Пора олаётган “замҳокимлар”
Таҳлил
−
06 Ноябрь
5127Ўқи, болам, кам бўлма,
Кўзинг жиққа нам бўлма.
Ким бўлсанг, бўлгин бироқ
Ҳокимларга “зам” бўлма.
Халқимиз ижодкор. Ҳазил билан айтса ҳам, етиб борадиган қилиб айтади гапларини. Бу мисралар шу кунларда пул билан қўлга тушаётган ҳоким ўринбосарлари ҳақидаги хабарлар фонида битилган.
2024 йил тугашига ҳам оз қоляпти. Аммо пора олиш, мансаб сохтакорлиги, моддий маблағ эвазига кимнингдир юмушларини "тепадаги" ёки бирон бир ташкилотдаги танишлари ёрдамида ҳал қилиб бериш каби ишлар ҳали бери тугамайдиганга ўхшайди. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳали қарасангиз у, ҳали қарасангиз бу ҳокимнинг ўринбосари ёки ёрдамчиси пора билан қўлга тушганини эшитасиз. Сценарийлар жуда ўхшаш. Кимдир ерни фалон йилга ижарага олиб бермоқчи, қайсидир валломат ерни бутунлай бериб юбормоқчи, яна бошқа бири эса имтиёзли кредит маблағи ажратилишида кўмаклашиш илинжида ва ҳоказо. Солиштирсангиз, бундай ўхшашликлар талайгина топилади.
Шу кунларда ҳоким ўринбосарларининг кетма-кет қўлга олиниши ортидан жамоатчилик орасида “нега фақат ҳоким ўринбосарлари ушланяпти ё “ҳокимбува”лар оппоқми?” деган савол пайдо бўлди. Хўш, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Нега доим “зам” ҳокимлар “виноват” бўляпти? Ҳокимлар дахлсизми ё улар ҳақиқатдан ҳам “чесний” ишлайдими?
Келинг, яхшиси охирги пайтларда қайси ҳоким ёки унинг ўринбосари, ёрдамчиси пора олганликда айбланиб, қўлга олингани ҳақида батафсил сўз юритамиз.
Давлат хавфсизлик хизматининг июнь ойида Сирдарёда олиб борган тадбирлари давомида Сайхунобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорга туман ҳудудидан 6 гектар ер майдонини олиб бериш эвазига 20 минг доллар ҳамда вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида бўлган ва туманга қарашли 50 сотих ер майдонини енгил конструкция кўринишидаги қурилиш қилиш учун ижара шартнома асосида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар, жами 25 минг доллар талаб қилади. У сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Июль ойида Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушди. Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ўзининг мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган ва эвазига 35 миллион сўм талаб қилган. Сўралган пул маблағидан 32 миллион сўмни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон вилоятининг Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўзининг номида бўлган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик тасарруфидаги 10 гектар ер майдонини экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартириб, шунингдек, бу ҳақида туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Тошкент вилоятида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун “Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси”ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган. Унинг топшириғига кўра, талаб қилинган пул маблағини олган вақтида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида Бўка тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 1200 АҚШ долларини Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникация, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлгач, тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда мансабдор шахс пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида қўлга олинган.
Августда эса Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланди.
Ўрта Чирчиқ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс мансабдор танишлари орқали “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фуқарога 1,8 гектар ер майдонини 10 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилган, олдиндан 13 минг доллар олган вақтида эса ушланган. Ғаллаорол туманининг ҳоким ёрдамчиси эса ваколатли танишлари кўмагида фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳар иккала мансабдорга ҳам жиноят иши қўзғатилган.
Юқорида айтганимиздек, мансабдорларнинг пора олишлари ҳали ҳам давом этяпти. Гапимнинг исботи ўлароқ куни кеча ҳам Тошкент вилоятида ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди. Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан унинг ярмини ўзининг ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 миллион сўм олган вақтида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам ушланган. Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 миллион сўм ҳамда Хатирчи туманидаги акциядорлик тижорат банки мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 миллион сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 9 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 доллар олган вақтида ушланган Ховос тумани ҳокимининг ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Булар бор-йўғи ҳали шу пайтгача амалдорлар томонидан содир этилган ва очиқланган жиноятлар холос. Очиқланмаганлари қанчадан қанча.
Ёдингизда бўлса, Бош прокуратура мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилганди. Унда қанчадан-қанча мансабдорларнинг жиноят содир этгани, пора олгани-ю мансаб сохтакорлигига йўл қўйгани айтилган. Бу ҳақда тайёрланган видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Умид қиламизки, мансабдорларнинг жиноятга қўл уриши камаяди. Узатилган пораларни рад этишади. Уларга ишониб топширилган мансабни суиистеъмол қилишмайди. Балки куч ишлатар тизимлар томонидан ўтказиладиган навбатдаги тадбирларда ҳеч қачон курсисини бермайдиган амалдорларни қўлга олинишига гувоҳ бўлармиз. Майли, ҳозирча яхши ният қилиб турайлик. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Изоҳларда фаол бўлиб QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси