Яна ёнғин. Олов бу сафар ҳам трансформатордан чиқдими?
3-саҳифа
−
22 июл 2043 2 дақиқа
Бугун, 22 июль куни Янгиҳаёт туманидаги хонадонлардан бирида ёнғин чиқди. QALAMPIR.UZ ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.
“Мен ёнғин чиққан хонадоннинг қўшнисиман. Аввал электр икки марта ўчиб-ёнди. Шундан кейин ташқаридан қарсиллаган овозлар эшитилди. Қўрқиб дарҳол кўчага чиқдим. Шамол кучли бўлгани учун ёнғин бизнинг уйга ҳам ўтиб кетишидан хавотир олдим. Шу заҳоти қўшниларни огоҳлантирдим, улар эса қутқарув хизматига қўнғироқ қилишди”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Маълум бўлишича, соат 12:00 да Янгиҳаёт тумани, Қипчоқ кўчасида жойлашган шахсий хонадон ёнаётгани тўғрисида пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига хабар келиб тушган. Қутқарув экипажлари воқеа жойига 9 дақиқада етиб келган ва ёнғин 12:29 да тўлиқ ўчирилган.
Гарчи, ижтимоий тармоқларда ёнғин электр тармоғидаги носозлик сабаб юз бергани айтилаётган бўлсада, бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмади. Бироқ ёзнинг жазирама кунларида трансформатор ва подстанцияларда ёнғинлар тез-тез кузатилмоқда. Хусусан, 1 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Виставочная” подстанциясида трансформатор ёниб кетган. 8 июль куни Олмазор туманидаги яна бир подстанция ҳудудида ёнғин содир бўлган. 14 июль куни эса Чилонзор туманидаги 6-мавзесида жойлашган трансформаторлардан бирида ҳам худди шундай ҳолат қайд этилган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида 339 та ёнғин содир бўлган. Шундан 183 таси электр ускуналари ҳамда электр қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида юзага келгани аниқланган.
Live
Барчаси