1 февралдан 50 йиллик автомобиллардан фойдаланиш тақиқланади
Жамият
−
22 Январь 5564 2 дақиқа
2026 йилнинг 1 февралидан бошлаб ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади ва улар давлат рўйхатидан чиқарилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 20 февраль куни қабул қилинган 11-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизими “Маъмурий амалиёт” модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.
2026 йил 1 февралдан умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, “антиквар” автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспортлардан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади.
Автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.
Автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади:
- автомототранспорт олди-сотди шартномаси;
- “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари;
- давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспортларга бериладиган электрон ҳисоб-маълумотлар;
- автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эски транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси