16 февраль воқеаларига 20 йил тўлди
Жамият
−
16 Февраль 2019
43045Ўрта авлод вакиллари 1999 йилнинг 16 февралини яхши эслайди. Тошкент осмони қора тутунлар билан тўлган ўша мудҳиш кунда мамлакатдаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган эди. Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида, хавфсизлик хизматидан тортиб, энг кичик идоралар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаган ушбу ҳодиса нафақат мамлакатнинг конституциявий ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат, балки шахсан Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган суиқасд эди. Бугун ўша мудҳиш кунга 20 йил тўлди
Илк портлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биносида содир этилди. Ўша куни Ҳукуматнинг 1998 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтиши ва унда давлат раҳбари Каримов иштирок этиши режалаштирилганди.
Ўша вақтда Президент матбуот котиби ва Олий Мажлис депутати бўлган Азамат Зиё бу воқеаларни шундай эслайди:
“Ўша куни тахминан 9:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен президент соқчиларининг биридан президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди”.
Бу портлашлардан кейин хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизматлари воқеа жойларига етиб келишди ва ўз бурчларини адо этишга киришди.
Ўзбекистон тарихига ёзилган ўша қонли кунда бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди, юзлаб инсонлар яраланди.
Воқеа ҳақидаги хотираларини давом эттираркан Азамат Зиё шундай дейди:
“Президент орқага қайтиб кетди деганларидан кейин мен Президент Девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, президент кабинетидаги хоналар ҳаммаси зирҳланган ойналар эди. Улар тарам-тарам бўлиб кетганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин мен Ислом акага бошқа хавфсизроқ жойга ўтасизми, балки, десам у киши сен бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин дедилар.
Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир, деди. У киши ҳар қандай шароитда, нима бўлмасин ўз ҳаёт принципларидан воз кечмаслигини айтиб, воқеа жойларига кетди”.
Ҳали террорчилик ҳаракатлари давом этаётган, хавф яқин келиб турган пайтда президент воқеа жойларига бориб, вазият ва у ердагиларнинг аҳволи билан танишди. Сўнгра қуйидаги интервьюни берди:
“Мана шу бинода шакастланган, керак бўлса ярадор бўлганлар билан гаплашиб буларнинг олдини олиш керак. Халқимизга, аҳолимизга мана шу ердан туриб мурожаат қилмоқчиман, ваҳима бўлмасин.
Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади. Буларнинг ҳаммасини, айтайлик, жой-жойига қўйиш, керак бўлса, бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, қўлини кесиб ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин”.
Азамат Зиё сўзини давом эттириб, президент Ислом Каримовнинг шижоати, жасорати ва мардлиги ҳақида гапирди:
“Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлиси бўлиши керак эди. Шу мажлис барибир бўлди. Соат 13:00 да Олий Мажлис биносида бўлди”.
Бу қўпорувчилик ҳаракати, аввало, мамлакатдаги хавфсизликни бузиш, ёшлар онгига диний ақидаларни сингдириш, тинч аҳолининг ҳаётига раҳна солишга қаратилган террорчилик хуружи эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
LiveБарчаси