Ажал эшик қоққанда: Украинага босқиннинг дастлабки талафотлари камера объективида
Олам
−
24 Февраль 2022
35709Россия Украинага ҳужумга ўтганидан кейин кўплаб украиналиклар артиллерия ва ракета зарбаларига учраётган шаҳарлардан эвакуация қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган видеоларда Киев ва Харьков шаҳарлари аҳолиси болаларни хавфсиз жойларга олиб кетаётгани, ёқилғи қуйиш шохобчаларида километрлаб навбатлар юзага келгани, сирена садолари ва одамларнинг метрога тушиб ракета зарбаларидан яширинаётгани акс этган.
Украина Давлат чегара хизматининг соат 09:00 да берган маълумотига кўра, мамлакатнинг бир қанча вилоятлари — Луганск, Суми, Чернигов, Харьков ва Житомир вилоятлари ўққа тутилган.
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Россия Украина шаҳарлари ва тинч аҳолига зарба бермайди, операциядан мақсад ҳарбий инфратузилмани ишдан чиқаришдир. Аммо ДХР ва ЛХР ҳарбийлари Украина ҳудудларини эгаллашга уринмоқда.
Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви фонида Украинанинг можаро зонасига тушиб қолган айрим шаҳарлари аҳолиси хавфсиз жой излаб кетмоқда. Шаҳар чеккасида бир неча километр узунликдаги тирбандликлар юзага келган. Кўплаб фуқаролар сирена овози остида пойтахтдан қочиб кетмоқда.
Тасвирларда Харьковда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келганини кўриш мумкин. Масалан, кўплаб автомобиль эгалари ёқилғи сотиб олишга шошилмоқда, шу сабабли ёқилғи қуйиш шохобчаларида бир неча километрлик навбатлар пайдо бўлган.
Дўконлар ва банкларда ҳам навбатлар кузатилмоқда. Киевнинг кўплаб аҳолиси зарурий товарларни тўплаш ва нақд пул олиш учун ҳаракат қиляпти.
“Қаторлар чўзилиб боряпти, товар тугаяпти. Банкоматлар учун навбатлар жудаям узун”, дейди блогерлар.
Харьков аҳолисининг бир қисми метро ичига беркиняпти. Telegram каналларда тарқалган видеоларда ер остида чамадон кўтарган одамлар ўтиргани акс этган. Тахминларга кўра, шаҳарнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам шу ердан бошпана топган.
Расмий маълумотларга кўра, Украинанинг 40 нафар ҳарбийси ва бир чақалоқ ҳалок бўлган. Россия Аэрокосмик кучлари Днепр яқинидаги Украина Қуролли кучларининг 25 ва 93-бригадалари базаларига ҳаводан зарбалар берган. Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченко ҳозирда Киев, Харьков, Днепрдаги ҳарбий қўмондонлик марказлари, ҳарбий омборлар, аэродромларга ракета зарбалари берилганини айтди. Чегара артиллериядан ўққа тутилмоқда. Россия қўшинлари Харьков чегарасини кесиб ўтган.
LiveБарчаси