15-16 ёшимда кўпчилик бувимга Диёра спортини тўхтатсин, деган – Келдиёрова
Спорт
−
23 Сентябрь
23694Париж Олимпиадасининг дзюдо баҳсларида олтин медални қўлга киритган ва Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпиада ўйинларида 1-олтин медални қўлга киритган Диёра Келдиёрованинг спорт фаолиятини эрта якунланмасдан, давом этишига бувиси сабабчи бўлган. Бу ҳақда Келдиёрованинг ўзи UNESCO ташкилотига берган интервьюсида айтди.
“Спортга 6 ёшимда кириб келганман. Фаолиятим бошланишига бувим сабабчи бўлган, чунки бувимнинг ўзи ёшлигида кураш билан шуғулланган, бироқ менталитет сабаб карьерасини давом эттирмаган. Кейинчалик эса невараларини, яъни мен ва синглимни спорт тўгарагига берган. Биз эса спорт фаолиятимизни тугатмасдан, давом эттирганмиз”, дейди Келдиёрова.
Шунингдек, Диёра 15-16 ёш вақтида унинг танишлари бувисига келиб, Келдиёрованинг спорт фаолиятини тугатишини сўраган ва бошқа қизларга ўхшаб тикиш-бичиш ва овқат қилишни ўрганиб, оила қуришини таклиф қилган.
“Ўшанда бувим бизни қўллаб-қувватлаб, ҳаётимизни арзийдиган ишга сарфлашимизни билдирган. Қачонки аёл аёлга ёрдам берса, жуда катта куч ҳосил бўлади ва куч билан исталган натижага эришиш мумкин. Қайсидир соҳада натижага эришмоқчи бўлсангиз, аввало ўша соҳани севишингиз керак”, дейди Олимпиада чемпиони.
Маълумот учун, 26 ёшли Келдиёрова фаолияти давомида Олимпиада чемпиони бўлишдан ташқари 5 марта “Катта дубулға” баҳсларида, 1 марта “Гран-При” ва Осиё ўйинларида ғолиб бўлган.
LiveБарчаси