2 ҳудудда масъуллар 1000 тоннадан ортиқ асфальтни ўмарди
3-саҳифа
−
31 июл 4731 2 дақиқа
Республиканинг Шароф Рашидов ва Паркент туманлари Ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, қарийб 700 млн сўмлик асфальтни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Шароф Рашидов тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман Ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари 6 та ички йўлларда асфальтлаш ишларни бажармасдан, харид қилинган 348,7 млн сўмлик 634 тонна асфальтни нақд пулга сотиб юборгани ҳамда ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари аниқланган.
Шунингдек, яна бир ҳолатда департаментнинг Паркент тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман Ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, “G.W.” МЧЖ томонидан 540 тонна асфальт етказиб берилмаган бўлса-да, қабул қилиб олинганлиги ҳақида сохта ҳисоб-фактуралар расмийлаштириб, 324 млн сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари фош бўлган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ терговга қадар текширув давомида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖнинг айрим масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатилгани ҳақида сохта асослар орқали 19 млрд сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланганди.
Live
Барчаси