Қошиқчининг ўлим фармонини ким берган? АҚШ разведкаси ҳисоботи эълон қилинди
Олам
−
27 Февраль 2021
11482АҚШ Миллий разведка бошқармаси 2018 йилда тайёрланган, аммо собиқ Президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан жамоатчиликка эълон қилинмаган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қатли бўйича ҳисоботни эълон қилди.
Ушбу ҳисоботда Қошиқчининг ўлдирилишини маъқуллаган шахс Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон экани кўрсатилган.
Ҳисоботда айтилишича: “Ушбу топилма шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг мамлакатдаги қарорларни қабул қилиш механизмларини бошқаргани, суиқасдда шаҳзоданинг маслаҳатчиси ва хавфсизлик гуруҳининг иштирок этгани ҳамда шаҳзода чет элдаги мухолифларни, жумладан Қошиқчини “жим қилиш”га асосланган зўравонлик чораларини кўргани ҳақидаги фактларни ўз ичига олади”.
Таъкидланишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни танқид қилгани билан танилган, шунингдек, "Washington Post" газетасининг шарҳловчиси бўлган Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консуллигига кириб, қайтиб чиқмаган.
Маълум бўлишича, Қошиқчи консулликнинг ўзида ўлдирилган ва унинг жасади парчалаб ташланган.
Ушбу ҳисоботга Саудия Арабистони ўзининг илк жавобини берган. Унда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақидаги АҚШ ҳисоботини қатъиян рад этишини айтган.
Маълумот ўрнида, Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги Бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини тан олган.
LiveБарчаси