Курс UZS

USD

12 909.80

7.8

EUR

13 415.86

-12.54

RUB

129.09

1.49

Эрон Президенти ҳалок бўлди

Таҳлил

Озарбайжондан Эронга вертолётда қайтаётган Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва Табриз имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ва экипаж аъзолари вафот этди.

Гап шундаки, Раисий 19 май куни эрталаб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан бирга икки давлат томонидан Аракс дарёсида қурилган учинчи тўғоннинг очилиш маросимида қатнашган.

Маросимда қатнашиб, ортга қайтаётганда Иброҳим Раисий бўлган вертолёт “қийин қўнишни” амалга ошириши оқибатида ҳалокатга учраган. 

Дастлаб маҳаллий ОАВ Иброҳим Раисийнинг ҳалокатга учраган вертолёти 2 соат ўтиб ҳам топилмаганини эълон қилди. Хабарларга кўра, вертолёт қулаган жойни топишга бир неча соат вақт кетган. Шарқий Озарбайжон вилояти армияси қўмондонлиги воқеа жойидан экипаж аъзоларидан бирининг мобил телефонидан сигнал келиб тушганини маълум қилиб, ҳодиса Эрон пойтахти Теҳрондан 600 километр шимоли-ғарбда, Озарбайжон билан чегарада жойлашган Жўлфа шаҳри яқинида содир бўлганини айтди. 

Орадан вақт ўтиб, IRNA нашри вертолёт Варзеган умумий ҳудудида ҳалокатга учрагани ва воқеа жойига Шарқий Озарбайжон, Ардабил ва Занжон вилоятларининг тезкор жавоб гуруҳлари етиб борганини маълум қилди. Шунингдек, Ироқ 20 кишидан иборат 4 қутқарув гуруҳи, Туркия 32 нафар қутқарувчи ва 6 та махсус техника, Россия 2 та вертолёт ва 50 нафар қутқарувчини Эрон Президенти Иброҳим Раисийни қидиришга ёрдам бериш учун юборган. 

Тармоқларда эронликлар Президент, Ташқи ишлар вазири ва уларга ҳамроҳ бўлган бошқа расмийларнинг соғлиғини сўраб ибодат қилгани акс этган видеолар эълон қилинди. Шунингдек, Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий фавқулодда вазиятдан кейинги биринчи баёнотини бериб, Эрон халқи хавотир олмаслигини айтиб, мамлакат ҳукумати фаолиятида ҳеч қандай тўхталишлар бўлмаслигини билдирди. 

“Аллоҳ муҳтарам Президентимиз Раисий ва унинг сафдошларини Эрон халқи бағрига соғ-омон қайтаришига умид қилайлик”, дея маълум қилди Хоманаий.

Бу орада вертолёт ҳалокатга учрашидан бир соат олдин бортда олинган кадрлар эълон қилинди. Маълумотларга кўра, видео Раисий Илҳом Алиев билан ўтказилган учрашувдан Теҳронга қайтаётган вақтда олинган.  

Эрон Президентини кузатиб, нохуш хабарни олган Илҳом Алиев зудлик билан муносабат билдирди. Озарбайжон Президенти Эронга қўшни, дўст ва қардош давлат сифатида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилган. 

“Бугун Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан учрашганимиздан сўнг, олий делегацияни олиб кетаётган вертолётнинг Эронга фавқулодда қўнганлиги ҳақидаги хабар бизни жиддий хавотирга солди. Буюк Аллоҳдан Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳ бўлган делегацияни дуо қилиб қоламиз. Озарбайжон Республикаси қўшни, дўст ва қардош давлат сифатида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр”, деб ёзди Илҳом Алиев.

Дастлаб Эрон томони Президент Раисийнинг аҳволи яхши эканини билдирганди. Бироқ бугун, 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд Иброҳим Раисий вертолётининг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганини маълум қилди. 

“Ҳалокатга учраган вертолётнинг жойлашуви аниқлангач, вертолёт йўловчиларининг тириклик белгилари топилмади", дейди у IRIB телеканали эфирида.

Иброҳим Раисий ва ҳукумат вакилларининг вафот этгани расман эълон қилинганидан кейин, Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлади.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Эрон Конституциясининг 131-моддасига кўра, Президент вафот этган тақдирда унинг ваколатлари биринчи вице-президентга ўтади. 2021 йилдан буён бу лавозимни Муҳаммад Мохбер эгаллаб келади. Президентлик ваколатлари унга кейинги икки ой давомида ўтади. Янги президентлик сайловлари 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклиги белгиланган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Иброҳим Раисий 2021 йилда бўлиб ўтган президент сайловида ғалабага эришиб, 3 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга ҳамдардлик билдирди. 

Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланган. 

Шавкат Мирзиёев Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

Шу ўринда, Ўзбекистон ва Эрон муносабатларига тўхталсак.

Ўзбекистон Эрон муносабатларида Президент Иброҳим Раисийнинг ўрни ва аҳамияти катта эди. Икки мамлакат яқинлашуви Раисийнинг ҳукумати даврига тўғри келди. Бу даврда икки мамлакат раҳбарлари расмий давлат ташрифларини амалга ошириш билан бирга халқаро ташкилотлар доирасида учрашувлар ҳам ўтказган.  

Эрон Президенти охирги марта 2023 йилнинг 9 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити доирасида пойтахт Тошкентга рафиқаси билан келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Иброҳим Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг