Ойликлар ва стипендиялар қачондан ошиши маълум бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини оширишни назарда тутувчи фармон чиқарди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилади. Бунда:

  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 000 сўм этиб;
  • ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 012 000 сўм этиб;

кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

  1. 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм;
  2. оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм;
  3. оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 000 сўм этиб;
  • кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 420 000 сўм этиб;
  • фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгиланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 471 000 сўм этиб, 2025 йил 1 августдан бошлаб эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 271 000 сўм; базавий ҳисоблаш миқдори – 412 000 сўм этиб белгиланади.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилади.

Белгиланишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилади.

Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров белгиланди. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юкланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 3 июнь куни Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида  Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар 10 фоизга оширилишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

нафақа иш ҳақи стипендия пенсиялар базавий ҳисоблаш миқдори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг