Фарғонада “гашиш” савдогари ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 2 кг дан кўп “гашиш” гиёҳванд моддаси ва 5600 дона психотроп дорини сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида ҳаракатланаётган Damas автомашинаси тўхтатилган. Фарғона туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида 2 кг 40 гр “гашиш” моддаси ва 5600 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган. 

Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, мазкур шахс Қирғиз Республикасидаги жиноий шеригидан олган гиёҳвандлик воситаларини Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган. 

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 246- (Контрабанда), 251-1- (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ургутда 1 кг “гашиш”ни 9 300 долларга пуллаётган шахс ушланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Фарғона гашиш гиёҳванд моддаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг