Эрдўған пандемияга қарамасдан давлат раҳбарлари билан учрашувларни бошлади
Олам
−
04 Июнь 2020
7768Дунёда пандемия сабаб ўрнатилган кескин карантин чекловлари бир неча ойдан сўнг бирин-кетин бекор қилинаётган бир вақтда давлат раҳбарлари ўртасидаги жонли мулоқот ҳам тикланди.
Бугун, 4 июнь куни Ливия Миллий бирдамлик ҳукумати раҳбари Фаиз Саррож Туркияга келди. У Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда турк нашрлари хабар бермоқда.
Юзма-юз ўтаётган учрашувда асосий учта масала муҳокама қилинади. Учрашувда Ўртаер денгизининг шарқий қисмидаги вазият ва нефть қидириш ишлари, Халифа Ҳафтарнинг кучини йўқотаётгани ҳамда тинчлик ва ўт очишни тўхтатиш муддати борасида маслаҳатлашув ўтказилиб, қарорлар қабул қилиниши кутиляпти.
Аввалроқ, Ливияда турли томонларнинг ҳарбий кучлари тўпланаётгани ҳақида хабар берилганди. Хусусан, ҳудудда БМТ тан олган қонуний ҳукуматни қўллаб-қувватлаётган Туркия кучлари, унга қарши курашаётан Халифа Ҳафтарга ёрдам бераётган Россия кучлари шулар жумласидан. Энди эса буларга АҚШ ҳам қўшилиши мумкин. Америка минтақада ҳарбий куч тўплаётган Россияга қарши туриш учун Тунисга қўшин юбориши мумкинлигини айтиб ўтганди.
Маълумот учун, 2011 йилда Муаммар Қаззофи ўлдирилганидан кейин Ливия ягона давлат бўлмай қолди. Ҳозир ҳам мамлакатда қўшҳокимиятчилик мавжуд. Шарқда парламент бошқаруви, пойтахт Триполида БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошчилигидаги Миллий бирдамлик ҳукумати бошқарувни амалга оширади.
Мамлакат шарқидаги ҳокимият вакиллари Триполидан мустақил фаолият олиб боради ва Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар 2019 йил апрель ойидан бери Триполини эгаллашга ҳаракат қиляпти.