1 августдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
27 Июль 20823 5 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил 1 августдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатининг айримларини бир ерга жамлади.
Барча ҳокимликларда иш ҳақи оширилади
Ишчан ва жозибадор муҳит яратиш учун 1 августдан барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилади, ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Энди ахлатдан карзи борлар “свет” учун пул тўлолмайди
Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш 2025 йил 1 августдан бошланади.
Жорий йил 7 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунига кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. У жорий йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланади.
Ойликлар ва стипендиялар ошади
2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Ушбу санадан эътиборан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 271 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – 412 000 сўм этиб белгиланади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Президентнинг ушбу мазмундаги фармонининг ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров белгиланган. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юкланган.
Базавий ҳисоблаш миқдори оширилади
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори амалдаги 1 млн 155 минг сўмдан 1 млн 271 минг сўмга оширилди.
Базавий ҳисоблаш миқдори эса 412 минг сўмга етказилади. Амалда бу 375 минг сўмни ташкил этганди.
Жарималар ҳам ошади
Масалан, йўл қоидаларининг бузилганлиги учун жарималар қуйидагича кўринишда бўлади:
- Тақилмаган камар учун – 206 000 сўм;
- Техник кўрик, биринчи тиббий ёрдам тўплами бўлмаганлик учун – 206 000 сўм;
- Транспорт воситасини ҳужжатсиз ҳайдаганлик учун – 412 000 сўм;
- Транспорт воситасини суғуртасиз ҳайдаш – 412 000 сўм;
- Светофорда қизил чироқдан ўтиш – 824 000 сўм;
- Ноқонуний парковка қилганлик учун ҳам – 824 000 сўм;
- Давлат рақамисиз автомобилни бошқариш – 2 млн 60 минг сўм;
- Тезлик (+20 км/соат) – 412 000;
- Тезлик (+20-40 км/соат) – 2 млн 60 минг минг сўм;
- Тезлик (+40-60 км/соат) – 3 млн 708 минг сўм;
- Тезлик (+60 км/соат) – 6 млн 180 минг сўм;
- Қарама-қарши тирбандликда ҳаракатланганлик учун – 4 млн 120 минг сўм;
- Маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш – 10 млн 300 минг сўм ва 3 йилгача машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
- Рухсатсиз ранг берганлик – 10 млн 300 минг сўм;
- “Тонировка”дан бир йилда такроран рухсатсиз фойдаланиш учун эса – 16 млн 480 000 сўм жарима тўланади.
Шунингдек, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, 412 мингдан 1 млн 236 минг сўмгача, жамоат жойларида сигарет чекканлик учун эса 137 минг сўм жаримага тортилади.
Давлат хизматчиларининг вазни назорат қилина бошлайди
Эндиликда Ўзбекистонда давлат ходимларининг тана вазни ўлчаб борилади ва бу ҳақдаги маълумотлар махсус платформага жойланади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Унга кўра, жорий йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг муайян вақтларида жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тадбирлар ўтказиб борилади.
Давлат органлари ходимларнинг вакиллик органлари билан ҳамкорликда:
- имкониятдан келиб чиққан ҳолда ташкилот ҳудудида спорт зоналари ташкил этилади;
- ходимлар жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши таъминланади;
- спорт тарғиботчилари томонидан ходимлар ўртасида тана вазни индекси ўлчаб борилишини ҳамда ҳар бир ходим бўйича маълумотларнинг “hrm.argos.uz” платформасига мунтазам киритиб борилиши таъминланади;
- ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича зарурий чора-тадбирлар амалга ошириб борилади.
Баъзи оилалар болалар боғчаси тўловлари учун компенсация олади
Компенсация учун маблағлар давлат бюджетидан ажратилиб, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига юборилади.