Икки йил деганда 1 миллион мусулмон Ҳажга етишди (фоторепортаж)
Жамият
−
08 Июль 2022
12568Кеча, 7 июль куни мусулмонларнинг муқаддас замини — Маккада Ҳаж зиёратнинг асосий маросимлари бошланди. Бу йил маросимлар 12 июлгача давом этади. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бир миллионга яқин одам Ҳаж зиёратини адо этади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 7 июль куни зиёратчилар Арафот тоғидаги асосий маросим олдидан Макка шаҳридаги Масжиди Ҳарамдан тахминан 5 километр узоқликда жойлашган Мино шаҳридаги улкан чодир шаҳарчасига кўчиб ўтган.
Айнан ўша ерда мўминлар йилнинг асосий байрамларидан бири — Қурбон ҳайитини кутиб олишади. Анъанага кўра, Арафот тоғига зиёрат зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунига тўғри келади. 2022 йилда бу кун бугун, 8 июлга тўғри келган.
Бу йил бир миллион мусулмон Саудия Арабистонида Ҳаж зиёратини амалга оширди, бу COVID-19 пандемияси бошланганидан бери энг катта ҳаждир. Бу йил жами 850 минг хорижлик ва 150 минг маҳаллий зиёратчи Ҳаж зиёратини адо этмоқда.
Бу йил Ҳаж зиёратини амалга ошириш фақат 65 ёшдан кичик, коранавирусга қарши эмланган мусулмонларга рухсат берилди. Саудия Арабистонидан ташқаридан келганлар COVID-19 учун салбий ПЗР натижасини тақдим этишлари керак эди.
Шунингдек, бу йилдан бошлаб Ҳаж зиёратига борувчи аёллар учун илгари эркак васий бўлиши мажбурий бўлган талаб ҳам бекор қилинди. Натижада минглаб аёллар эркак ҳамроҳлигисиз Ҳаж зиёратини амалга оширди. Уларнинг кўпчилиги қора либослардан воз кечиб, қизил, яшил, тўқ сариқ ва кўк рангли кийимларда кўриниш берди.
Ҳаж — жисмоний ва моддий жиҳатдан қодир бўлган барча мусулмонлар учун умрида бир марта бўладиган фарздир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистонда бир нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун 10 865 квота ажратилди.
LiveБарчаси