Тенги йўқ қуролларга эга Путин БМТ минбаридан дунёни қуролсизланишга чақирди

Олам

image

Кеча, 22 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади. У ўз нутқида БМТ барча давлатларга бирдек қараши кераклигини, космосни ҳарбийлаштиришга йўл қўйиб бўлмаслиги, коронавирусни енгиш ва ундан кейин иқтисодиётни тиклаш масалаларида фикр билдирди.

БМТнинг роли ҳақида

Путин ўз нутқи аввалида БМТ Низоми халқаро ҳуқуқнинг асосий манбаи бўлиб қолишини, ташқилот ўзининг асосий миссияси – тинчликни сақлашни муносиб бажараётганини эслатди.

“1945 йилда нацизм мағлуб этилди, тажовуз ва нафрат мафкураси барбод қилинди. Тажриба ва иттифоқчилик руҳи, тинчлик ва умумий ғалаба учун тўланган улкан бадални англаш урушдан кейинги дунё тартибини қуришга имкон берди”, деган Путин.

У БМТ янги ҳақиқатларга мослашиши, Хавфсизлик Кенгаши эса барча давлатларнинг манфаатларини тўлақонли ҳисобга олиши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзосининг “вето” ҳуқуқи ишлаяпти ва дунёдаги ҳақиқий ҳарбий-сиёсий мувозанатни акс эттиряпти, дея қўшимча қилган РФ раҳбари.

Тарихни бузиб кўрсатишга уринишга йўл қўймаслик тўғрисида

Путин ўз нутқида Иккинчи Жаҳон уруши натижаларини ўзбошчимчалик билан талқин қилишга уринишлардан огоҳлантирди.

“Иттифоқчилар конференцияси ва Нюрнберг трибунали қарорини бошқача талқин қилиш бу фақатгина пасткашлик эмас, балки нацизмга қарши курашган жангчилар хотирасига жиноят ҳамдир. Бу урушдан кейинги дунё тартиби асосларига тўғридан-тўғри вайронкор зарбадир”, деган РФ етакчиси. Бундай ҳаракатлар қуролли назорат тизими беқарор ва инқирозли ҳолатда турганда фавқулодда хавфлидир, деб қўшимча қилди Владимир Путин.

Пандемия шароитидаги иқтисодиёт ҳақида

Путин коронавирус пандемияси ҳақида гапириб, бу буткул янги таҳдид бўлганини ва бирдан миллионлаб инсонларга даҳл қилганини таъкидлади. Унинг фикрича, дунё иқтисодининг тикланиши ноодатий қарорлар қабул қилишни талаб этади.

Россия раҳбари бундай вазиятда савдо урушларисиз, санкциялардан ҳоли “яшил йўлак” ташкил қилишга чақирди.

“Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, иккинчи чоракда дунёда бандликнинг тўлиқ ёки қисман чекланиши 400 миллион ишчи ўрнини йўқотишга тенг. Бундай ишсизлик доимий бўлишига йўл қўймаслик, одамлар ишига қайтиб оиласини таъминлаши, камбағаллик ёқасига келиб қолмаслиги ва ҳаётдан умидсизланмаслиги учун ҳаракат қилиш керак. Бу ҳақиқатан энг долзарб глобал ижтимоий муаммо, шунинг учун сиёсатнинг мақсади савдо, қўшма лойиҳалар ва адолатли рақобат учун йўл очишдир, бизнес ва ишбилармонлик ташаббусларининг "қўлини боғлаш" эмас”, деган Путин.

У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти салоҳиятини кучайтириш кераклигини айтиб, Россия бундан энг кўп манфаатдор бўлиши ва иштирок этишини қўшимча қилди. Шунингдек, у БМТ ходимларига коронавирусга қарши Россия вакцинасини бепул етказиб беришга тайёрлигини билдирди.

Қуролланиш ва глобал барқарорлик устидан назорат ўрнатиш тўғрисида

Владимир Путиннинг таъкидлашича, Россия барча тортишув ва келишмовчиликларга, баъзи ҳамкасбларнинг ишончсизлигига қарамасдан минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашади ва доим конструктив ташаббусларни илгари суради.

У расмий Вашингтонни биринчи даражали масала – Россия ва АҚШнинг 2021 йил февралда тугайдиган Стратегик ҳужумкор қуроллар тўғрисидаги шартномасини узайтиришни биргаликда ҳал қилишга чақирди.

“Бундан ташқари, янги ракета тизимларини ўрнатишда ўзаро тийилиб туришга ишонамиз. Аввал айтилган бўлса-да қўшимча қиламан, ўтган йилдан бошлаб Россия Европа ва бошқа минтақаларда қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталарни жойлаштиришга моратий жорий қилган ва бу АҚШ бундай ҳаракатлардан тийилиб турса давом этади. Афсуски, ҳозирча таклифимизга на АҚШдан, на унинг иттифоқчиларидан жавоб олмадик”, деган Путин.

Унинг сўзларига кўра, бу стратегик барқарорликка таъсир қилувчи барча омиллар бўйича чуқур мулоқот учун асос яратган бўларди.

Россия ташаббуслари тўғрисида

Президент Россия барча космик давлатларнинг космосга қурол жойлаштиришини тақиқлаш тўғрисидаги қонуний мажбурий битим тузиш ташаббуси билан чиққанини эслатди.

Бундан ташқари, Москва “Катта бешлик” давлатларининг (БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси – АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция) саммитини ўтказишни таклиф қилганди.

“Унинг мақсади халқаро майдонда ўзини тутишнинг асосий тамойилларини тасдиқлаш, замонамизнинг энг долзарб муаммоларини самарил ҳал этиш йўлларини тасдиқлашдир. Ҳамкорларимиз бу ташаббусни қўллаб-қувватлагани қувонарли. Эпидемиологик вазият имкон бериши билан бу саммитни ўтказамиз”, деган Путин.

РФ раҳбари ўз чиқишида дунё жамоатчилигини биргаликда ҳаракатланишга ва БМТ Низоми нормаларига суянишга чақирди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, Путин куни кеча Россияда қуролсозлар куни нишонланганда мамлакат дунёда тенги йўқ қуролларга эга эканини айтиб чиққанди. У бу борада рақобатчи давлатларни қувиб юрувчи ролидан воз кечганини, эндиликда бошқа давлатлар Россияга етиб олиши кераклигига шама қилган. Энди бўлса, БМТ бош минбаридан дунёни қуролсизланишга, ракеталарни жойлаштиришни тийилишга чақиряпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин БМТ

Баҳолаганлар

606

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг