Мени ўлдирмасликларини сўрадим – “Қонли январь” шоҳиди

Интервью

2022 йил 4 январь. Бу кун замонавий Қозоғистон тарихида машъум кун сифатида тарихда қолди. “Қонли январь” воқеаларининг дебочаси бўлган шу кунда Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан комендантлик соати ҳам эълон қилинди. Сўнгги маълумотларга қараганда, тартибсизликлар оқибатида мамлакат иқтисодига ҳозиргача етказилган зарар 40 миллард тенге (91 млн доллар)га баҳоланган.

Намойишлар 4 январда авж олиб, мамлакат бўйлаб тарқалди, 5 январь куни бутун Қозоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қуролли тўқнашувлар ўз вақтида ахборот майдонидаги уруш ва дезинформацияга ҳам йўл очди. Ижтимоий тармоқлар рўй-рост хабарлар, расмий баёнотлар қаторида ёлғон, қораловчи, бир тарафлама, террористик ва экстремистик руҳдаги маълумотлар билан тўлиб тошди. Айни вазият ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб олмоқчи бўлган тарафлар ва шахсларга қўл келди. 

Ёлғон ва дезинформацион хабарлар ортидан мамлакатда интернет узилди. Журналистлар сувсиз, ҳавосиз қолгандек бўлди. 

Журналистлар вазифасини тўғри, холис ахборотни бериш, гап-сўзларга ишонмай, воқеани ўз кўзлари билан кўриб ёритиш. Улар учун ҳавонинг иссиқ-совуғи, кун-тун фарқ этмагани каби, суронли даврларда ОАВ ходимларининг масъулияти янада ортади. Худди қаҳрамонимиз Алёна Мирошниченко каби. У ҳам ташқарида ўқ овози эшитилиб турса-да, одамларнинг кўзи қонга тўлиб, мамлакатнинг муҳим объектларига ўт қўйилиб, ўғри билан тўғрини ажратиш қийин бўлиб қолган пайтда ҳам қурол-аслаҳаларини, фотоаппарати, қоғоз-қаламини қўлига олдию кўчага отилди. Журъат, жасорат, журналистлик шижоати, касбий бурч уни бир дам бўлса ҳам “қайтиб келмасам-чи”, деган ўй билан юзлаштиргани йўқ. Ҳа, у қайтди, фақат қўл-оёғи ўзига бўйсунмай, танаси моматалоқ бўлганча... 

Ўрмонга ўтса кетса, ҳўлу қуруқ бирга ёнади деганларидек, ўша куни қуролланган одамлар Алёна Мирошниченкони ҳам дўппослади, телефонини синдирди, бошига тўппонча тиради. Олмаота аэропортидаги ҳолатни ёритиш учун борган Мирошниченконинг кўз ўнгида ўнлаб автомобиллар ёниб кетди. У ҳолатни ҳар томондан кузатиш ва видеога олиш ҳаракатида эди, уни пайқаб қолишди. Журналистга эгнидаги пресс ёзувли нимчаси ҳам ёрдам бермади.

“Ҳолатни тасвирга олиш учун бордим ва мени пайқаб қолишди. Оламондаги одамлар орқамдан қува бошлади. Эгнимдаги пресс ёзувли нимча мени сотиб қўйди. Орқадан дубинка билан оёғимга уришди ва мен йиқилдим. Пешонамга тўппонча тираганларида эса мени ўлдирмасликларини илтимос қилдим. Қўрқув ва стрессдан ёмон аҳволга тушиб қолдим. Улар қўлимдаги телефонимни олиб, синдириб ташлашди”, дейди Алёна Мирошниченко

Бўлган воқеалар ҳақида гапириб берган журналист унда оғир психологик жараёнлар кечганини яширмади. У анча вақтга қадар дориларсиз ухлай олмаганини айтади. Уйдан чиқишга ҳам қўрқиб қолган Алёна психологик марказлардан ёрдам олади.

“Менда оғир психологик жараёнлар бошланди. Овозларни эшитиб дераза ва эшикларни ёпиб олишга ўтдим. Ўша қўрқув ҳозиргача сақланиб қолган. Ҳозир ҳам одам кўп давраларга киришга қўрқаман”, дейди журналист.

Бугун журналистика дунё бўйлаб ҳамон энг хавфли касблигича қолмоқда. UNESSO'нинг ўлдирилган журналистлар обсерваторияси ҳисоботига кўра, 2006 йилдан 2020 йилгача дунё бўйлаб 1200 дан ортиқ журналист ўлдирилган. Ачинарлиси, бу қотилликларнинг деярли 10 тасидан 9 таси судда очилмаган. Албатта, журналистларга нисбатан зўравонликнинг бундай цикли қонун устуворлиги ва суд тизими заифлашганидан далолат беради.
 
Швейцариянинг “Пресс Эмблем Сампаигн” нодавлат ташкилоти  берган маълумотларга кўра, йил бошидан буён 15 мамлакатда камида 38 оммавий ахборот воситалари ходими ўлдирилган

Қозоғистондаги қонли январь воқеаларига гувоҳ бўлган журналист Алёна Мирошничено билан интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин


Мақола муаллифи

Теглар

Қонли январь

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг