Трампнинг калласини келтирганга 80 миллион доллар ваъда қилинди
Олам
−
06 Январь 2020
41151АҚШ ва Эрон ўртасидаги вазият соат сайин кескин тус олиб бормоқда. Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг йўқ қилиниши бутун дунёни ларзага солди. Айни вақтда мамлакатлар ўртасида ўз-ўзидан тарафкашлик тус олмоқда.
Қаршилар эса бевосита АҚШни эмас, балки Дональд Трампни айбламоқда. Эрон давлат телевидениесига интервью берган Эроннинг юқори мартабали мулозимларидан бири АҚШ Президенти Дональд Трампни ўлдирган кишига 80 миллион АҚШ доллари пул ваъда қилди.
“Mirror” нашрининг қайд этишича, бугунги кунда Эронда 80 миллион аҳоли истиқомат қилади. Киши бошига 1 АҚШ долларидан жамғарилганда, Трампнинг калласи учун ваъда қилинган пулни йиғиш мумкин.
Эрон парламенти вакили Абулфазл Абоуторабининг қайд этишича, Эрон Оқ уйга ҳужум қилиш режасини тузмоқда. “Биз Америка сиёсатининг юрагига ҳужум қиламиз. Уларга Америка заминада жавоб қайтарамиз”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 январга ўтар кечаси Бағдодда Эроннинг ташқи сиёсатидаги муҳим фигура, Яқин Шарқдаги шиа гуруҳларини йўллантириб, 20 йилдан буён Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус бўлинмаси “Қудс”ни бошқарган генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Эрон кеча, 5 январь куни Сулаймоний билан видолашди.