Россия “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарувчи қонун лойиҳасини қабул қилди
Олам
−
10:11
1619Россия Федерацияси Давлат Думаси қонунга хилоф фаолиятини тўхтатган ташкилотни, жумладан “Толибон”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш механизмини жорий қилувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Думанинг электрон маълумотлар базасида қайд этилган.
Бундай қонун қабул қилинса, “Толибон”ни Россияда террорчилик фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаш имконини бериши мумкин.
Тушунтириш хатида қайд этилишича, ҳозирги вақтда қонунчиликда ташкилотлар терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлаш ёки жиноят содир этишга қаратилган фаолиятини тўхтатган тақдирда, уларга нисбатан тақиқни тўхтатиб туриш механизми назарда тутилмаган. Қонун лойиҳасида ташкилотлар томонидан бундай фаолият тўхтатилган тақдирда, Россияда уларнинг фаолиятини тақиқлаш Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг аризасига асосан суд қарори билан вақтинча тўхтатилиши мумкин бўлган ўзгартиришлар таклиф этилади.
Қонун лойиҳаси Давлат Думасига 25 ноябрь куни киритилган. Бу Давлат Думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси томонидан тасдиқланган. 9 декабрь куни ҳукумат ҳам уни қўллаб-қувватлаган.
Маълумот учун, 2001 йилда 11 сентябрь хуружлари ортидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга бостириб кирди. 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Шу билан бирга, Россия Олий суди “Толибон”ни террорчи ташкилот деб тан олди ва мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлади. 2021 йилнинг август ойида Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди ва “Толибон” жангсиз Кобулга кирди. Бир ой ўтгач, Америка қўшинлари мамлакатни бутунлай тарк этди. 2021 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” Афғонистон ҳукумати таркибини эълон қилди. 2021 йилнинг октябрь ойида Владимир Путин Россия “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқариш қарорига яқинлашаётганини айтиб, буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши кераклигини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик туфайли 2023 йил декабрида “Толибон” гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқаргани ҳақида хабар берилганди. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этишдан иборат. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Первомайск туман судининг 2006 йил сентябрдаги қарори билан “Толибон” Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинганди.
LiveБарчаси