1,1 млрд сўмлик олтинни ички органларига яширганлар ушланди
Жамият
−
15:57 1186 1 дақиқа
Наманган аэропортида 5 нафар фуқаро 1,1 млрд сўмлик олтинни яширинча Ҳиндистонга олиб чиқишга урингани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Наманган аэропортида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида “Наманган – Деҳли” йўналишида Ҳиндистонга учиб кетмоқчи бўлган Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 5 нафар фуқаро махсус текширувдан ўтказилган.
Текширувда фуқаролар ўзларининг ички органларидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланиб, жами оғирлиги 555 грамм бўлган қуйма олтин бўлаклари ва 200 грамм заргарлик буюмларини яширин равишда хорижга олиб чиқишга урингани аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган қимматбаҳо металлларнинг умумий тахминий қиймати 1,1 млрд сўмни ташкил этади. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 240 минг АҚШ долларини мамлакатдан ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган, пойтахтда эса қалбаки 8 400 АҚШ долларининг муомалага киритмоқчи бўлган шахслар қўлга олинганди.
Live
Барчаси