13 ёшли ўғилларига машина бошқарувини берган ота қамалди
3-саҳифа
−
09 Март 17123 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида вояга етмаган ўғилларининг юқорида тезликда машина ҳайдашига йўл қўйган ота 5 суткага қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.
Маҳалла аҳолиси эътирозига кўра, фуқаро Нозим Азизовнинг Ҳасан ва Ҳусан исмли вояга етмаган ўғиллари маҳалла кўчасида автомашинани жуда юқори тезликда ҳайдаган. Бу эса маҳаллада ўйнаётган болалар ва юриб турган кексалар учун жиддий хавф туғдирган ҳамда қўшнилар норозилигига сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, улар турли давлат рақамли автомобилларда, ота-онаси ва қариндошларига тегишли машиналарни олиб, маҳалла ичида бемалол ҳайдаб юрган. Маҳалла аҳолисининг айтишича, улар тор кўчаларда ҳам, катта кўчада ҳам жуда юқори тезликда ҳаракатланган.
Маҳалла фуқароларидан бири бу ҳолат юзасидан бир неча бор огоҳлантириш берганини, ҳатто маҳалла комиссиясига ҳам мурожаат қилганини айтади. 7 март куни соат 21:00 атрофида қўшни фуқаро ушбу масалани тинч йўл билан муҳокама қилиш ва болаларга танбеҳ беришни сўраш мақсадида Азизовнинг уйи олдига борган. Бироқ фарзандларини тўхтатиш ўрнига ота уларни ҳимоя қилишни танлаган. Гувоҳларнинг айтишича, у қўшни аёлни ҳақорат қилиб, баланд овозда бақирган ва маҳалла аҳолисининг тинчлигини бузган.
“Бундай муносабат кўпинча ўсмирлар учун “бизга ҳамма нарса мумкин” деган сигналга айланади. Агар катталар қонунбузарликка кўз юмса, болаларнинг хатти-ҳаракатларини оқласалар ёки уларни танқиддан ҳимоя қилсалар, ўсмирларда жазосизлик ҳисси шаклланади.
Афсуски, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда шундай ҳолатлар кузатилмоқда. Вояга етмаганлар машина бошқариб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузмоқдалар. Айрим ота-оналар эса бундай қонунбузарликларга бефарқ қарамоқдалар. Бироқ бу каби ҳолатлар оқибациз қолмайди”, дейилади хабарда.
Маҳалладаги жанжал юзасидан 102 рақамига мурожаат қилинган. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимлари томонларни бўлимга олиб бориб, ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатларини амалга оширган.
Жорий йилнинг 8 март кунидаги суд қарорига кўра, 1981 йилда туғилган фуқаро Нозим Азизовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) билан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Вояга етмаганлар томонидан бошқарилган транспорт воситаси эса жарима майдонига жойлаштирилган.
Нозим Азизов халқдан узр сўраб, фарзандларининг қилган ишидан жуда афсусда эканини билдирган. У бундан буён ўғилларини қаттиқ назорат қилишини, машина ҳайдашларига умуман рухсат бермаслигини ва бундай ҳолат такрорланмаслиги учун барча чораларни кўришини айтиб, халқ олдида ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкени шаҳрида 10-синф ўқувчиси BMW билан йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборганди. Ҳодиса оқибатида йўл-патруль хизмати ходими вафот этди. Кейинроқ инспекторнинг ўлимида гумон қилинаётган Дониёр Турғунов қамоққа олинди.
Live
Барчаси