Кечиккан илтифот! Чемпион Абдусатторовга уй, пул ва давлат мукофоти топширилди

Спорт

image
0:00
0:00
download

Шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга “Мард ўғлон” давлат мукофоти топширилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Миллий олимпия қўмитасида ўтказилаётган тақдирлаш маросимидан хабар берди.

Мукофотни Ўзбекистон Президенти номидан давлат раҳбарининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов топширди.

Тақдирлаш маросими вақтида Президент фармонида белгиланганидек, чемпион Нодирбек Абдусатторовга Тошкентдан икки хонали уй калити ҳам топширилди. Уй калити чемпионга Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов топширди.

Шунингдек, Нодирбек Абдусатторовга белгиланган тартибда 250 млн сўм, унинг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ва марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 млн сўмдан топширилди. Пул мукофотини Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов топширди.

Нодирбекдан ташқари, шахматнинг блиц йўналишида иштирок этиб, 8-ўринни эгаллаган Жавоҳир Синдоров 50 млн сўм, муносиб иштироки учун Шамсиддин Воҳидов 25 млн сўм билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 декабрь куни ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Польша пойтати Варшавада ўтказилган жаҳон чемпионатида тезкор шахмат бўйича энг ёш жаҳон чемпиони бўлди.

Унинг ўйинини самолётдан томоша қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нодирбекни “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва икки хонали уй билан тақдирлаш ҳақида фармон чиқарди.

Аммо Ўзбекистон расмийлари дунёдаги энг ёш чемпионни кутиб олишни эплай олмади. Гап шундаки, Нодирбек Абдусатторов 1 январдан иккинчи январга ўтар кечаси Тошкентга қайтди. Энг ёш чемпионни кутиб олишга эса на Туризм ва спорт вазири – Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, на бошқа расмийлар чиқди. Ва бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин норозилик келтириб чиқарди.

Эътирозлар, афсуски, ўринли. Ўзбекистонда катта-катта фан олимпиадаларида улкан ютуқларни қўлга киритган, нафақат мамлакатда, балки жаҳонда тенгсиз деб топилган иқтидорли болаларни, шунингдек, спортнинг шахмат каби турларида чемпион бўлганларни кутиб олишда шу аҳвол бот-бот такрорланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нодирбек Абдусатторов

Баҳолаганлар

400

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made