Энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади
Жамият
−
22 Ноябрь 2019
4667Кейинги йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилади. Энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борган.
Давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни қўллаб-қувватлайди. Ипотека кредитлари бериш учун ресурслар миқдори банклар ва ҳудудлар бўйича чекланмайди.
Бу тизим таклиф сифатида жойларда муҳокама қилинганда, барча қурувчи-тадбиркорлар уни ижобий қабул қилган. Аҳолининг кредит олиш имконияти кенгайтирилса, нархи ҳозиргиларидан баланд бўлмаган, лекин сифати яхши уйлар қура олишини билдирган.
Аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш мақсадида охирги уч йилда 104 мингта, жумладан, қишлоқларда 63 мингта ва шаҳарларда 41 мингта хонадонга мўлжалланган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Шунга қарамай, бу ўсиб бораётган аҳолининг талабини тўлиқ қондириш учун етмаяпти. Буни жорий йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига уй-жой масалалари билан боғлиқ 36 мингдан зиёд мурожаат бўлганидан англаш мумкин.
Кўпчилик уйининг сифати талабга жавоб бермаслигидан норози. Қишлоқларда қурилган айрим мавзелар муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланмаган. Баъзи уйлар сотилмай қолган, баъзиларининг эса кредити тўланиши муаммоли.
Бу каби камчиликларнинг сабаби шундаки, арзон уйларнинг барқарор молиявий манбаси мавжуд эмас ва асосан бюджет маблағларига боғланиб қолган. Тизимда рақобат тўла шаклланмаган ва хусусий сектор иштироки етарли эмас.
Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак. Бунинг учун йилига қарийб 30 триллион сўм маблағ зарур бўлади.