100 минг $ билан тушган прокурор қамалди
Таҳлил
−
07 Август
63962024 йилнинг бошида, аниқроқ айтганда, 13 февраль куни Бухоро вилоятининг Когон туманида 100 минг доллар пора олишда айбланиб ушланган Когон туман прокурори Баҳодир Ғуломовга суд ҳукми ўқилди.
Февраль ойида собиқ прокурор жиноятда айбланиб, қўлга олингани ҳақидаги гаплар болалагандан сўнг, расмий идоралар лом-мим демади. 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Хонобод шаҳрида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказаётган йиғилишда прокурорнинг қўлга олиниши бўйича баъзи тафсилотларни очиқлаган эди. Ана ундан кейин Ғуломов ДХХ ходимлари ўтказилган тезкор тадбирда ушлангани маълум бўлди.
“Когон туманининг прокурори 100 минг доллар билан қўлга тушди. Мен буни нима учун элга айтяпман? Прокурор ўзининг ҳаракати билан бундай нарсалар амалга ошириляптики, ўзи курашчи бўлиб, унинг ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик?" деб воқеани тушунтирганди Мирзиёев.
Президент ўшанда бу ҳолатдан хабардор бўлгани, иш охирига етиши учун арқонни узун ташлаганини айтганди.
“Индаманглар охиригача. Эртага суддан қайтмаслиги керак бу, дедим. Секин-секин 200 минг долларни гаплашган. 91 минг долларни олиб келяпти, йўқ қолганини ҳам олиб келасан деяпти. Униям индаманглар, дедим. Лекин 3-куни 91 мингини олиб келганда, 101 мингини олиб келинглар деяпти”, дея воқеани тушунтиради Мирзиёев.
Келинг, энди 2022 йилнинг апрелида Когон туманига прокурор бўлган Баҳодир Ғуломовга ўқилган суд ҳукми билан танишамиз.
Суд ҳужжатида ёзилишича, Баҳодир Ғуломов Когон тумани прокурори лавозимида ишлаётган вақтида ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида 2024 йил январь ойи бошида икки нафар шахс Н. Нўмонов ва З. Одилов билан жиноий тил бириктирган. Улар Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бирининг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилишган.
Шундан сўнг, судланувчи Баҳодир Ғуломов 2024 йил 15 январ куни Бухоро шаҳрида жойлашган “Турон” меҳмонхонаси олдида 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н. Нўмонов орқали олган. Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖга алоқадор шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини қўлга киритган. Шундан 10 минг АҚШ долларини З. Одилов олиб, қолган 34 минг АҚШ долларини Н.
Нўмонов келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган.
2024 йил 13 февраль куни Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н. Нўмонов орқали 56 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Тезкор тадбир давомида судланувчи Н. Нўмоновнинг Cobalt машинасидан “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамиятга алоқадор тўрт нафар шахсларни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига сўралган 100 минг АҚШ доллари ҳисобидан 34 минг АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда баённома асосида олиб қўйилган.
Суд мажлисида собиқ прокурор айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, давлат раҳбаридан кечирим сўрашини айтган ҳамда суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Собиқ прокурор Ғуломов Баҳодир Ботирович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилган.
Собиқ прокурор узил-кесил 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Умуман 2024 йилда жавобгарликка тортилган амалдор фақат Ғуломов эмас, Бош прокуратура берган ахборотга таянадиган бўлсак, шу йилнинг ўтган 6 ойида 2389 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Яна ҳам аниқроқ айтганда январь-июнь ойларида жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 23 нафари республика миқёсидаги ходимлар, 223 нафари вилоят миқёсидаги ходимлар, 2143 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар бўлган.
Жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 1467 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этган. Кейинги ўринда 158 нафар мансабдор пора олди-бердиси ва унда воситачилик қилиш жинояти билан қўлга тушган. Фирибгарлик эса 191 нафар билан учинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек, 104 амалдор мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, 30 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққан, 48 нафари мансаб сохтакорлигига йўл қўйган, 28 нафари мансабга совуққонлик билан қараган. Қолган 363 нафари эса бошқа жиноятларни содир этган.
Нафақат 2024, балки 2023 йилда ҳам жиноят содир этган амалдорлар бўлган. Масалан, 2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс 3412 та жиноий иш бўйича жавобгарликка тортилган. Қайд этиш жоиз, бу статистика 2022 йилга қараганда, камайиш ўрнига ошган. Масалан, 2022 йилда очилган 2965 та жиноий иш бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Демак, 2022 йилга нисбатан бу кўрсаткич 14,7 фоизга ёки 459 тага ошган. 2023 йилда умумий ҳисобда амалдорлар давлат бюджетига 1 триллион 12 миллиард сўм миқдорида зарар етказган. Шундан 847 миллиард сўм ундирилган.
Мавқеи бўйича республика миқёсида 49 нафар амалдор жазоланган. Қувонарлиси, бу 2022 йилга нисбатан бирмунча кам. Мисол учун, 2022 йилда республика бўйича 110 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Вилоят миқёсида 2022 йилда 264 нафар ходимлар жавобгарликка тортилган бўлса, 2023 йилда эса 267 нафар “курси эгаси” ўз жазосини олган. Туман ва шаҳар миқёсида эса бу статистика ошган. Масалан, 2022 йилда 2742 нафар амалдор, 2023 йилда эса 3259 нафар амалдор жавобгарликка тортилган.
Эълон қилинган статистикага кўра, 2023 йилда мансабдорлар томонидан энг кўп ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти содир этилган. Жумладан, ушбу жиноятни 2023 йилда 2103 нафар амал эгаси содир этган бўлса, 2022 йилда бу рақам 2205 нафарни ташкил этган. Ҳа айтганча, 2023 йилда амалдорлар пора олиш бўйича 2022 йилги рекордни янгилаган. 2022 йилда 169 нафар мансабдор пора олган бўлса, 2023 йилда амалдорлар бу рақамларни 195 нафарга етказган. Бош прокуратура эълон қилган маълумотга ишонадиган бўлсак,2023 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ёки мансаб доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этилиши камайган. Мансаб сохтакорлиги ва мансабга совуққонлик билан қараш жиноятлари эса кўпайган.
Ўз фаолиятини суиистеъмол қилиш жинояти оқибатида давлатга 1 миллиард 546 миллион сўм миқдорида зарар етказилган бўлиб, шундан 84,7 фоизи ёки 1 триллион 310 миллиард сўми ундирилган.
Умид қиламизки, бу йил мансабдорларнинг жиноятга қўл уриши камаяди. Узатилган пораларни рад этишади. Уларга ишониб топширилган мансабни суиистеъмол қилишмайди, яна тағин ҳам билмадик, бу йил нималар бизни кутаётганини. Балки ҳеч қачон курсисини бермайдиган амалдорларни қўлга олинишига гувоҳ бўлармиз. Майли, ҳозирча яхши ният қилиб турайлик. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Изоҳларда фаол бўлиб, QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.