарифга асосланган тизим бутун Ўзбекистон учун амалга татбиқ этилаётганда қандай қилиб 300 кВтлик норма 200 кВтга тушириб қўйилгани маълум эмас. Қолаверса, Юнусободда ўтказилган бу тажриба ўзини оқладими йўқми ҳеч ким ҳисоб ҳам бергани йўқ.

Истеъмолчилар 200 кВт етмаётгани ҳақида айтаётган бир вақтда ҳукуматдагилар ҳамон сукут сақламоқда. QALAMPIR.UZ Телеграм саҳифасида ўтказган сўровномада кўриндики, резидентларнинг ярмидан кўпи ижтимоий нормадан ортиқ электр энергияси истеъмол қилмоқда. 18 мингдан ортиқ резидентларнинг

23 фоизи 1 ойда 200 кВтгача, 57 фоиздан ортиқ истеъмолчилар 200 кВтдан 1000 кВтгача электр энергияси ишлатганини билдирди.
Шу ўринда айтиш керак, белгиланган 200 кВтдан 1000 кВтгачалик тарифнинг ўртасидаги фарқ жуда катта. Яъни аҳолининг аксарият қисми 205 кВт электр ишлатадими, 300 кВт ёки 900 кВтми фарқи йўқ, 1000 кВт электр ишлатган одам билан бир хил тарифда пул тўламоқда.

1000 сўмлик таннарх қаердан келиб чиққан?

Ҳукумат электр энергияси таннархи 1 002 сўмдан (ҚҚСсиз 895 сўм) экани ва гўёки аҳолига 2-3 баравар зарар билан етказиб берилаётганини иддао қилмоқда. Аммо, Энергетика вазирлиги таннархга оид ҳисоб-китоблар ва далилларни келтирмади. Ўзбекистонда асосий электр энергиясини кўмир ёқиладиган иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқаради. “Ўзбеккўмир” АЖ маълумотларига кўра, 1 тонна кўмир ИЭСларга 430 минг сўмдан етказиб берилади. 1 кг кўмир ёнганда 8 кВт электр энергияси ҳосил бўлади.

430 (1 кг кўмир нархи) ÷ 8 (ишлаб чиқариладиган электр кВт) = 53 сўм (1 кВт электр энергияси олиш нархи).

Демак, асосий хомашё – 1 кг кўмир нархи 1 кВт учун 53 сўмдан тўғри келмоқда. Яъни ИЭСда 1 кВт электр ҳосил қилиш учун 53 сўмлик кўмир ёқилади. Унга хомашё ташиш билан боғлиқ харажатлар, ходимлар маоши, электр энергияси етказиб бериш ва шу каби харажатлар қўшилади. Бу қандай харажатларки, асосий хомашё харажатидан 18 баробарга ошиб, 1002 сўмга кўтарилиб кетса?

Ваҳоланки, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилдан бери ҳар йили электр энергияси таннархини пасайтириш бўйича энергетикларга топшириқ бериб келади. 2024 йилни эса Президент иқтисодиётда таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини айтган эди.

Энергетикларга бу билан боғлиқ саволлар бериш, улардан ҳисоб сўраш ўрнига халқни “талаб қилмасликка” ундаётганлар ҳам кам эмас. Масалан, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров энергетикларнинг таннарх билан боғлиқ иддаоларига қўшилиб, керак бўлса 200 кВтлик лимитни ҳам чеклаш таклифини ўртага ташлади.

“Муаммолар – кечаги хатолардир, эртага давом этмаслиги учун бугун ҳал бўлиши керак. 1 киловатт электр энергиянинг таннархи 990 сўм! 200 киловаттгача 450 сўмдан, 1000 киловаттгача 900 сўмдан сотилиши ёрдам сифатида қабул қилиниши керак, талаб эмас!

Энергетика соҳаси қанча тез бозор муносабатларига ўтса, шунча тез иқтисодимиз ўсади, иш ўринлари кўпаяди, аҳоли даромади ошади ва албатта таъминот тизимлари талаб даражасида бўлади”, деб ёзди у.

Иқтисодчилар эса Ўзбекистон энергетика тизимида фақат таннархга урғу бериш ва нархларни ошириш билангина ислоҳот қилиб бўлмаслигини, бозор муносабатларига ўтиш учун, аввало давлат монополияси бекор қилиниши зарурлигини таъкидлайди. Алишер Қодировга жавобан иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров шундай ёзди:

“Масалага кенгроқ ва чуқурроқ қараш керак: биринчидан, 450 сўмдан деган норма ишламаяпти. Электрҳисоблагичлар мослашмаган. Иккинчидан, фақат тарифлар билан ислоҳот қилиб бўлмайди. Учинчидан, ишлаб чиқариш, тақсимот ва сотишда рақобат бўлмаса ҳеч қандай фойда ва на халққа ва на давлатга йўқ”.

Электрҳисоблагичлар қанчалик шаффоф ишлайди?

Ўтган йилнинг октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги электр улгуржи истеъмолчиларининг 28 фоизи автоматлашган тизимга уланмаганини танқид қилган эди. Шунингдек, 170 мингдан ортиқ абонентларнинг автоматлашган тизим билан алоқаси йўқлиги айтилган. Хўш, Энергетика вазирлиги тариф тизимига ўтишидан олдин шу каби муаммоларни ҳал этган, республикадаги ҳар бир хонадонга бехато ишлайдиган ҳисоблагич ўрнатилганини назоратга олганмиди?

QALAMPIR.UZ Телеграм саҳифасида мавзуга доир сўровнома ўтказди. Унда қатнашган 15 мингдан ортиқ резидентнинг 72 фоизи электрҳисоблагичларнинг шаффоф ишлашига ишонмаслигини билдирди. Ижтимоий тармоқларда электрҳисоблагичларнинг носоз ишлаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайди. Масалан, журналист Юлдуз Очилова уйда ҳеч ким бўлмаган вақтда электрҳисоблагич рақамлари айланаверганини ёзиб чиқди:

“Кеча, 1 июль куни соат 17 ларда яъни бир кунга қолмай 19 кВтдан кўпроқ “ишлатиб қўйибмиз”. Кун давомида кондиционер ишлатилмаган, уйда йўқ эдик. Ҳатто иситгич болерни ҳам ўчириб кетдик”, дейди у.

Шу каби муаммо "Troll.uz" Telegram-канали асосчиси Умид Ғофуров билан ҳам кузатилган.

“Тушунишингиз учун 1 ойдан бери ҳеч ким яшамаётган уйимизда 314 кВт/с ҳисоблабди электр токи. Ҳатто шу ҳақида ҳам ёзгим келмади… Майли. Борганимда ҳал қиларман. Биллинг билан боғлиқ нимадир экан. Тўлиқ тушунолмадим” деб ёзган Умид Ғофуров. 

Шу каби эътирозлар кўпайганидан кейин Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўрганиш ишлари олиб борилишини айтди. Билдирилишича, қўмита томонидан ишчи гуруҳи тузилади ва керакли чоралар кўрилади. Электрҳисоблагичлар қўшиб ёзган пуллар одамларга қайтариладими, носоз ҳисоблагичлар учун жавобгарликни Энергетика вазирлиги ўз бўйнига оладими, бу каби саволлар очиқ қолмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммонинг туб негизига етиш лозимлигини талаб қиляпти. 

“Электрдан фойдаланишда ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар ҳамиша бўлган. Лекин истеъмолчилар бу ҳолатга тарифларнинг кескин ошиб, чўнтакка таъсири яққол сезила бошлагачгина эътибор қаратишган.

Рақобат қўмитаси ўрганишлар давомида ишни қандай счетчиклар ўрнатилганидан бошласалар, муаммонинг туб-негизини белгилаб олган бўлардилар. Чунки биринчидан, айнан пул ўзлаштириш учун каррасига қимматлаштирилган, икки-уч карра қайта ўрнатилган счетчиклар, иккинчидан, ақлли дейилган бўлса-да, ақлли бўлмаган счетчиклар, учинчидан, ҳисоб-китоблардаги ўртачалаш алгоритмлари истеъмолчининг зиёнига эканини текширишгина муаммони ечишга калит бўлиб хизмат қилади. Акс ҳолда, истеъмолчилар тоғдан келса, шонли энергетиклар ўзига қулай боғдан гапириб сувдан қуруқ чиқаверишади”, деб ёзди иқтисодчи.

Марказий Осиё бўйича энг қиммат электр энергияси Ўзбекистондами?

Марказий Осиё аҳолиси орасида Қозоғистон ва Ўзбекистон республикалари аҳолиси энг қиммат электр энергия тарифларидан фойдаланади.

Қирғизистонда ижтимоий меъёр 700 кВт этиб белгиланган. 1кВт/соат учун нархлар қуйидагича:

  • 700 кВт – 1,11 сом (162 минг сўм);
  • 700 кВтдан ортиқ – 2,39 сом (349 минг сўм).

Электр энергиясидан чекловсиз фойдаланаётган аҳоли 3,63 сўм (531 сўм) тўлайди. 
Тожикистонда электр энергияси истеъмоли чегараланмаган, 1 кВт/соат электр нархи 30,75 дирҳам (360 сўм).
Туркманистонда эса оддий аҳоли учун электр энергияси мутлақо текин. Туркманистон фуқароларини электр билан бепул таъминлайдиган ягона мамлакат.

Халқ қабул қила олмаган “ислоҳот”

Нархларни белгилашда ўзбекистонликларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, Статистика агентлиги берган маълумотларда эмас, реал ҳаётда аксини топган ойлик даромади ҳисобга олинганми? Энергетика вазирлиги раҳбарияти ҳали бирон марта нархлар оширилганига жамоатчилик ва халқ олдида тушунтириш бермади. Ваҳоланки, 2023 йилнинг сентябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов QALAMPIR.UZга давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олсагина, унинг нархи таннархидан оширилишини айтган эди.

“Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз, энг аввало, узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз", деган эди Мирзамаҳмудов.

Аҳоли барқарор электр энергияси билан таъминланмади, аммо нархлар оширилди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов QALAMPIR.UZ’га энергетик ресурслар нархларини ошириш хато қарор бўлганини айтиб, ҳукумат қандай риск олдида тургани ҳақида гапириб берди:

“Электр ва газ нархининг ошиши бошқа тармоқларда ҳам нархларнинг кўтарилишига олиб келади. Бундан ташқари, аҳолига компенсация бериляпти, бу эса давлат бюджети харажатларини оширади. Мазкур ислоҳот юқори самара бермаслиги аввалдан маълум. Ҳозир инфляцияга қарши кураш кетаётган, инфляцион босим кучли бўлаётган бир пайтда ёқилғи энергетиканинг нархини оширмаслигимиз керак эди. Нарх кўтарилгани билан энергетикадаги муаммолар ечилмайди, инфляция ошгани қолади. Агар ҳукумат компенсация механизмини ишлатмоқчи бўлса, комплекс тарзда, узоқ муддатли, бир-бирига боғлиқ бўлган тадбирлар ўтказиши зарур эди. Масалан қандай? Ишлаб чиқарувчиларнинг ўзига субсидия бериш, бир томондан эса, аҳолининг даромадини ошириб бориш сиёсатини қўллаш керак. Бу иш комплекс тарзда амалга оширилмаса, натижа бермайди. Нархни кўтаришнинг салбий самарасини кўриш учун бизга 6 ой етади. 6 ой ўтмасдан, бу қарор хато эканини тушуниб етамиз”.

Ҳукумат электр энергияси етказиб беришда узилишлар кузатилаётганида истеъмолчиларнинг ўзини айблаб келади, аҳолидан электр энергиясини тежаб ишлатиш талаб қилинади. Аммо, амалда энергия тежовчи қурилмаларга ўтиш учун шароитлар яратилмаяпти.

Масалан, ҳозирги кунда энергия самарадорлиги 70 Вольт бўлган музлаткичлар ишлаб чиқариляпти, лекин уларни Ўзбекистон бозорларига олиб кириш учун чекловлар мавжуд. Бу чекловлар импорт қилинадиган маиший техника нархларининг ошишига хизмат қиляпти.

Энергетика ислоҳотида 1 қадам олдинга, 2 қадам орқага кетаётган Ўзбекистонни келажакда нималар кутиб турибди? Олдинда ҳали ўзбекистонликларнинг юраги безиллаб қолган совуқ қиш бор. “Свет”нинг пулига оширилган нархдаги газ харажатлари ҳам қўшилади. Қишдан амаллаб чиқиб олгандан кейин, 2025 йилнинг апрель ойида “свет” нархи яна оширилади. Нима ҳам дердик, халққа сабр, юқоридагиларга эса инсоф тилаб қоламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги 200 кВт лимит ижтимоий норма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг