Саудияни қувғиндига чиқарган Байден бин Салмон билан совуқ қаршилашадими?

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистонига сафари чоғида подшоҳлик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд билан қўл бериб саломлашмаслиги мумкин. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг мужмал жавобидан шундай хулосага келиш мумкин.

Кирби Байден Саудия шаҳзодаси билан қўл бериб сўрашадими, деган саволга аниқ жавоб беришдан қочиб, у давлатлар раҳбарлари билан турлича саломлашаётганини айтган.

“Бугун кўрдингизки, у [АҚШ Президенти] самолётдан тушганида, раҳбарлар билан турлича саломлашди. Ишончим комилки, у раҳбарлар билан муносиб саломлашади”, деган Кирби.

Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Саудия Арабистони билан “муносабатларини қайта йўлга қўйиши” зарур ва мазкур Яқин Шарқ давлати Вашингтоннинг “асосий ҳамкори” ҳамда минтақадаги етакчи давлат ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, сайлов кампанияси давомида Байден Президент бўлса, 2018 йилда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши муносабати билан Саудия Арабистонини “қувғинди давлат”га айлантиришга ваъда берган эди.

“The New York Times” газетаси Байден Саудия Арабистонига ташрифи чоғида журналистнинг ўлдирилишидан кейин кескинлашган Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатларни тиклаш ниятида эканини хабар қилган эди.

Қошиқчи иши

Расмий Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчи 2018 йилда Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида ўлдириб, жасади бўлаклаб йўқ қилинганди. Қошиқчи 2 октябрь куни ўз Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини тан олган.

2021 йил февраль ойида АҚШ Миллий разведка бошқармаси 2018 йилда тайёрланган, аммо собиқ Президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан жамоатчиликка эълон қилинмаган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қатли бўйича ҳисоботни эълон қилди

Ушбу ҳисоботда Қошиқчининг ўлдирилишини маъқуллаган шахс Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон экани кўрсатилган.

Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакили қотилликда айбланган саккиз кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинлангани, бир киши ўн ва яна икки нафар айбланувчи етти йилга қамалганини маълум қилди. 

Расмий Анқара мазкур қотиллик бўйича судни Саудия Арабистонида эмас, балки Қошиқчи ўлдирилган Истанбулда ташкил этилиши тарафдори эканини маълум қилиб, Ар-Риёдни журналистнинг қотиллигига алоқадорларни экстрадиция қилишга чақирди.

2019 йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида ушбу иш бўйича беш судланувчи ўлимга ҳукм қилинган, яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Ушбу ишда жами 11 киши жалб этилган. 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.

Жорий йилнинг апрель ойида Туркия Адлия вазирлиги журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича ишни Саудия Арабистонига ўтказишга қарор қилди.

Айтилишича, Саудия Арабистони дипломатик миссиясидаги шов-шувли қотилликка алоқадор ишда 26 киши иштирок этмоқда. Тергов доирасида Саудия Арабистонидан Қошиқчини ўлдириш учун келган 15 кишидан саккиз нафарининг шахси аниқланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Жо Байден

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг