Зиёфат авжида бўлгани учун Абдуҳакимов чемпионни кутиб олишга чиқмаганми? Сўз вазирга
Жамият
−
03 Январь 2022
17511Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 28 декабрь куни Польша пойтахти Варшавада ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида ғалаба қозонган ўзбекистонлик 17 ёшли шахматчи Нодирбек Абдусатторов кеча, 2 январь куни тунда Тошкентга қайтди. Бироқ расмийлардан ҳеч ким уни кутиб олиш учун аэропортга чиқмади, дабдабали маросим ҳам бўлмади. Бу ҳолат жамоатчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлди ва бунда аввало Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири, Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов танқид остига олинди. QALAMPIR.UZ айнан шу масалада вазирдан изоҳ олди.
Нодирбек Абдусатторовни бошқа спортчилар қатори кутиб олинмагани ҳақиқатан ҳам кенг муҳокама бўлиб, танқидга ҳам учради. Тан олиш керак, бу танқидлар ўринли. Лекин шуни ҳам айтиб ўтишим лозимки, биз Нодирбекни 3 январь куни кутган эдик ва шу кунга катта тайёргарликлар кўриб қўйгандик. Кутилгандан олдин Ўзбекистонга келгани туфайли техник жиҳатдан улгурмадик. Бунда Туризм ва спорт вазирлиги ходимларининг ҳам масъулиятсизлиги бўлган. Албатта, ўз айбимизни тан оламиз”, дейди Абдуҳакимов.
Вазир сўзида давом этаркан, ижтимоий тармоқлардаги турли гап сўзларни кузатганини айтиб, “1 январь куни байрам қилгани сабаб ғолибни кутиб олишга чиқмаган” деган гапларга муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда байрам қилиб, кутиб олишга чиқолмаган” деган гаплар бўлди. Бу нотўғри. Шахсан мен 1 январь куни Вазирлар Маҳкамасида республика бўйича навбатчи эдим. Ҳамма ишда бўлган. Афсус координация бўлмагани сабабли вазирликни ўринбосарлари кутиб олишга чиқолмай қолган: бири вилоятда бўлган, иккинчиси тоби бўлмагани сабабли ишга ҳам чиқмаган", дейди Абдуҳакимов.
Календар бўйича дам олиш куни ва байрам кунларида ишга чиқилиши қанчалик тўғри? Бундан чиқди Меҳнат кодекси энг юқори идораларда бузиляпти, шундайми? Абдуҳакимов бунга қуйидагича жавоб берди:
"1 январь дам олиш куни бўлгани билан давлат хизматчилари халқимизнинг дам олишини таъминлаши керак. Ҳукуматда ва вазирликда қатъий тизим бор, 1 январь куни бир сутка давомида, байрам кунлари ҳам Бош вазир ўринбосарларининг ҳаммаси вазиятни назорат қилиб, тегишли чораларни кўриб, юқори раҳбариятга ахборот беради. Бундан катта трагедия ясаш шарт эмас. Бугун Нодиржонни катта тантана билан кутиб олдик. Чемпионимизнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам жуда хурсанд бўлди. Биз отаси билан доимий алоқада бўлдик. Бизга 1 январь куни келишини айтишмагани сал кечикишимизга сабаб бўлди”.
Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири, Шахмат федерацияси раиси сифатида ходимларнинг дам олиши ва байрам кунлари ишга чиқмаслигини қанчалик таъминлайсиз, деган саволга жавобан Абдуҳакимов вазирлик ходимларининг барчаси дам олишда экани, лекин вилоятда бўлмаган ёки саломатлиги жойида бўлган ўринбосарларнинг барчаси ишда эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, раҳбарлар ишда бўлишининг сабаби ҳам бор. Республикадаги ҳамма жараёнларни мониторинг қилиш ва назоратга олиш вазир ҳамда унинг ўринбосарлари зиммасида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 3 январ куни Жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга “Мард ўғлон” давлат мукофоти, Тошкентдан икки хонали уй калити ва 250 млн сўм пул маблағи топширилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь