Ҳам саёҳат, ҳам сиёсат. 2023 йилда Мирзиёевнинг самолёти қаерларга учди?
Таҳлил
−
30 Декабрь 2023
11867Саёҳат қилишни яхши кўрмаган одам бўлмаса керак. Қани энди, чиптани шартта олсам-у, дунё кезсам деб қўяман ўзимга ўзим. Саёҳат қилиш яхшида. Дунё кўрасан, одамлар билан танишасан. Шунчаки маза қилиб айланасан. Лекин йил бўйи у давлатдан бу давлатга борадиганларни ҳаммаси ҳам саёҳат қилмайди. Улар давлат ташрифи билан сафарга чиқишади. Масалан президентлар.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йили хорижий сафарларга бой бўлди. Лекин бу исталганидек саёҳат қилиш имкони пайдо бўлди, дегани эмас. Сафарда аниқ мақсад ва белгиланган кун тартибига амал қилинади. Ташрифлар давомида икки мамлакат ўртасидаги муҳим масалалар кўриб чиқилади. Яхшиси келинг, тугаб бораётган 2023 йилда Шавкат Мирзиёев қанча йўл юрганини ҳисоблаб чиқамиз.
2023 йил – январь
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилдаги илк давлат ташрифи 17-18 январь кунлари Сингапурга бўлган эди. У ерда олий даражадаги тадбирлар – мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сян Лун билан музокаралар ўтказилган. Шундай қилиб, давлат раҳбари янги йилдаги илк ташрифи доирасида Тошкентдан Сингапурга бориб 5629 км йўл юрган.
Кейинги сафар Бишкекка. 26-27 январь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига рафиқаси, Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан борган Ўзбекистон раҳбари Тошкентдан Бишкекка бориб, 477 км йўл юрган.
2023 йил – февраль
Шавкат Мирзиёевнинг февраль ойидаги илк расмий ташрифи 20-21 февраль кунларига тўғри келади. У айнан шу саналарда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан Қоҳирага борган. Ташриф давомида Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. Тошкент-Қоҳира йўналиши бўйлаб учган Шавкат Мирзиёев 3620 км йўл босган.
2023 йил – март
Март ойидаги илк сафар Озарбайжонга бўлган. Президент Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 1 март куни пойтахт Бакуга борган Мирзиёев 1626 км йўл юрган.
Озарбайжондан келиб, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан Чимкент шаҳрига борган Ўзбекистон раҳбари Тошкент-Чимкент йўналишида парвоз қилиб 119 км йўл юрган.
Март ойининг сўнгги ташрифи 15 март куни Туркиянинг Анқара шаҳрига бўлган. Анқарада Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказган Шавкат Мирзиёев Тошкент-Анқара йўналишида парвоз қилиб 3051 км йўл юрган.
2023 йил – май
Май ойидаги илк сафар 2-4 май кунлари Германия Федерал Президенти Франк-Валтер Штайнмаернинг таклифига биноан пойтахт Берлинга бўлди. Бу сафарга Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан бирга борган Мирзиёев 4303 км йўл юрган.
Ўзбекистон раҳбарининг май ойидаги сафарлари шу билан тугамади. У амалий ташриф билан 8-9 май кунлари Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун Россия Федерациясига борди. Тошкент Россия орасидаги масофа эса 2958 кмни ташкил этади.
Ўзбекистон Президентининг май ойидаги сўнгги ташрифи 18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикасига бўлди. Хитойга давлат ташрифи билан борган Мирзиёевга рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. У ерда Президент “Марказий Осиё — Хитой” форматидаги саммитда иштирок этган ва 3182 км йўл босган.
2023 йил – июнь
Ўзбекистон раҳбарининг июнь ойидаги илк сафари Қирғизистоннинг туристик шаҳарларидан бири бўлган Чўлпонотага бўлди. 2 июнь куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Чўлпонота шаҳрига борган давлат раҳбари 780 км йўл юрган.
Туркия Президентининг инаугурация маросимида иштирок этиш учун 3 июнь куни Туркиянинг Анқара шаҳрига борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3051 кмни босиб ўтган.
Июнь ойидаги кейинги ташриф 7 июнь куни Италияга бўлган. Расмий ташриф билан Италияга борган Шавкат Мирзиёев Республиканинг Рим ва Милан шаҳарларида бўлган. Тошкент-Рим оралиғи 4630 кмни ташкил этади. Рим-Милан орасидаги масофа эса 447 км.
Июнь ойининг сўнгги сафари Теҳронга бўлган. Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан 18 июнь куни Теҳронга борган Шавкат Мирзиёев, мамлакатда Президент Иброҳим Раисий ва Олий диний раҳбар Оятуллоҳ Сайид Али Ҳоманаий билан учрашувлар ўтказган. Тошкент-Теҳрон оралиғидаги масофа эса 1664 кмни ташкил этади.
2023 йил – июль
Шавкат Мирзиёевнинг ёз фаслининг иккинчи ойидаги илк сафари 18 июлдан бошланди. Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан ушбу мамлакатга борган Ўзбекистон раҳбари, ташриф дастурига мувофиқ, Жидда шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиб нутқ сўзлаган.
Саудия Арабистонида бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни муқаддас Макка шаҳрига бориб, Умра амалларини ҳам бажарган. Тошкент-Жидда 3564 км. Жидда-Макка эса 66 кмни ташкил этади.
2023 йил – август
2023 йил август ойининг илк амалий ташрифи 4 август куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига бўлди. Мирзиёев Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашувида иштирок этиш учун мамлакатга борган. Ўзбекистон раҳбари Тошкент-Ашхобод йўналишида парвоз қилиб 997 км йўл босган.
Август ойининг 19-20 саналарида Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида борган Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгрия Бош вазири билан музокара ўтказди, Венгриянинг давлат байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда иштирок этиб, қайтди. Тошкент-Будапешт орасидаги масофа эса 3976 кмни ташкил қилади.
Август ойининг энг сўнгги манзили Озарбайжоннинг Баку шаҳри. 22-23 август кунлари Президент Илҳом Алиевнинг таклифига биноан мамлакатга рафиқаси билан борган Шавкат Мирзиёев нафақат Баку балки, Фузулий ва Шуша шаҳарларини ҳам зиёрат қилган. Тошкент-Баку орасидаги масофа 1625, Баку-Фузулий 235, Фузулий-Шуша 54 кмни ташкил этади.
2023 йил – сентябрь
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сентябрь ойидаги илк сафари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига бўлди. 14 сентябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Мирзиёев Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган. Тошкент-Душанбе орасидаги масофа эса 305 кмни ташкил этади.
Кейинги сафар Нью-Йоркка. Мирзиёев 17-20 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига борган.
Йилнинг бош халқаро сиёсий тадбири доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчилари саммити, хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказган, БМТда нутқ сўзлаган Ўзбекистон етакчиси бу тадбирлар учун 10 170 км йўл босган.
28-30 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Германия Федерал Канцлери Олаф Шолснинг таклифига биноан Берлин шаҳрига борган Шавкат Мирзиёев Федерал Канцлер Олаф Шолс ва Федерал Президент Франк-Валтер Штайнмаер билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Шунингдек, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувларида ҳам қатнашган. Сентябрь ойидаги сафар шу билан ўз якунига етган. Тошкент-Берлин ўртасидаги масофа 4303 кмни ташкил этади.
2023 йил – октябрь
Мирзиёевнинг октябрдаги илк сафари 1-2 октябрь кунлари Қатарга бўлди. Мамлакатда музокаралар ўтказган етакчилар Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган. Тошкент-Қатар орасидаги масофа 2410 км.
Шавкат Мирзиёев йил ҳисобидан иккинчи маротаба Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Москва шаҳрига борган. Ташриф давомида энг аввало, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган ва бу сафар учун Ўзбекистон раҳбари 2792 км йўл юрган.
Октябрь ойининг галдаги сафари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 13 октябрь куни амалий ташриф билан Бишкекка борган ва 477 км йўл юрган. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевга дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти – МДҲ Фахрий нишони топширилган.
Октябрь ойидаги ташрифлар шу билан тугамади. Президент Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 17-18 октябрь кунлари “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Пекин шаҳрига борган.
У ерда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш дастурларини илгари суриш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган. Ўзбекистон раҳбари Тошкентдан Пекин шаҳрига бориш учун 3939 км йўл юрган.
2023 йил – ноябрь
Ноябр ойининг илк сафари Туркий Давлатлар Ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрига бўлган. 2-3 ноябрь кунлари бўлиб ўтган саммитда ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шавкат Мирзиёев Тошкентдан Остонага бориш учун 1115 км йўл юрган.
23-24 ноябрь кунларидаги амалий ташриф Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Баку шаҳрига бўлди. Шавкат Мирзиёев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этиш учун 1625 км йўл босган.
2023 йил – декабрь
2023 йилнинг сўнгги ойидаги илк сафар Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 1 декабрь куни Дубай шаҳри бўлди. БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (CОП28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этиш учун мамлакатга борган Мирзиёев 2219 км йўл босган.
Давлат раҳбарининг 2023 йилдаги энг сўнги сафари 25 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрига бўлди. 3363 км йўл босиб Амалий ташриф билан мамлакатга борган Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун борган.
Тадбир доирасида Ҳамдўстлик мамлакатлари етакчилари йилнинг асосий якунларини сарҳисоб қилди ҳамда МДҲ маконида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.
Йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди, деганларидек, Ўзбекистон раҳбари 2023 йилда жами 28 та ташрифни амалга ошириб, 78 772 км йўл юрган. Борди-келдини ҳисоблаганда бу рақамлар 157 минг кмдан ортади.
Хўш, сиз-чи? Сиз бу йилда қаерларга бордингиз, нималарни кўрдингиз ва неча километр йўл босдингиз? Агар 2023 йилда умуман сафарга чиқмаганлар бўлса, сиз ҳам хафа бўлманг. Ишонинг, 2024 йил сиз учун саёҳат йили бўлади.