“20 соат ишдаман”. Жапаров кунига неча соат ухлашини айтди
Олам
−
11:41 1268 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров суткасига атиги 4 соат ухлашини, қолган 20 соатини эса ишга бағишлашини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 23 октябрь куни Жалолобод вилоятининг Бозор-Қўрғон тумани аҳолиси билан учрашув чоғида фуқаролардан бирининг шикоятига жавоб берар экан гапирди.
Учрашув иштирокчиларидан бири Қирғизистон раҳбарининг шахсий қабулига киришга бир неча бор уринганини айтган. Эркакнинг сўзларига кўра, у бир неча марта мурожаатлар билан келган, аммо Президент билан учраша олмаган.
Бунга жавобан Садир Жапаров барчани шахсан қабул қилишга жисмонан имконияти йўқлигини айтган.
“Менинг қабулимга кира олмадим, деб айтманг. Сизлар 7,5 миллионсизлар, мен эса битта президентман. Агар ҳар бир одам олдимга келаверса, мен ҳаммани ҳам қабул қила олмайман-ку. Менинг ўз иш графигим бор. Шунда ҳам 24 соатдан атиги 4 соатида ухлайман, қолган 20 соатида ишда бўламан”, дейди у.
Мамлакат раҳбари ҳатто шундай графикда ҳам барча масалаларни ҳал қилишга вақти етмаётганини қўшимча қилган.
Шу билан бирга, у масъул раҳбарларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айрим ходимлари томонидан эҳтимолий ноқонуний ҳаракатлар содир этилганини айтган фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқишни топширган.
Хусусан, Садир Жапаров фуқаролардан ҳақиқатан ҳам ноқонуний равишда пул талаб қилингани ёки қилинмаганини, бу пулни айнан ким ва қанча миқдорда берганини аниқлашни талаб қилган.
Президентнинг Бозор-Қўрғон тумани аҳолиси билан учрашуви очиқ мулоқот форматида бўлиб ўтган. Фуқаролар ер низолари, йўллар қурилиши, ижтимоий инфратузилма ва давлат органларининг фаолияти бўйича масалаларни кўтарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров режадан ташқари Бишкек шаҳридаги янги “Мадина” бозорига ташриф буюриб, савдо қилиш шароитлари ва савдо ўринларини йўқотиш мумкинлигидан хавотир билдирган савдогарлар билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси