1 ойда мингга яқин афғонистонлик Тожикистондан депортация қилинди – ХМТ
Олам
−
14 Август 3029 2 дақиқа
Ўтган бир ой ичида Тожикистондан қарийб 1000 нафар Афғонистон фуқароси мажбуран депортация қилинган. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 июлидан 10 августигача Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги “Панжи Поён – Шерхон Бандар” назорат-ўтказиш пункти орқали жами 1647 киши Афғонистонга қайтган, шулардан 976 нафари мажбуран чиқариб юборилган. Қолганлари эса қариндошларини кўриш ёки бошқа шахсий сабаблар билан ихтиёрий равишда Афғонистонга ўтган.
Билдирилишича, депортация жараёнининг кучайиши Тожикистон ҳукумати афғонистонликларга нисбатан чораларни қатъийлаштиргани билан бир вақтда юз берган. Жорий йилнинг 7 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода депортация жараёнини тасдиқлаб, бу шахслар маҳаллий қонунларни бузганини билдирган. Расмийлар бунга ҳужжатларнинг йўқлиги, мамлакатни транзит ҳудуд сифатида ишлатиш, ноқонуний фаолиятда иштирок этиш ва қочқинлик мақомини олишда нотўғри маълумот бериш каби сабабларни кўрсатмоқда.
Норасмий маълумотларга кўра, ҳозир ҳам Тожикистонда 10 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси яшамоқда. Уларнинг кўпи депортациядан қўрқиб, яширинишга мажбур. Халқаро ташкилотлар бир неча бор Тожикистон ҳукуматини қочқинлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва қайтаётганлар хавфсизлигига таҳдид соладиган оммавий депортациялардан воз кечишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистондаги афғон муҳожирларига мамлакатни тарк этиш учун 15 кунлик муддат берилгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг асосан Душанбе, Ваҳдат ва Рудакий туманида кенг кўламли қўлга олиш ва депортациялар бошланган. Кўплаб афғонлар иш жойларида ушлаб кетилган. Оилалари эса уларнинг қаерга олиб кетилганидан доим ҳам хабардор қилинмаяпти.
Live
Барчаси