Мирзиёев Жээнбеков билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди
Жамият
−
09 Август 2019
13584Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август кунининг охирида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар.
Маълумки, Қирғизистонда мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан таъқиб кун сайин кескин тус олмоқда. Атамбоев тарафдорлари бир тараф, Ҳукумат бир тараф.
Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди.
Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳамда Чегарада ишонч чоралари тўғрисидаги шартномага мувофиқ унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Суҳбат якунида давлат раҳбарлари кенг кўламли ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқладилар.
Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнь куни собиқ иқтидор Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборди.
Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин.
Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёрлигини айтди.
22 июль куни Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келганди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлди.
Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган.
8 август куни Атамбоев ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига таслим бўлди.
LiveБарчаси