Вазир ва таълим. Мактабдаги муаммолар ҳақида вазир нима дейди?
Жамият
−
30 Август
7262Кеча, 28 август куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимига тайинланганидан буён биринчи марта оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари билан матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда вазирлик раҳбари журналистлар ва жамоатчилик вакилларининг саволларига жавоб берди. Даставвал вазир Умаровадан бир неча ҳафта давомида муҳокамалар марказидан тушмаган мавзу – фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган мукофот ва спортчилар олаётган мукофотлар ўртасидаги тафовут ҳақида муносабати сўралди.
“Аввал фан олимпиадаларида ютган ўқувчиларимиз фақат олийгоҳларга кириш имкониятига эга бўлган. 2019 йил ҳурматли Президентимизнинг қарорлари билан халқаро фан олимпиадаларида ютган ўқувчилар ва уларнинг устозларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди”, дейди Ҳилола Умарова.
Вазир асосий ва иккиламчи фан олимпиада ғолибларига бериладиган пул мукофотларини эслатиб ўтгач, ҳар йили сентябрь ойида катта тақдирлаш маросими ўтказилишини маълум қилди.
“Фан олимпиадалари ҳар йили бўлади, яъни 4 йилда бир марта эмас, ҳар йили ютиш учун имконият бўлади. Балки бу бизнинг ҳам камчилигимиздир (кенгроқ ёритиб беролмаганимиз). Биз энди ҳар йили сентябрь ойида асосий фан олимпиадаларида ютган ғолибларимизни жуда катта тақдирлаш маросимини ўтказамиз”, дейди вазир.
Ҳар янги ўқув йили бошида мактабларда ўқув дарсликлари етишмовчилиги кузатилади. Вазирлик раҳбарияти дарсликлар етишмовчилиги кузатилишида кўпроқ ота-оналарни айблади. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, ўқув йили бошланишига оз фурсат қолганда ўқувчиларнинг мактабдан-мактабга кўчиши дарсликлар етишмовчилигига сабаб бўладиган асосий омилдир.
“Ҳар бир ҳудуд эҳтиёжини кўрсатган ҳолда буюртма беради. Вазирликда уни мувофиқлаштириб, ўқув йилига қадар барча ҳудудга етказиб берилади. Бир нарсани айтмоқчиманки, дарсликлар масаласида муаммолар бўлишига сентябрь ойида ҳам бу мактаб эмас, бу мактабга ўтаман, бу ҳудуддаги мактаб эмас, бошқа ҳудудга кўчаман деган масалаларимиз сабаб бўлади. Шу пайтда логистик жиҳатдан ҳам муаммоларимиз борки. Биз бу борасида ишлашимиз керак бўлади. Мана бу йил барча ҳудудларда штатлар ташкил этилди. Ҳудуд раҳбарларининг ўзи масъул”, дейди вазир Умарова.
Мана 7 йилдирки, мактаб ўқитувчилари ойлик маоши қачон минг доллар бўлишини кутмоқда. Вазир Ҳилола Умарова журналистлар саволига жавоб берар экан, 6 мингдан ортиқ ўқитувчилар бугунги кунда 1000 минг доллар маош олаётганини айтди.