119 та давлат ташкилоти Президент фармонини бажармаган – КҚКА

Жамият

image

2021  йил Ўзбекистонда 119 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотда айтилган. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган.

Кузатувлар натижасида маълум бўлишича, Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган тартибда очиқланишини таъминламаган 11 та вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида расман огоҳлантирилган.

Қолаверса, 2021 йилнинг октябрь ойида вазирлик ва идоралар кесимида ўтказилган мониторинг натижалари бўйича 230 та давлат идораларининг 121 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштирмаганлиги аниқланди.

Шу каби, Республикадаги 119 та давлат органи ва ташкилоти ўз  тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган бўлса, 48 таси Порталда шахсий кабинет ҳам очмаганлиги маълум бўлди. 

Маълумот ўрнида, бу каби камчиликларга йўл қўйиб келаётган вазирлик ва идоралар мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Агентлик томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Очиқ маълумотлар портали

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made