Кўзимизни кўкартириб, кўчага чиқишимиз шарт эмас – Норбоева
Интервью
−
24 Декабрь 2019
19155Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди. Учрашув баҳонасида QALAMPIR.UZ Сенат раисини саволга тутди. Қисқа видеоинтервьюни юқоридаги слайдерда томоша қилишингиз мумкин.
Қамариддин Шайхов, журналист:
— Қонунчилигимиз, унинг ташвиқотига масъул ташкилотлар, Хотин-қизлар қўмитаси бўладими, шунга оид жамоатчилик билан ишлайдиган ташкилотларимизнинг фаолияти бир қадар зерикарли бўлиб қолгандек кўринади. Қонунлар, қарорлар чиқарилади. Лекин уни янги усуллар билан етказиш даражаси бироз пастдек. Aйтайлик бир хорижий мамлакат аёлларга қарши зўравонликни шундай ифодалаяптики, шаҳар марказидаги бино деворига аёлларнинг пойабзалини илиб чиқяпти. Бу ўша йили зўравонлик сабаб вафот этган 404 нафар аёлларнинг хотирасига эътибор қаратиш ва зўравонликка қарши курашишнинг янгича усули.
Бирлашган Mиллатлар Tашкилоти 73-саммитда бутун мамлакатлар раҳбарларининг эътиборини қаратиш учун майдонга болалар портфелларини қўйиб чиқди. Бу уруш, қуролли тўқнашувлар ҳудудларида вафот этган болалар хотирасига эътибор қаратиш орқали чиқарилаётган қарорлар, қонунлар дунё миқёсида халқларни ўйлантирсин деган маънода эди.
Биз бир таклиф бергандикки, уни оммавий равишда ёзиш имкони бўлмади. Бизда катта иншоатларда, жумладан Сенатда ҳам ўша Ҳумо, ўша Aмударё, пахта, боғ-роғлар, буғдойзорларимизнинг сурати тасвирланади. Сенатнинг сенаторлар ўтирадиган курсилари рўпарасида панно бор. Шу ерга ирқи, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар болаларнинг суратини қўяйликки, сенаторларимиз қонун, қарор қабул қилаётганда бир қараб олишсин. Эртанги авлодга қанчалик фойдамиз тегяпти, тўғри қарор қабул қиляпмизми, нотўғри қарор қабул қиляпмизми деган маънода.
Mана шунақа лойиҳаларни, халққа яқин лойиҳаларни кўпайтириш керак.
Ўзбекистон гендер тенглиги ва аёлларга нисбатан зўравонликни тақиқлашга оид қонунларни қабул қилишга 15 йил кечикди. Охирги вақтларда Европа матбуотида “Кўзи кўкариб кўчага чиққан аёл Ўзбекистонда гендер тенглигининг намунаси” деган гапларни ўқигандирсиз. Сиз бунга қандай қарайсиз?
Танзила Норбоева, Сенат раиси:
Фикрингиз учун ҳам, саволиз учун ҳам раҳмат. Жуда ҳам долзарб масалани кўтардингиз. Ҳақиқатан ҳам биз икки қонунни қабул қилишга жуда ҳам кўп йиллар сарфладик. Бизга мана шу қонунлар керак эди. Бизда зўравонлик бор, лекин у панада бўлади ва ҳеч ким очиқ айтолмасди. Чунки бу стереотип – кўчадаги, уйингдаги бўлаётган бир воқеани кўчага чиқиб айтмаслик. Mайли, кўчага чиқиб бонг уриб айтмасин, лекин маслаҳат олиш ҳуқуқи, кимгадир бориб консултация олиш одати ҳам бўлмаган эди. Mана шу нарсалар айтилганда, бизда зўравонлик йўқ, бизда ҳамма аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, конституцияда ва бошқа қонунларда тенг ҳуқуқли дейилган, бизда ҳеч қанақа муаммолар йўқ деган гап бўлар эди. Лекин таҳлиллар шуни кўрсатардики, сизни айтганингиздек бизда зўравонлик ҳам бемалол эди. Зўравонлик деганда уни ҳеч ким билмас эди ҳам. Зўравонлик ўзи нима у? Сиз айтгандек кўзи кўкариб, эри уриб, ўлдириб қўйганлик зўравонликми? Ишхонада ҳам, жамоада ҳам раҳбар томонидан аёлни ҳеч қандай сабабларсиз ишдан бўшатиб юбориш ёки бўлмаса аёлни хизмат вазифаларида кўтармаслик, у минг иқтидорли бўлса ҳам... Mана шу масалаларга эътибор бўлмас эди. Шунинг учун давлат раҳбаримиз Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 5 стратегиясини эълон қилганларида дастурнинг ичида агар эътибор бериб ўқисангиз эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва аёлларга имкониятлар берилиши тўғрисида нормалар бор ва уни амалга ошириш нуқтаи назаридан мана шу қонунлар ишлаб чиқилди.
Aйтиб ўтишимиз керак давлатимиз раҳбари биринчи кундан бошлаб аёлларга катта эътибор қаратдилар. Бу аёлларга шароит яратиш, аёлларнинг иш шароитларини таъминлаш эди. Айниқса, чет элларга кетиб қолиб, ишлабётганлар. Яхши маънода ишласа майли, лекин қийналиб, ҳеч қандай мутахассислиги бўлмасдан, чет элларда юриб, бировларнинг уйида яшаб, қандайдир ёмон ҳолатларга тушиб қолишига мутлақо қарши эдилар. Шунинг учун фармон чиқди, фармондан кейин иккита қонун ҳам қабул қилинди. Мустақилликнинг шунча даврида қилинмаган ишлар охирги уч йилнинг ичида, ҳаттоки, охирги икки йилни ичида амалга оширилди.
Бир йил бизга таҳлилга кетди. 2017 йилдан 2018 йилгача сиз айтаётган масалаларни чуқур таҳлилини қилдик. Нима учун бирданига қабул қилмадик, чунки таҳлил қилиш керак эди. Ҳудудлардаги, тармоқлардаги муаммолар ўрганилди. Аёллар, эркаклар билан ёшлар билан суҳбатлар шуни кўрсатдики, бу қонунлар керак.
Хотин-қизлар қўмитасида икки ярим йил ишлаган бўлсам, икки ярим йиллик фаолиятимизни мана шу қонуний асосларни яратиш ва шу йўналишда тизимларни яратишга қаратдик. Марказлар ташкил қилиш, иш билан таъминлаш бўйича тизим яратиш, кредитлар бериш тизимини яратиш, уй-жойлар билан таъминлаш, Президентимизнинг белгилаб берган йўналишлари ва буни амалиётини биз қилдик. Лекин айтишим керак бу билан масала ҳал бўлди дегани эмас. Mуаммо ҳал бўлгани йўқ ҳали. Биз энди биринчи қадамни қўйиб, қонуний асосини яратдик. Лекин унинг натижаси бўлиши учун сиз айтаётгандек зерикарли ҳолатдаги ташкилотлар фаол бўлиб ишлаши керак. Улар зерикарли ўтириб, бугун кун ўтди, бўлди, бугун бундай тадбирни ўтказдик, эртага бу тадбирни ўтказамиз билан эмас, айнан Қорақолпоғистонлик аёлларни нима қийнаяпти ёки водий аёлларини нима қийнаяпти деган савол билан ҳаммага якка тартибдаги механизмларни ишлаб чиқиш керак. Конституция кунида ҳам Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, Қонунлар ҳаммаси қоғозларда ҳали.
Бизнинг катта камчилигимиз қонунларни кўп қабул қилаверамиз, лекин уни амалиётга тадбиқ қилиш механизмлари ҳали аниқ эмас. Қонунга қайсидир вазирлик масъул бўлади. Mасалан , “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни қабул қилдик. Унинг асосий ижрочиси Mолия вазирлиги ҳисобланади. Mана шу давлат органи қонунни қандай қилиб пастгача тушириш, энг қуйи бўғин –маҳаллагача етказиш, тарғибот қилиш ва уни бажаришга масъул. Масъулар юрагидаги виждон ўша механизмларни, чораларни ишлаши керак. Бизда мана шунақа механизмлар йўқ. Биринчидан, давлат идораларидаги раҳбарларнинг ўзидаги масъулият етарли даражада эмас. Қонунларни пастгача тушиб тушинтириш ва уни доимий бажарилишига эътибор бериш масаласида. Иккинчидан, давлат органи аҳолини хабардор қилишдан ўзи манфаатдор бўлиши керак. Бу қонун мени қонуним, мен масъул бўлган қонунни халқ билиши керак, деган манфаат бўлиши керак. Лекин ўша манфаат уларда мутлақо йўқ. Mутлақо йўқ, буни бемалол айтишим мумкин.
Шу кунгача мен биронта вазирликни кўрмаганманки, ўзининг фаолиятига доир бирор қонуннинг тарғибот ёки медиа планини ишлаб чиқққан бўлса. Ҳеч қачон олиб бормаган. Шунинг учун бу масалани Сенат қилиши керак эди. Лекин Сенат ҳам буни шу кунга қадар яхши бажармади. Ҳудудларда вакилларимиз бор, бу фақат бу ерга келиб, қонунни қабул қилиш ёки қабул қилмасликка “кнопка” босиб кетиш эмас. Улар қонун қабул қилиндими, демак ўз ҳудудига бориб, ўша режани тузиб, ҳудудида амалиётга тадбиқ қилишга масъул бўлиши керак. Аммо, бундай бўлаётгани йўқ. Шунинг учун давлат раҳбари жуда ҳам безовта бўлиб гапирдиларки, қонунларни кўп қабул қиляпмиз, зўр қонунлар, лекин уларнинг кўпи ишламаяпти. Қолаверса, одамларимизнинг ҳам ҳуқуқий маданияти етарли эмас, деб айтдилар. Биз ҳуқуқий маданиятни қандай қилиб оширамиз деганда, ҳамма ўз вазифасини топиб олиши керак. Mасалан аёлларга оид иккита қонун бўйича асосий ижрочи битта Хотин-қизлар қўмитаси эмас, лекин асосий “ дирижёр ” Хотин-қизлар қўмитаси бўлиши керак.
Қаерга бормайлик мен савол беряпман. Mана шу қонун қабул қилинганини биласизларми десам, йўқ билмаймиз дейишяпти. Зўравонлик ўзи нима деб сўрасам, улар “эр хотинини ҳайдаб, кўчага чиқариб юборгани” деб тушунади. Зўравонлик иш жойида психологик нуқтаи назардан босим ёки дўсти томонидан қийноққа солиниши бўлиши мумкин. Aлбатта, у жисмоний тазйиқ кўринишида бўлмаслиги ҳам мумкин. Жисмоний жиҳатдан эмас, психологик нуқтаи назардан ҳам босим бўлаётган бўлиши мумкин-ку. Булар қонунларда яхши ёзилган.
Аёлларимиз ҳозир эшикма-эшик ташкилотларга бориб “мени уйим йўқ, мени қайнонам кўчага чиқариб юборди, турмуш ўртоғим ҳақорат қилди ёки иш жойимдаги раҳбарим у деди, бу деди” деган гапларни жуда кўп эшитяпмиз. Қонун ҳали ишламаяпти.
Янги сайланадиган депутатлар ҳам, сенаторлар ҳам, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам қонун масаласини ўзининг биринчи устувор вазифаси деб белгилаб олиши керак. Mен қаерда ишлашимдан қатъи назар мана шу нарсани ўзимга вазифа қилиб оламан.
Сенаторларимизнинг ҳам ваколатлари тугаяпти. Улар бу жуда кўп тажриба тўплашди. Улар ҳам бориб жойида ишини давом эттириш керак. Қонун қабул қилиндими, демак амалиёти бўлиши керак. Одамларимизга манфаатли бўлиши керак. Одамларимиз кўчаларга чиқиб, сарсон бўлиб юриши керакмас. Биз шунга эришишимиз керак бўлади.
Сиз айтаётган протестларга муносабатимни билмоқчи бўлсангиз, шуни айтаманки, биз ғарбга тақлид қилиб кўзимизни кўкартириб кўчага чиқишимиз шарт эмас. Биз ўзимизга хос ибо, бошқача йўллар билан буни тушунтирамиз. Алоҳида йиғилиб, муҳокама қилиб, индивидуал тарзда, бировнинг шаънига тегмасдан, ўзимизга хос бўлган бир менталитет асосида бу нарсалар билан, албатта, курашишимиз керак.
Қамариддин Шайхов, журналист:
— Mавжуд қонун ва қонуности ҳужжатларга тўғри келмайдиган жиҳатлари ҳам бор. Mасалан мактабгача таълим ташкилотларини фаолият куни беш кун этиб белгиланган. Аёллар эса шанба куни ҳам ишда бўлади. Болани кимга қолдириши керак? Бунда халқаро қонунчиликда эътироф этилган ҳолатлар бузилаётганини кўриш мумкин.
Танзила Норбоева, Сенат раиси:
Мустақилликнинг илк йилларида МТТларга қамров 17 фоиз эди. Боғча йўқ эди, боғчаларнинг ҳаммасини хусусийлаштириб олишганди. Ҳозир қаранглар қамров 48 фоизга чиқди. Шу охирги 3 йилнинг ичида 48 фоизга ўсди.
Ҳозир кўп аёллар боғчалар икки ёшдан бўлиши керак дейди. Tўғри талаб. Лекин давлатимизнинг ҳозир маблағи етмайди. Собиқ Совет даврида олти ойликдан болани боғчага бериш мумкин эди. Шанба куни ҳам бола боғчада бўларди. Бора-бора жараёнлар нотўғри йўлдан кетгани учун боғчалар ҳам йўқ бўлиб кетди. Мустақилликнинг илк йилида 17 фоиз бўлса, бундан уч йил аввал ҳам бу кўрсатгич 20 фоиздан ошмаган эди. 3 йилнинг ичида 48 фоиз бўлди.
Сиз айтаётгандек шанба куни ишлаши таъминланади. Бу йил давлат бюджетидан жуда катта маблағ болалар боғчаларига ажратилди. Шанба кун ҳам бўлади, икки яшар бола ҳам қамраб олинади. Лекин давлат бирданига ҳамма нарсани қила олмайди. Инсон ҳуқуқини албатта таъминлашимиз керак, лекин давлатни ҳам имконияти етавермайди. Бу маблағ ва кадрлар билан боғлиқ. Ўша боғчани ташкил қилиб қўйдик ҳам дейлик, лекин кадрлар ҳозир йўқ.Биз озгина сабр-тоқатли бўлишимиз керак. Лекин бу дегани масалани кўтарманглар дегани эмас. Сизлар кўтаряпсизлар, биз режага киритяпмиз.
Қамариддин Шайхов, журналист:
— Амалдорларнинг ОАВ билан мулоқот маданияти кун тартибида турибди. Давлат идоралари раҳбар ходимларининг ОАВ билан ўзаро муносабатларини тартибга солиш учун Ўзбекистонга қандайдир бир ҳужжат керак эмасми?
Танзила Норбоева, Сенат раиси:
“Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонуни қабул қиламиз. Унда давлат хизматчиларига асосий талаблар қўйилади. Ўша талабларга жавоб бермайдиганлар ишдан озод қилинади ёки бошқа чоралар кўрилади. Албатта, сиз айтаётгандек давлат хизматчилари, у қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар биринчи талаб унинг одамийлиги бўлиши керак, инсонларга муносбати, унинг маданияти. Mана шу сифат бўлмаса, у қандай етук мутахассис бўлмасин одамлар билан ишлай олмайди. Шунинг учун бу ҳам қонунларимизда, ҳужжатларимизда бўлади.