110 ёшга кириб фарзандли бўлган саудиялик эркак 142 ёшида вафот этди

Олам

image

Саудия Арабистонида мамлакатнинг энг кекса фуқароси ҳисобланган Насар бин Радан Ал Рашид Ал Вадаий 142 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Qatar Tribune” нашри хабар берди.

Журналистларнинг маълумотига кўра, узоқ умр кўрган Ал Вадаий ХIХ аср охирларида туғилган ва амирликларнинг ягона қиролликка бирлашиши жараёнига гувоҳ бўлган. Унинг вафотига узоқ давом этган касаллик сабаб бўлгани айтилмоқда. Қариндошларининг таъкидлашича, марҳум 142 ёшда бўлган ва ундан 134 нафар авлод қолган.

Ал Вадаий Саудия Арабистони ташкил топганидан буён ҳукмронлик қилган барча монархларни бошидан кечирган. Унинг дафн маросими Даҳран ал-Жануб шаҳрида ўтказилиб, унда етти мингдан ортиқ киши қатнашган. Ҳаёти давомида 40 мартадан кўпроқ ҳаж сафарини адо этган марҳум уч марта уйланган. Учинчи турмуш ўртоғи билан 30 йил бирга яшаган, аёлнинг ўзи ҳам юз ёшдан ошган.
Қариндошларининг сўзларига кўра, Ал Вадаий соғлом турмуш тарзи, қатъий интизом ва жанубий ҳудудга хос анъанавий овқатланиш туфайли узоқ умр кўрган. Видолашув маросимидан сўнг у ўзининг тарихий ватани – Ал-Рашид ҳудудида дафн этилган.

Хабарларга кўра, у охирги марта 110 ёшида уйланган ва кейинчалик қиз фарзанд кўрган. 

Шу билан бирга, Ал Вадаий Саудия Арабистонидаги энг кекса инсон деб ҳисобланган бўлса-да, унинг ёши расман ҳужжатлар билан тасдиқланмаган. Ҳозирда дунёдаги энг кекса эркак унвони бразилиялик Жоао Мариньо Нетога тегишли бўлиб, у 113 ёшга тўлган.

Инсон умрининг расмий равишда тасдиқланган мутлақ рекорди эса француз аёли Жанна Калманнга тегишли – у 122 йил-у 164 кун яшаган. Бироқ, кейинчалик ушбу рекорднинг ҳаққонийлигига нисбатан шубҳалар ҳам пайдо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда 3 подшоҳ ва 12 президентни кўрган мамлакатнинг энг кекса фуқароси Ойша Байри вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг