Туркияда 3 подшоҳ ва 12 президентни кўрган онахон вафот этди
Олам
−
23 Сентябрь 2025 10028 2 дақиқа
Кеча, 22 сентябрь куни Туркияда 3 подшоҳ ва 12 президентни кўрган мамлакатнинг энг кекса фуқароси Ойша Байри вафот этди. Бу ҳақда “Medya gazete” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Амасья вилоятининг Сулуова туманида яшаган 127 ёшли Ойша Байрининг 5 фарзанди ва 20 набираси бўлган. У 1898 йил 1 июлда туғилган. Онахон нафас қисиши ва орган етишмовчилиги сабабли бир муддат шифохонада даволаниб ётган.

“У Усмонлилар империясининг сўнгги уч подшоҳи – Абдулҳамид II, Меҳмед Рашод V ва Меҳмед Ваҳдеддин VI ҳамда Мустафо Камол Отатуркдан тортиб, Ражаб Тойиб Эрдўғангача бўлган 12 нафар президент даврига гувоҳ бўлди”, дейилади хабарда.
“Ҳожи Мустафо” масжидида ўқилган жаноза намозидан сўнг у туман қабристонига дафн қилинган. Жаноза маросимида қатнашган Сулуова ҳокими Рифат Узун ўтган йили байрамда Ойша Байрининг уйига ташриф буюрганини эслаган.
“Ойша онамиз юртимизнинг, минтақамизнинг энг кексаси эди. Аллоҳдан раҳмат, оиласига эса сабр тилайман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Адлия бўлими томонидан киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг Бувайда тумани “Қорақум” МФЙда ўтказган сайёр суд мажлисида Умарова (Тошматова) Ҳувайдонинг 1895 йил 1 январда Бувайда туманида туғилганлик факти белгиланганди. Шу тариқа у Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсон бўлди.
Live
БарчасиМен диктаторман – Трамп
10:14