“1,5 трлн доллар бера оласизми?”. Трамп “қора шаҳзода”дан яна пул сўради

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 19 ноябрь куни Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга мамлакат иқтисодиётига киритиладиган инвестициялар миқдорини 1,5 триллион долларгача оширишни таклиф қилганини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари АҚШ–Саудия Арабистони инвестиция форумидаги нутқи давомида айтиб ўтди. 

Трампнинг айтишича, у Саудия шаҳзодасидан янада кўпроқ пул сўраган. 

“Биз суратга тушаётганимизда мен унга: “Инвестицияларни 1,5 триллион долларгача ошира оласизми?”, дедим. Унинг эса ўйлаб кўрадиган нарсалари бор”, деган АҚШ Президенти. 

Президент шаҳзодадан қандай жавоб олганини ошкор қилмаган, бироқ АҚШ бу борада “нимадир олишига” умид билдирган.

Бундан олдинроқ Трамп бин Салмон билан учрашувда Саудия Арабистони АҚШга 600 миллиард доллар сармоя киритишга рози бўлгани ва бу сумма 1 триллион долларгача ошиши мумкинлигини айтган эди. Трамп, шунингдек, АҚШ Саудия Арабистонига янги авлод микрочипларини етказиш учун рухсатнома бериш устида ишлаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрь куни Оқ уйда Трамп ва бин Салмон икки давлат ўртасида 80 йилдан бери давом этиб келаётган мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Яқин Шарқни тийиб туриш механизмларини кучайтиришга қаратилган келишувни имзолаган. Бу битимлар АҚШнинг минтақавий хавфсизликдаги кафолат берувчи ролини кучайтириши қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг