14 яшар боланинг ўлимига сабабчи бўлган икки киши қамоққа олинди – Бош прокуратура
3-саҳифа
−
10 Ноябрь 2022
17018Фарғонада Ички ишлар ходими томонидан олиб кетилган 14 яшар боланинг ўлимига сабабчи бўлгани айтилаётган икки киши қамоққа олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
“Фарғонада 14 ёшли вояга етмаган шахс жорий йил 17 октябрь куни Фарғона вилояти ИИБ муассасасида вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейди Бош прокуратура воизи.
Унинг қайд этишича, тергов мобайнида 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи марҳум Р.Абдусатторовни уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатлари етказишгани маълум бўлган.
“Мазкур ҳолат гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди”, дейди ишонч билан Шамсутдинов.
Шу сабабли, жиноят иши доирасида ушбу 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қамоққа олинган.
Бундан ташқари, ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови ва текширув устидан назорат ўрнатилган.
Аввалроқ ҳолат бўйича Фарғона вилояти прокуратураси ҳам муносабат билдирганди. 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилгани айтилган.
17 октябрь куни эса вояга етмаган Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
LiveБарчаси