Вазир Ҳилола Умарова билан илк интервью

Интервью

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Уктамовна Умарова 2022 йилнинг сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тайинланди. Вазирлар орасида ягона аёл бўлган Умарова янги ўқув йили бошланибоқ, танқидлар остида қолди. Умумтаълим мактабларида III чоракнинг ўз вақтида бошланмаслиги ортидан барча танқид тошлари янги вазирга отилди. Хўш, илк танқидларни Ҳилола Умарова қандай қабул қилди?

“Танқидларни тўғри қабул қилдим. Албатта, ўзига яраша ҳаяжон бўлди. Чунки фарзандларимизни билими, таълими биз учун жуда муҳим. Ҳар бир мактабда болажонларни хавфсизлиги, устозларни ўз устида ишлашлари, шунингдек, таълим жараёнидаги дастурларни босқичма-босқич, назария билан амалиётни қўллаш борасида иш олиб борамиз.

Президент мактабларини ташкил қилингани ҳам бежиз эмас. Энди Президент мактаблари ихтисослашган мактаблар муҳити асосида иш олиб борилади. Ҳар бир ташкилотнинг раҳбарига жуда кўп нарса боғлиқ. Агар мактаб директорлари адолатли, шаффоф ва ҳалол бўлса, биринчи навбатда жамоани қўллаб-қувватласа, тартибга чақирса ва мотивация бера олса, тизимни биргаликда ўзгартирамиз. Биргина вазирликни ўзи ҳеч нарса қилолмайди. ота-оналар, устозлар, жамоат ва албатта маҳаллалар билан бирга бирлашамиз ва олдимизга қўйилган марраларни эгаллаймиз”, дейди янги вазир Ҳилола Умарова.

Халқ таълими тизими нафақат йил бошида, балки доим танқид қилинади. Ўқитувчиларнинг маоши бир неча йилдан буён 1000 доллар бўлмаслиги, уларга қўшимча юкламалар борлиги, мажбурий меҳнат деганда одамларнинг кўз ўнгида биринчи бўлиб ўқитувчилар гавдаланиши, шулар жумласидандир. Хўш, Ҳилола Умарова вазир бўлиб, ўқитувчиларнинг дардини эшитадими ва у муаммолар ҳал этиладими?

“Албатта. Февраль ойидан вазир платформаси ишга тушади. Ўқитувчилардан келадиган ҳар бир мурожаатни шахсан ўзим назоратимга оламан. Бу платформа ишга тушиши учун жамоа иш олиб боряпти. Вазирлик энди фақат вазирликда эмас, балки ҳудудларда юради. Ўзим ҳам барча вилоятлар, туманлар ва албатта чекка-чекка мактабларга боришни режа қилганман.

Устозларнинг ойлиги ошиши эса ўзига боғлиқ. Бугунги кунда уларга кўплаб имкониятлар яратилган. Агар ўқитувчиларимиз ўз устида ишлашса, албатта, 1000 долларгача маош олади. Мен шахсан бир нечта устозларни биламан 1000 доллар маош олади. Албатта, улар яхши маош олишлари учун ўз устиларида ишлашлари учун шароит ҳам яратиб беришимиз, керак бўлса вақт ажратиб беришимиз лозим. Директор қандай бўлиши керак? Биринчи навбатда менежер бўлиши лозим деган мақсадда директорлар билан тренинглар ўтказамиз”, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчи Халқ таълими Ҳилола Умарова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг