15 мамлакат Навальнийнинг ўлими юзасидан Россияни тергов ўтказишга чақирди
Олам
−
10:26 1013 3 дақиқа
Дунёнинг 15 давлати россиялик марҳум мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўлими юзасидан чуқур ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақдаги баёнот сиёсатчи вафот этганининг икки йиллиги муносабати билан кеча, 16 февраль куни эълон қилинди.
Унда Навальний ўлими учун тўлиқ жавобгарлик Россия ҳокимияти зиммасида экани таъкидланиб, унинг оиласига ҳамдардлик билдирилган.
Ҳужжат муаллифлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларига таяниб, Россия Навальнийга нисбатан қамоқда инсонийликка зид ва қадр-қимматни камситувчи муносабатда бўлгани, шунингдек, унинг мурожаатларига муносиб жавоб бермагани учун масъул эканини қайд этган.
Навальний ўлимининг икки йиллиги арафасида Буюк Британия, Швеция, Франция, Германия ва Нидерландия мутахассислари мустақил таҳлиллар натижасида у катта эҳтимол билан эпибатидин номли ноёб заҳар таъсиридан вафот этган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Айтилишича, сиёсатчининг қариндошлари унинг биологик намуналарини Европага олиб чиққан ва текширув шу асосда ўтказилган.
Кремль бу айбловларни асоссиз ва бир ёқлама деб атаб, қатъий рад этган. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айбловлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
Шунингдек, 15 давлат Россияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганидан жиддий хавотир билдирган. Баёнотда ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан таъқиблар кучайгани таъкидланган. Маълумотларга кўра, Россияда сиёсий сабаблар билан 1700 дан ортиқ киши ҳибсда сақланмоқда.
Қўшма баёнотни Австралия, Буюк Британия, Германия, Чехия, Дания, Канада, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Янги Зеландия, Польша, Финляндия ва Эстония имзолаган. Улар Россия ҳукуматини халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажаришга ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирган.
Маълумот учун, Алексей Навальний – россиялик сиёсатчи, ҳуқуқшунос ва мухолифат етакчиларидан бири эди. У 1976 йил 4 июнда туғилган, 2024 йил 16 февралда Россиядаги жазо колониясида вафот этган.
Навальний Россияда коррупцияга қарши фаолияти билан танилган. У 2011 йилда Коррупцияга қарши кураш жамғармасини ташкил этган ва юқори лавозимли амалдорлар ҳақида суриштирув видеолари тайёрлаб, интернет орқали эълон қилиб борган. Унинг чиқишлари Россия ҳукумати ва айниқса, Президент Владимир Путин сиёсатига танқидий муносабат билан ажралиб турган.
Навальний бир неча марта ҳибсга олинган. 2020 йилда у заҳарланган ва даволаниш учун Германияга олиб кетилган. Кейинчалик Россияга қайтганидан сўнг яна қўлга олиниб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
У халқаро миқёсда Россия мухолифатининг асосий тимсолларидан бири сифатида кўрилган. Унинг фаолияти ва ўлими халқаро жамоатчиликда катта баҳс ва муносабатларга сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алексей Навальнийнинг оила аъзолари сиёсатчи ўлдирилганидан сўнг хорижга олиб чиқишга муваффақ бўлган биоматериалларда эпибатидин моддаси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Биоматериалларни ўрганган бир нечта лаборатория экспертлари бир-биридан мустақил равишда шундай хулосага келган.
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль