Тошкентликлар қутулдими, тутилдими?

Таҳлил

2018 йилдан буён Президентга берган ваъдасини бажармай келаётган “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбари Шавкат Умурзоқов 23 март куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.

Шавкат Бўронович Умурзоқов 1979 йилда туғилган. 2013-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш департаментини бошқарган.

У Президентнинг юксак ишончи билан 2018 йилда “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбари этиб тайинланган.

Ҳозиргача Умурзоқов “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган. “Содиқ хизматлари учун” мукофотланган Умурзоқовни халқ “монополия қироли” деб атайди. У Президент Шавкат Мирзиёевдан бир эмас, бир нечта топшириқ олиб кўпини бажармаган, ҳозиргача автомобиль монополияси сақланиб қолишига миқ этмаётган “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбари берилган ваъдага мувофиқ турнақатор навбатларни ҳам йўқ қилолмади.

Одамлар у Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлангани ҳақидаги хабарларни эшитибоқ ўз фикрларни изоҳлар орқали билдирди.

Кимдир “машиналар арзон бўлади” деса, кимлардир “олға коррупция”, деб ёзди. Уларнинг орасида “Тошкентни бой бердик”, деганлар ҳам топилди. Шунингдек, “ҳоким билан учрашиш учун 9 ой навбат кутиш керак бўлади”, деб кесатганлар ҳам йўқ эмас.

Тармоқ фойдаланувчиларидан бири ҳаммаси сценарий эканини айтиб, шундай дейди:

“Сценарийни тепадагилар ёзади. Булар эса келиб-кетувчи. Ўз ролларини ўйнашади, холос. Кўрувчи эса халқ. Саҳна ортидаги ҳолат фақат қўғирчоқларга ва эгаларига аён. Қандайдир хатоликлар бўлса, халққа шунчаки қўғирчоқлар эскирганини кўрсатади, ёш болани “болам бундан зўрини олиб бераман”, деб алдашади-ку. Хуллас, журналистларга сабр ва яна сабр! Ўзингизни асранг”.

Доимгидек кескин фикрларни собиқ депутат табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев билдирди. У Умурзоқов Президентга берган ваъдасини бажармаганини эслатиб, ўз фиркларини бошлаган.

“Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзавтосаноат” раҳбари ва бошқа масъулларга ўтган йилнинг 1 май санасига қадар автомобиль харидидаги навбатларни тугатиш топшириғини берганди. Давлат раҳбарининг ушбу топшириғини масъуллар шу кунга қадар бажаришмаган.

Қизиғи шундаки, ёзишларича, Президент топшириғини бажармаган "Ўзавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқовга Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилиш топширилибди”, деган собиқ депутат.

Инсон ҳуқуқлари фаоли “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса ҳукумат Ўзбекистоннинг энг оғриқли нуқталаридан бўлган автосаноатни бошқаролмаётган одамни шаҳар ҳокими лавозимига тайинлаш жамоатчиликка қарши бориш деб атади.

“Ўзбекистонда раҳбар салоҳияти, уни жамоатчилик ўртасидаги образ деган шкалалар йўқ. Кейинги пайтларда жамоатчилик норози бўлса ҳам ҳукуматга яқин одамларни лавозимга тайинлаш тенденцияси шаклланмоқда. Шавкат Умурзоқов ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Ўзбекистоннинг энг оғриқли нуқталаридан бўлган автосаноатни бошқаролмаётган, жамоатчилик кескин норози бўлган одамни Тошкент шаҳри ҳокимидек стратегик лавозимга қўйиш, жамоатчиликка қарши бориш, деб ўйлайман. Ҳукумат нимани ўйлагани менга қоронғи. Менимча, Умурзоқовни лавозимга тайинлашда “бизга содиқлиги, хиёнат қилмаслиги керак”, деган фикрлар бор. Бу одам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан чиққан. Билмадим, ҳозир жуда тушунарсиз “ход” бўлди”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Кеча Умурзоқов лавозимга тайинланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Мукаррам Азимова билан боғландик.

У тайинлов ҳақида ҳеч бир маълумотга эга эмаслигини маълум қилиб, яқин орада ҳокимликда мажлис бўлиб ўтиши, аммо мажлисда қандай масала кўрилиши ҳақида хабари йўқлигини айтди.

Мажлисда иштирок этган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов таништирилгани ва унинг режалари ҳақида гапирди.

“Кеча бўлиб ўтган мажлисда қатнашдим. Эътиборимни Шавкат Умурзоқовнинг ёш бўлишига қарамай, катта лавозимларда ишлагани тортди. У ҳақда жуда илиқ фикрлар билдирилди. Биринчи танишувдаги фикрларим ҳам жуда ижобий. Аниқ фикри бор йигит. Биринчи ишни инсон қадри учун хизмат қилиш ва маҳаллаларни айланиб, одамлар муаммоларини ўрганишдан бошлашини маълум қилди. Ўзгаришлар масаласида фақат ҳоким эмас, биз депутатларга ҳам катта масъулият тушади. Ҳаммамиз бир бўлиб ҳаракат қилишимиз керак”, дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Нигора Эшметова.

“QALAMPIR.UZ” билан суҳбатда бўлган, исм-шарифи ошкор қилинмаслиги шарти билан ўз фикрларини билдирган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Пойтахтга ҳоким тайинланганини айнан QALAMPIR.UZ’дан ўқиганини маълум қилди.

“Тўғрисини айтсам “Ўзавтосаноат” раҳбари Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимга тайинлангани ҳақида QALAMPIR.UZ орқали хабар топдим.

Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, Умурзоқовнинг ёшлиги мени қувонтирди. Қолаверса, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиддий лавозимда фаолият олиб борган. Мен буни ҳам “плюс” деб қабул қиламан. Умурзоқов лавозимга тайинланганига кўпчилик “GM'ни бошқариб ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади” деди. Мен шу тизимдан чиққан одам ҳоким бўлмаганига қувондим. Сабаби шу одам раҳбар бўлса, эски хатоларни такрорлайди. Бошқа тизим одами эса ташқаридан муаммоларни ўрганади. Балки ўзгартириш киритар”, дейди депутат.

Тошкент шаҳар Кенгашининг бошқа бир депутати ҳам исм-шарифи эьлон қилинишини истамади. У ҳам мажлисда қатнашгани ва Шавкат Умурзоқов таништирилганини маълум қилди.

“Ёпиқ мажлисда ҳоким таништирилди. У одамни эскидан танийман. Ўзгача назар билан ишлай олади деб ўйлайман”, дейди депутат.

Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Президент томонидан “оёғи ердан узилган” деган тамға билан ишдан кетди. У кетиб шаҳар обод бўлди, ёмғир туфайли Тошкентни сув босмади ёки “свет”, газ масаласи ҳал бўлди деб айтолмаймиз.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳам яхши, ҳам ёмон хотира билан эслайдиганлар талай, албатта. Ҳокимларни халқ сайламаган тақдирда ҳам тайинланган ҳоким бирор ўзгариш қилишидан умид узмайди одамлар. Муҳими ўзгаришлар халқ фойдасига, халқ манфаатига хизмат қилишида. Нима бўлганда ҳам “пост”га янги ҳоким келиб бўлди ва унга эски ҳокимбувадан шаҳарнинг йўл, газ, “свет”, дренаж, хуллас, кўплаб муаммолари мерос бўлиб қолди. Асосий муаммолардан бири эса ҳокимликнинг журналистларга нисбатан ёпиқлиги.

Шавкат Умурзоқов Президентга берган ваъдасини бажармади, бироқ Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини қанчалик уддалайди буни биргаликда кузатамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзавтосаноат Тошкент шаҳар ҳокими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг