Путин Россиясининг қуролига айланган “Ўлмас полк” – хотирами ё сиёсат?

Таҳлил

image

Совет Иттифоқининг фашистлар Германияси устидан қозонган ғалабаси ниқоби остида ўтказилиб келинган “Ўлмас полк” марши қамрови йилдан йилга тобора кенгайиб бораётган эди.   Ҳаттоки,   АҚШнинг деярли барча штатларида юриш ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.   Бироқ 2022 йилга келиб ҳолат драматик тарзда ўзгарди. “Россия Ўлмас полки”нинг АҚШдаги вакилига кўра, 40 га яқин штат ўз ҳудудида марш ўтказилиши ҳақида эълон қилган,  аммо дунёдаги вазият кескин ўзгарганлиги ва тақиқлар ортидан рус сиёсий пропагандаси “адо қилинмаслиги” мумкин.   Шу йилнинг баҳорида ўзбек жамиятида “Ўлмас полк” маршининг ўтказилиши бўйича хабарлар тарқалди, жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди, бироқ расмий муносабат берилмади. 

QALAMPIR.UZ “полк” тарихи, ташаббускорлари, “рус пропаганда қуроли”га қандай айланиб қолгани ва Ўзбекистонда нега нишонлангани ҳақида маълумот беради.  

Нега айнан “Ўлмас полк” марши? Уни ким ўйлаб топган?

Совет Иттифоқи ва Россия узоқ вақт давомида фашистлар Германиясига қарши урушни қандай хотирлаш кераклиги ҳақида дилеммада қолган.   Иосиф Сталин даврида расмий қурбонлар сони 27 миллион эмас, 7 миллион деб кўрсатилган. СССРда Ғалаба куни 1965 йилгача расмий байрам сифатида нишонланмаган.   

Негаки, Молотов-Риббентроп пакти (СССР ва Гитлер Германияси ўзаро ҳужум қилмаслик ҳамда Польшани иккига бўлиб олиш ҳақида келишиб олган) тузилганлиги, урушнинг дастлабки йилидаги даҳшатли совет қурбонлари, “Ленд-лизинг” дастури орқали Британия ва АҚШ ёрдамининг аҳамияти, Сталиннинг репрессия сиёсати кўплаб ҳарбий асирларни ГУЛАГ архипелагига қайтариши каби масалалар ва бошқа кўплаб фактлар уруш кўрмаган авлодларга “ривоят”ни қандай айтиб беришни қийинлаштирар эди. Аҳоли орасида уруш ҳақидаги хотиралар сезиларли даражада камайганидан сўнг, уларга янги, воқеалари бироз ўзгартирилган “ҳикоя” керак эди.  

“Ўлмас полк” ғояси 2011 йилда Сибирнинг Томск шаҳридаги “Абадий аланга” ёдгорлигида уч дўст “Ғалаба куни”ни нишонлаётганида туғилган.   

“Бу ғоя ҳозирда Санкт-Петербургда яшовчи ҳамкасбим Игор Дмитриевники.   [Ғалаба куни] биз учун ҳар доим муҳим бўлган. Ҳаммамиз уруш аскарларининг неваралари эдик, учаламизнинг ҳам боболаримиз жанг қилган. Шунда, Игор вақт ўтиши нимага хизмат қилаётганини пайқади:   фахрий уруш қатнашчилари камайиб борар эди, аксинча, баландпарвоз нутқлар кўпайди. Шунинг учун у: “Келгуси йил боболаримиз портретлари билан парад ташкил қилайлик”, деди. 

Биз байрамни бош қаҳрамонларга – урушдан омон қолган ва бугунги кунда яшаётганимиз учун чексиз миннатдор бўлган инсонларга қайтаришни хоҳладик. Тўғри, бироз пафосли туюлиши мумкин, аммо биз шундай бўлишини хоҳладик”, деган “полк” ташаббускорларидан Сергей Лапенков.  

Кейинги йили, 2012 йилда, учовлон (Сергей Лапенков, Сергей Колотовкин ва Игорь Дмитриев) ўз ғояларини оммага эълон қилди, бошқалар унга акс-садо берди. “Ўлмас полк” акцияси илк бор 2012 йилда Томскда бўлиб ўтди. 9 май куни ўтказилган парадда 6 000 га яқин маҳаллий аҳоли урушда қатнашган аждодлари портретлари билан тўпланди. Марш тамойиллари унинг низомида ёзиб қўйилди: “Ўлмас полк” – нотижорий,   носиёсий,   ҳар қандай мафкурага ёт бўлган нодавлат фуқаролик ташаббуси.  

Ҳақиқий ва сохта полк

2015 йилда “Ўлмас полк” билан параллел равишда Москвада “Россиянинг Ўлмас полки” ҳаракати пайдо бўлди. Унинг ташкилотчиси “Ғалаба кўнгиллилари” Бутунроссия жамоат ҳаракати бўлиб, федерал ва идоравий бюджетлардан субсидияланади ва акцияларнинг ўзи “Роспатриотцентр” ва “Росмолодежь” ҳомийлигида ўтказилади.   

Яқин давргача икки ҳаракат ўртасида принципиал келишмовчиликлар йўқ бўлган. 2019 йилда уларнинг раҳбарлари маршни ташкил этиш ва ўтказишнинг ягона тамойиллари тўғрисидаги шартномани имзолаганлар.   Бироқ, 2022 йилда “Россия Ўлмас полки” ҳаммуассиси, Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Елена Цунаева Афғонистон, Чеченистон ва Украинада ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фотосуратлари ҳам маршда олиб чиқилиши ҳақида сўз очди. Жорий йилда икки полк бир-биридан сиёсий қарашларда ажралди, умуман олганда, “Ўлмас полк”нинг асли ўз тамойилларига содиқ қолди, иккинчиси эса “аждодларни хотирлаш” ҳаракатига сиёсий тус беришни истади. “Ўлмас полк”нинг оригинал муаллифлари ҳаракатнинг бош тамойилини, мазмун-моҳиятини бузиб кўрсатмасликни илтимос қилиб чиқди.  

Нега Кремль Украина билан урушда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг “Ўлмас полк”да хотирланишини истамоқда?

Ўтган йилларда Президент Путин 9 май кунидан Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 27 миллион совет фуқаролари хотирасига бағишланган ва деярли илоҳийлаштирилган Россиянинг байрамидан халқни янги эҳтимолий урушга сафарбар қилиш учун фойдаланган дейиш мумкин. Ўтган йилнинг 9 май куни Қизил майдонда минбардан туриб халққа мурожаат қилганида у Россиянинг душманлари яна “нацистлар мафкурасидан кўпроқ фойдаланаётгани” ҳақида огоҳлантирганди.   

Эндиликда давлат матбуоти Россия босқинига қаршилик кўрсатган украиналикларни “нацистлар” деб атаб, курашни Иккинчи жаҳон урушининг тугалланмаган иши сифатида кўрсатмоқда. Президент Путин келаси ҳафта Россия учун “Ғалаба куни”да ўз нутқидан фойдаланиб, Иккинчи жаҳон урушидаги совет аскарлари қаҳрамонликларини намуна қилиб кўрсатиб, русларни кўпроқ қурбонлик қилишга руҳлантириши деярли ҳақиқатга яқин. Президент Путиннинг Украинадаги “миссия”сини оқлаш учун ўйлаб топган ривоятлари “Ғалаба куни” ҳақидаги улуғвор, носталгик эртакларга жуда ўхшайди. Бироқ, Россияни яқиндан кузатиб борадиган таҳлилчиларга кўра, Президент Путин расмий равишда ҳарбий ҳолат эълон қилмайди ва ҳарбий ёшдаги россиялик эркакларнинг оммавий сафарбарликка чақирилиши ҳақиқатдан йироқ кўринмоқда.

 

Дунё маршга қандай қарайди?

“Ўлмас полк” 2015 йилдан бошлаб халқаро ҳаракатга айланган. Хусусан, ўша йилда 17 та давлатда, 2016 йилда эса 42 та давлатнинг 1150 та ҳудудида бўлиб ўтган. Пандемия даврига келиб эса, яъни 2020-2021 йилларда оммавий ҳаракат касаллик юқиши хавфи мавжудлиги учун ўтказилмади. Бу йилга келиб баъзи давлатларда марш онлайн ўтказиладиган бўлди, баъзи давлатлар эса ҳаракатни тақиқлади.   АҚШ, Буюк Британия ва Ирландия расмийлари 9 май куни “Улуғ Ватан уруши” фахрийлари портретлари туширилган анъанавий юришни тақиқлаган. Бу ҳақда “Россия Ўлмас полки” ҳаракати марказий штаб-квартираси ҳамраиси Сергей Макаров хабар берган.   

Германия расмийлари маршни ҳали расман тақиқлагани йўқ, бироқ тадбирнинг “муқобил” формати устида ишламоқдалар.   

Қозоғистон расмийлари оммавий марш онлайн тарзда ўтказилишини билдирган.   

Бошқа бир собиқ Иттифоқ давлатида “Ўлмас полк” акцияси ташкилотчиларидан бирини “хавфсизлик нуқтаи назаридан” мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилинди. Эстония Қўриқлаш полицияси Есаковнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига ўз Twitter саҳифасида “9 майни хавфсиз ўтказиш” дея изоҳ берган. 

Бишкекда эса “Ўлмас полк” марши ўтказилиши тақиқланмаганлигини пойтахт ҳокими Эмилбек Абдиқодиров брифингда маълум қилган. “Бу йил ҳам одатдагидек ўтказилади. Ҳозир тадбирни режалаштирмоқдамиз”, дейди у.  

 
Ўзбекистонда “Ўлмас полк” нишонланганми?

Аввалроқ таъкидланганидек, “асл” (“ҳақиқий” ва “сохта” полк борлигини эсдан чиқармаслик керак) “Ўлмас полк”нинг ўтказилишидан мақсад ва умуман, унинг маъно-мазмуни “Улуғ Ватан уруши”да фашистларга қарши курашиб, зулм устидан ғалабага эришганликлари учун миннатдорчилик сифатида қурбонларни хотирлаш, эъзозлаш бўлган. Ҳаракат ўз олдига “йўриқнома” қилиб олган ушбу тамойиллар, Ўзбекистонда 1999 йилда  9 майни “Ғалаба куни” эмас, “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаш бўйича Президент Фармони қабул қилинганидаёқ белгилаб олинган. Ислом Каримов бу билан қуйидаги жуда мураккаб саволга жавоб берган: қай бири муҳимроқ: душманимиз устидан ғалаба қозонилганини байрам қилиш ёки эркинлигимиз учун қурбон берилганларни хотирлаш?

Шу сабабдан мамлакатимизда инсонлар хотираси устуворлиги қадрият қилиб олинди ва ўн етти йил мобайнида биз унга амал қилдик, биз “Ўлмас полк”ни ўтказмадик, чунки бизнинг ўзимизга хос, миллий хотирлаш қадриятимиз бор.   Бу кун Биринчи Президент даврида хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг тарғиб қилингани учун одамлар яқинларининг қабрига чиқиб, дуо қилишга одатланган.  

Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистонга сиёсийлашган “Ўлмас полк” кириб келишга уринмоқда. Ҳаттоки, 2018 йилда минглаб одамлардан ташкил топган рус пропагандаси марши Тошкент шаҳрида ўтказилишигача етиб борди, инсонлар Россия байроқларини боши узра кўтарди, баъзилар Георгий ленталарини тақиб чиқди. Афишалар, шиорлар орасида Сталиннинг сурати ва иқтибослари ҳам кўриниш берди. “9 май куни Тошкент шаҳрида, Волгоград ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган “Ўлмас полк” халқаро акцияси бўлиб ўтди” дея хабар берган “Ўлмас полк”нинг расмий сайти (2018 йил 18 май).  

Украинага адолатсизлик қилинган бўлади

Ўзбекистонда шу йил 9 май куни “Ўлмас полк” юриши ўтказилиши бўйича ҳаракат фаоллари, ҳаттоки, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан рухсат олиб бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бироқ бу жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Ҳолатга блогер Муҳрим Ағзамхўжаев,   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” ДП раиси Алишер Қодиров, таниқли филолог Элдор Асанов муносабат билдириб чиқишди. Хусусан,  Алишер Қодиров: “Ўлмас полк” – “юмшоқ куч” намойиши, совет бирлигига тарғибот қуроли эканлигини тушунмаган қолмади. Биз бундай намойишларга қаршимиз!” дея кескин муносабат билдирган.   

Ўз навбатида, Элдор Асанов “маршни ўтказишимиз узоқ йиллик дўстимиз Украинага адолатсизлик бўлиши”ни таъкидлаган. Негаки, акцияда Россия ва СССР байроқлари, Георгий ленталари, “Z” (“За победу”) ҳарфи туширилган белгилар билан чиқишади. Бу эса Россиянинг Украинадаги босқинини ўз-ўзидан қўллаб-қувватлашни англатади.  

Ўтган йил ҳам Тошкент шаҳрида марш ўтказилиши тўғрисида асоссиз хабарлар тарқалган эди. Бунга шаҳар ҳокимлиги 2021 йилнинг 6 май куни расмий муносабат билдириб,   акцияни ўтказишга рухсат берилмаганлигини маълум қилган.  

Хўш, бу йил ҳам расмий Тошкент “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” қадриятига содиқ қоладими?

Сардор Бегалов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Путин Ўлмас полк

Баҳолаганлар

296

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг