1 февралдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
27 Январь 39048 6 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил 1 февралдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатини бир ерга жамлади.
Поезд чипталарининг нархи ошади
2025 йил 1 февраль санасидан бошлаб Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездларнинг VIP, Бизнес тоифадаги чипта нархлари 25 фоизга, эконом тоифадаги чипта нархлари 20 фоизга ҳамда тезюрар йўловчи поездлар “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларнинг чипта нархлари 30 фоизга қимматлайди.
Шундай қилиб, “Афросиёб” учун чипталар нархи:
Тошкент – Самарқанд:
- Эконом – 294 минг сўм;
- Бизнес – 450 минг сўм;
- VIP – 619 минг сўм.
Тошкент – Қарши:
- Эконом – 406 минг сўм;
- Бизнес – 634 минг сўм;
- VIP – 854 минг сўм.
Тошкент – Бухоро:
- Эконом – 484 минг сўм;
- Бизнес – 751 минг сўм;
- VIP – 994 минг сўм.
Нархлар темирйўл инфратузилмаси харажатлари, электр, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, вокзаллар фаолиятини замонавий талабларига мувофиқ олиб бориш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий йўналишдаги (ётоқли) йўловчи поездларнинг чипта нархи 10,5 фоизга ошади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг таъкидлашича, бунинг эвазига йўловчи вагонлар парки янгиланади, темирйўл вокзаллари фаолияти янгича замонавий талабларга мувофиқ олиб боради ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилади.
Камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларини касбга ўқитиш учун стипендия тўланади
Президентнинг жорий йил 17 январь куни қабул қилинган “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
- 2025 йил 1 февралдан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.
- 2025 йил 1 майгача ишсиз аҳолини, шу жумладан, устувор равишда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади.
Мазкур тизим 2025 йил 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади.
Маҳаллаларда камбағал оила аъзоларининг ишлаш иштиёқини ва ташаббускорлигини оширишга қаратилган “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Ишонч” лойиҳалари ва “Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури амалга оширилади.
Боғчаларда давомат автоматлаштирилади
2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳрида синов тариқасида, 2025 йил 1 июлдан эса барча давлат МТТларида “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давомати, иш вақти, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини ҳисобга олиш жорий этилади.
Бўш иш ўринларини ҳисобга олиш, болаларни навбатга қўйиш ва МТТга жойлаштириш учун йўлланмаларни шакллантириш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг айнан ушбу ахборот тизимида амалга оширилади.
“Болалар боғчаси” ахборот тизимига хизмат кўрсатиш, уни қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни “UZINFOCOM” МЧЖ тизим оператори амалга оширади, бунда кўрсатилган хизматлар учун ота-оналар бадалининг 2 фоизи йўналтирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йилдан бошлаб ходимлар ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм ажратади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларининг сони ошади
1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.
Шунингдек, кўп қаватли уйлар яқинида, шу жумладан, уларга яқин жойлашган тўхташ жойларида максимал қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди:
- автотўхташ жойлари, ижтимоий объектлар ва давлат муассасаларида;
- савдо ва бизнес-марказлар, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхоналар ва кўп қаватли уйлар ёнида;
- автоёқилғи қуйиш шохобчаларида.
- якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар ҳудудида, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлар автотураргоҳларида энг юқори қуввати 22 квт бўлган станциялар ўрнатилади. Тадбиркорлар мавжуд кўп квартирали уй жойларнинг фақат автотураргоҳларида станциялар ўрнатиши мумкин бўлади.
“Оналар уйи” хизмати йўлга қўйилади
1 февралдан бошлаб Меҳрибонлик уйларида оналар, жумладан, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ва яқин қариндошлари ёрдамисиз қолган ҳомиладор аёллар учун “Оналар уйи” хизмати жорий этилмоқда.
Хусусан, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва уларнинг фарзандлари (4 ёшгача) ижтимоий шартнома асосида 1 йилгача бўлган муддатга вақтинчалик бошпана билан таъминланади, “Инсон” ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари эса уларнинг касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашади.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат ижтимоий ҳимояси жамғармаси маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар реестрига киритилган расман иш билан банд бўлган ёлғиз оналарга (оталарга) бола (болалар) уч ёшга тўлгунга қадар мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш учун ҳар бир бола учун 1,5 бараваригача моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, агар болалар эгизак бўлса, эгизакларнинг ҳар бирига моддий ёрдам ажратилади.
Шу билан бирга, оила типидаги меҳрибонлик уйларини ташкил этиш учун тўлиқ оила (эр ва хотин) бўлиши талаби бекор қилинади. Уларни 30 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам яратишга рухсат этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оила қарамоғига (ҳомийлик тарбиясига) фақат қариндошларига берилади.
“Инсон” марказлари муқобил жойлаштириш шаклларига мувофиқ жойлаштирилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний вакиллари ҳисобланади (болани васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш бундан мустасно). “Инсон” марказлари ота-онадан ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қўшимча харажатларни ундириш тўғрисида судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Ишсиз аҳолини мақсадли ўқитиш бошланади
2025 йил 17 январда “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025 йилда аҳолини даромад келтирувчи меҳнат билан таъминлаш дастури тасдиқланди. Бунга қуйидагилар киради:
- Аҳолини даромад келтирадиган иш билан таъминлаш бўйича жамланма мақсадли кўрсаткичлар;
- тижорат банклари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш бўйича жамланма мақсадли кўрсаткичлар;
- Аҳолини қашшоқликдан чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Янги ёндашувлар асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни жалб қилиш ва аҳолини қашшоқликдан чиқариш бўйича “йўл харитаси”.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Малака марказларида 2025 йил 1 февралдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш берувчиларнинг буюртмалари ва тижорат банклари мижозларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ишсиз аҳолини меҳнат бозорида талаб қилинадиган касбларга манзилли тайёрлаш тизими жорий этилмоқда.