Эрон Исроилдан қасос олди...ми?
Таҳлил
−
02 Октябрь
10853Кеча куннинг иккинчи қисмидан то охиригача бўлган вақт ичида Исроил беқарорлик ва тутун ичида қолди. Дастлаб мамлакатда содир бўлган террорчилик акти ва унинг оқибатида бир қанча инсонларнинг ҳалок бўлишидан бошланган можароли соатлар тунга бориб, Эроннинг мамлакатга қилган мисли кўрилмаган ракета ҳужуми билан давом этди. 1 октябрь кечки пайт Эрон томонидан Исроилга кенг кўламли баллистик ракета ҳужуми уюштирилди. Эрон томонидан ўта жиддий ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланадиган қаршилик ўқи ҳаракатининг раҳбарлари бирин-кетин қириб ташланиши учун маълум даражада жавоб дея таъкидланаётган ушбу ҳужум бир қатор жабҳаларда тарихдан жой олди. Хусусан, бу расмий Теҳроннинг Исроилга қилган тарихдаги энг катта ракета ҳужуми бўлди. Бундан ташқари, Исмоил Хония ва Ҳасан Насруллоҳ ҳамда бошқа раҳбарларнинг ўлими учун берилган мазкур жавобда Эрон тарихда илк бор Исроил пойтахти Тель-Авивни нишонга олди. Шунингдек, Эрон телеканалларига кўра, тундаги можарода мамлакат биринчи бор Исроилга қарши гипертовушли қуролдан фойдаланган. Исроил расмий доиралари эса мазкур ҳужумга жиддий жавоб берилиши ва бу бир қатор оқибатларга олиб келиши ҳақида баёнот берди. Хўш, кеча Исроилдаги ҳалокатли теракт ва унга уланган кенг миқёсдаги ҳаво ҳужуми қандай рўй берди? Қуйида шу ҳақида тўхталамиз.
Огоҳлантирувчи қўнғироқ
29 сентябрь куни Эронда Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Масъуд Пезешкиённинг таъкидлашича, АҚШ ва Европа давлатлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш эвазига, Эрондан ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилиши учун Исроилга қасос зарбаси йўлламасликни сўраган. Аммо маълум вақт ўтиб, Ғарбнинг мазкур ваъдаси пуч бўлиб чиққан.
“Сионистик режимнинг жиноятларини қабул қилиб бўлмайди ва улар жавобсиз қолмайди. АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарларининг Эрон Хония ўлдирилишига реакция билдирмаслиги эвазига ўт очишни тўхтатишга ваъда берган баёнотлари бутунлай ёлғон эди. Бундай жиноятчиларга имконият бериш уларни янада кўпроқ жиноят содир этишга ундайди”, деган Пезешкиён.
Эрон Президентининг баёнотлари мамлакатда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Теҳрон Ғазо секторидаги Исроил ҳужумларини бутунлай тўхтатиш эвазига ҳужум қилиш ниятидан воз кечгани ҳақидаги даъволар ўз тасдиғини топгандай бўлди. Кечаси бир гуруҳ фаоллар Эрон Олий Миллий Хавфсизлик Кенгаши олдида йиғилиб, расмийлардан бу баёнотларга жавоб беришни талаб қилишди. Хония ўлими учун хун олиш ҳақидаги расмий Теҳрондан йўлланган баёнотлар ҳам деярли унутилиб бўлганди. Бироқ 27 сентябрь куни Эрон томонидан қаттиқ қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг 32 йиллик етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг Байрут жанубидаги бункерда Исроил томонидан йўқ қилиниши Хония мавзусини ҳам яна кун тартибига қайтарди. Расмий доираларда қасос ҳақидаги гап-сўзлар яна янгиланди. ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг хуни учун Ғазодаги тинчлик билан пишмаган савдони амалга оширган Эрон, Насруллоҳ ўлими юзасидан бундай қарорга келмади.
Кеча, 1 октябрь куни тушдан кейин дунё ОАВ Исроил расмийларига таяниб, яқин соатларда Эрон томонидан ҳаво ҳужуми уюштирилиши мумкин ёки муқаррар экани ҳақидаги хабарларни сиздира бошлади. АҚШ ҳам Исроилни Эрон унга баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди. Исроил расмийларига кўра, Қўшма Штатларнинг огоҳлантириши маҳаллий вақт билан тушга яқин етиб келган. Баъзи маълумотларга кўра, мазкур жараён 12 соат ичида амалга ошиши айтилганди. Аммо расмий Теҳроннинг қасос зарбаси ўзини узоқ куттирмади.
Бироқ Эрон ҳужумидан олдин яна бир қонли ҳодиса рўй берди. Исроил пойтахтида икки номаълум қуролланган шахс томонидан тинч аҳолига нисбатан теракт уюштирилди. Тель-Авив шаҳридаги Яффа ҳудудида отишма ва қуролли ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, 10 киши яраланди. Бу ҳодиса Эрон Исроилга йирик ракета ҳужумини уюштиришидан бир неча дақиқа олдин содир бўлди. Икки эркак трамвай бекатида ва унга яқин бўлган кўчада тинч аҳолига ўт очиб, уларни ҳалок қилган. Ярадорлардан 5 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Видеокузатув камераси тасвирларига кўра, тўппонча ва пичоқ билан қуролланган қора кийимли икки эркак темирйўл бекати яқинида поезддан тушиб, ўткинчиларга ўт очган. Аммо теракт узоқ давом этмаган. Жангарилар Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан йўқ қилинган. Аммо бу шу куни Исроил учун бошланиши эди, холос.
Ҳужум
Тез орада ЦАХАЛ исроилликларни Эрон ракеталарини учираётгани ҳақида огоҳлантирди. У мамлакат аҳолисини “ҳушёр бўлишга ва орқа қўмондонлик кўрсатмаларига қатъий амал қилишга” чақирди. Исроил бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Маълум вақт ўтиб эса Эрондаги Исфаҳон ҳудудидан ракеталар учирилаётгани акс этган тасвирлар пайдо бўла бошлади. Мамлакат устидаги ҳаво ҳудуди ёпилди. Исроилнинг газеталари бу зарбани тарихдаги энг йирик ҳужум деб атади. Уларга кўра, Эрондан Исроилга жами 500 га яқин ракета учирилган. Аммо Эрон томони бу рақамларни тасдиқламади. Уларга кўра, яҳудий давлатига қарата учирилган ракеталар сони 400 га яқин. Бу бир йил ичида Эроннинг Исроилга қилган иккинчи ҳаво ҳужуми эди. Бундан олдин жорий йил апрель ойида Исроил томонидан Дамашқдаги Эрон консуллигида икки генерал ва беш зобит ўлдирилганига жавобан расмий Теҳрон яҳудий давлатига 170 га яқин ракета билан зарба йўллаганди. Бу галгиси эса, ўша ҳужумдан икки баробар каттароқ ва жиддийроқ бўлди. Пентагон матбуот котиби генерал-майор Патрик Райдер ҳам мазкур даъвони тасдиқлаб, Эроннинг Исроилга қарши бу сафарги ҳужуми апрель ойидаги Эрон ҳужумидан икки баравар катта эканлигини айтди.
“Reuters”га кўра, ҳужум шахсан Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий буйруғига биноан амалга оширилган. Ракеталар юқорида таъкидлаганимиздек, Тель-Авивни ҳам чеклаб ўтмаган ва бу мазкур икки давлат ўртасидаги можаролар тарихида янги саҳифа бўлди. Шу куни Исроил ҳарбий қудратининг юзига айланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими – “Темир гумбаз” ишончни тўлиқ оқлай олмади. Эроннинг аксарият зарбалари мазкур мудофаа тизимини ёриб ўтди.
Исроилга етказилган зарарнинг аниқ кўлами ноаниқ бўлиб қолмоқда. Аммо хабарларга кўра, Эрон ракеталаридан бири мамлакат разведка агентлиги “Моссад”нинг Тель-Авивдаги штаб-квартирасининг ёнгинасига келиб тушган. CNN ва “The Guardian” каби оммавий ахборот воситалари “Моссад” штаб-квартирасидан унчалик узоқ бўлмаган нуқтага ракеталардан бири келиб урилгани ва ундан кейин қолган йирик кратер ҳақида хабар беришди. Ҳисоботлардан бирида ракета “Моссад” штаб-квартирасидан тахминан 300-400 метр масофага келиб тушгани айтилади. Суратларда ушбу кратернинг чуқурлиги 10 кенглиги эса 15 метр эканлигини кўриш мумкин.
Эрон давлат матбуотига кўра, мазкур кенг кўламли ҳужумда Эроннинг янги Fath номли гипертовушли баллистик ракеталари ҳам биринчи марта ишлатилган. Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўз баёнотида ракеталар ҳужуми ҳарбий ва хавфсизлик мақсадларига қаратилганлигини маълум қилди. Корпус ўз мақсадларини очиқлар экан, уларнинг кечаги ҳужуми Исроил ҳудудидаги учта ҳарбий базага қаратилганини айтди. Бироз вақт ўтиб эса Исроилдаги энг муҳим авиабазаларидан бири Неватим бутунлай вайрон қилиниб, у ерда сақланаётган 20 дан ортиқ 5-авлод F-35 учоқлари йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ Исроил томони ҳозиргача бундай талафотларни эмас, балки Эрон ракеталарининг ушлаб қолингани ёки уларнинг аҳоли пунктларидан узоққа тушган тасвирларинигина эълон қилди.
Исроил ва унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ, уларнинг ҳарбийлари Эрон томонидан отилган снарядларнинг аксариятини ушлаб қолиш учун биргаликда ишлади. Аммо шундай бўлишига қарамай, Исроилнинг марказий ва жанубий қисмларида ракеталар ўз манзилларига етиб борган. Тель-Авив ҳудудида шрапнель сачрашидан икки киши яраланган, дея хабар берилди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси отилган снарядларнинг 90 фоизи ўз нишонларига етиб борганини даъво қилди. Бироқ АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Қўшма Штатлар ва Исроил ҳужумни қайтаришда биргаликда ҳаракат қилган, Исроилда эса ҳеч қандай ўлим ҳолати қайд этилмаган ва шу боис бу ҳужум самарасиз ва мағлубиятга учраган.
Генерал ва етакчилар учун жавобми ёки ….?
Эрон томонидан қўлланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўтган йили октябрь ойида Ғазодаги қирғин бошланганидан кўп ўтмай Шимолий Исроилга ракета отишни бошлади ва қамал қилинган анклавда фаластинликларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганини айтди. Ўша вақтдан бери Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” билан Исроил-Ливан чегараси орқали ўт алмашиб келмоқда. Бу эса Ливан ва Исроил чегарасида икки томондан ҳам кўплаб тинч аҳоли ўз уй-жойларини ташлаб кетишига олиб келди. Сўнгги бир ой ичида Исроил ҳарбийлари Ливанга ҳужумларини кучайтириб, пойтахт Байрутдаги нишонларни уриб яксон қилди. “Ҳизбуллоҳ” етакчиларининг барчаси қисқа вақт ичида ўйиндан чиқарилди. Бу эса минтақада Эрон ва Исроил бошчилигида катта кўламдаги эскалация хавфини кучайтирди. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” жойлашиб олган Ливан пойтахти Байрутнинг жанубидаги ҳудудлар бир неча бор Исроилнинг ракета ҳужумларига дучор бўлди.
1 октябрга ўтар кечаси эса ЦАХАЛ Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операция бошланганини эълон қилди ва чегарада Исроил ҳарбий техникалари қалашиб турган тасвирлар ҳам тарқалди. Мазкур воқеадан 24 соат ўтар-ўтмас, Эроннинг Исроилга тарихдаги энг йирик ҳаво ҳужуми рўй берди. Аммо Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса сешанба кунги ҳужум Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ва корпус қўмондони Аббос Нилфороушаннинг Байрутда ўлдирилиши ҳамда июль ойида Теҳронда ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлдирилишига жавобан уюштирилганини эълон қилди. Эроннинг мазкур баёнотига қарамай, ҳужум уюштирилган вақт ва шароит барибир шубҳалилигича қолмоқда. Сабаби Исроилнинг шимолий ҳудудлари билан чегараланган Ливан давлати ва унинг ҳудудидаги энг асосий кучлардан бири “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати сўнгги кунларда жуда мушкул аҳволда қолди. Ҳаракатнинг алоқа тизими катта эҳтимол “Моссад” томонидан қилинган пейжерлар операциясидан кейин жиддий шикастланди. Эрон томонидан ҳар томонлама қўлланадиган ҳаракат Иброҳим Оқил ва Насруллоҳ каби етакчиларга қилинган суиқасд ортидан деярли бошсиз қолди. Айни дамда воқеалар ривожи “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливандан буткул қувиб чиқарилиши ва энг сўнгида бу ерда Эрон таъсирининг тугашига қараб кетаётгандай таассурот уйғотаётганди. Расмий Тель-Авив мақсади эса Ливаннинг Исроил билан чегарадош жанубий қисми, яна бир қатор вилоятлар ва Байрутнинг жанубий ҳудудларини деярли ўз назоратига олган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини иложи борича тўлиқ бостириш эди. Ҳаракатлар раҳбарларининг ўлими ва Исроил расмийларининг қўпол риторикаси шундан далолат бераётганди. Айнан шу воқеликлар 1 октябрь кунидаги Эроннинг Исроилга қилган ҳаво ҳужуми қасос эмас, балки Ливандаги сиёсий таъсирни сақлаб қолиш манфаати билан юз берган бўлиши мумкин деган қараш шаклланишига асос бўлади.
Халқаро реакция
Эрон ва Исроил ўртасида кучайиб кетган ва барчани хавотирга солаётган мазкур можарога энг ноодатий тариф доимгидек АҚШ собиқ президенти Дональд Трампдан янгради. У Эрон ва Исроилни мактаб ҳовлисида уришаётган болаларга қиёслади. Бироқ Трамп бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтиб, мазкур воқеаларда ҳар доимгидек Байден ва Камола Ҳаррисни айблади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Эрон катта хатога йўл қўйганини ва бунинг учун етарлича бадал тўлашини айтди. Исроилнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги вакили Дани Данон мамлакат Исроил фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришини маълум қилди ва ижтимоий тармоқларда “Исроилга ҳужум қилган ҳар қандай душман жиддий жавоб кутиши керак”, деб ёзди.
АҚШ Президенти Жо Байден Исроилни жиддий қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Давлат департаменти вакили Мэтью Миллер эса Вашингтон ушбу муҳим дақиқада Исроил халқи ёнида туришини айтди. Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва унинг исроиллик ҳамкасби Йоав Галлант сўнгги 48 соат давомида узлуксиз алоқада. Уларнинг муҳокама мавзуси дастлаб, Исроилнинг Ливан жанубига уюштирмоқчи бўлган қуруқлик операцияси ҳақида бўлган бўлса, кейинги 24 соат ичида Исроилнинг ўзини йирик ҳужумдан қайтаришга ўзгарди. Шундай қилиб, яҳудий давлати мазкур ҳужумга жиддий жавоб бериш билан таҳдид қилди. Исроил ҳарбий воизи Даниэль Ҳагарий Исроил Эрон ҳужумига қарши қасос олишга тўлиқ тайёр эканлигини айтиб, бу ўз вақтида амалга оширилишини таъкидлади. Оқ уй маслаҳатчиси Салливаннинг билдиришича, Байден маъмурияти ушбу ҳужумнинг оқибатлари жуда оғир бўлишини аниқ айтди ва АҚШ бу ишни амалга ошириш учун Исроил билан ишлашини маълум қилди. Бироқ “The New York Times”нинг хабар беришича, Эронга Исроил ва Қўшма Штатларнинг мувофиқлаштирилган ҳужуми юз берган тақдирда расмий Теҳрон уларга қарши юзлаб ракеталарни тайёрлаб қўйган. Катта урушга айланиб кетишга мойил бўлган мазкур можаро юзасидан Эрон расмийлари сўзга чиқди. Улар Исроилга ракета зарбаси Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун йўллангани ва бу мамлакат суверенитетига қилинган тажовузга нисбатан жавоб эканини айтишди.
Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён эса ушбу ҳужум мамлакат асл кучининг фақатгина бир қисми эканини таъкидлади.
“Бу ҳаракат Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган эди. Нетаньяхуга Эрон урушқоқ эмаслигини, лекин у ҳар қандай таҳдидга қатъий қарши туришини билдириш учун. Эрон билан зиддиятга тушманг”, деб ёзди Президент.
Мазкур воқеалар фонида Эрондаги барча рейслар 3 октабрга қадар бекор қилинди. Мазкур қарор нафақат Эрон, балки бутун минтақа бўйлаб амалга ошириладиган парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда. Исроилга қилинган ракета ҳужуми таъсири Яқин Шарқ минтақаси ташқарисига ҳам сезилгандек бўлди. Хусусан, “Reuters” Дания полицияси Исроилнинг Копенгагендаги элчихонаси яқинида иккита портлаш содир бўлгани ҳақидаги хабарларни тарқатди. Маълум қилинишича, айни дамда мазкур иш юзасидан тергов давом этмоқда.
Хуллас, Эрон ва Исроил можароси Яқин Шарқ минтақасидаги мамлакатлар учун қийин танлов ва бу ердаги ҳаракатлар учун муҳим дақиқалар бўлди. Бир ёқда Иордания Эрон ракеталарини тутиб қолиш ва Исроилни ҳимоя қилиш учун АҚШга ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган бўлса, Ироқдаги эронпараст кучлар агар АҚШ Исроилга қўшилиб, Эронга зарба йўлласа, унинг мамлакатда жойлашган ҳарбий базаларига ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирди. Хориж нашрлари Исроил расмийларига таянган ҳолда Эронга бир неча кун ичида жавоб қайтарилиши ва бу ҳақда аллақачон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида қарор қилингани ҳақида хабар берган бўлса, Яман ҳусийлари Эрон билан биргаликда Исроилга қарши ҳар қандай қўшма ҳарбий амалиётда қатнашишга тайёрлигини маълум қилди.
Шундай қилиб, “Axios” портали маълумотларига кўра, Исроил жавоб зарбаси ҳақида қарор қабул қилган, аммо унинг амалга оширилишидаги деталларни очиқламаган. Расмий Тель-Авив Эроннинг жорий йил апрелдаги ҳужумидан сўнг ҳам ўзини шундай тутганди. Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галлант ва бир қанча масъул шахслар Эроннинг ушбу ракета ҳужумларига жавоб беришни муҳокама қилиш учун йиғилганди. Аммо жавоб зарбаси қачон ва қай тарзда амалга оширилиши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар берилмади. Бироқ баҳорда Эроннинг Исроилга уюштирган кенг кўламдаги ҳаво ҳужумидан роппа-роса бир ой ўтиб, жорий йилнинг 19 май куни Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда Раисий билан бирга бир қатор расмийлар ҳам ҳалок бўлди. Одатда мамлакатдаги оддий намойишлар бўлсин ёки катта йўқотишларга сабаб бўладиган воқеалар, фожиаларда биринчи дақиқалардаёқ ва етарли фактларсиз очиқдан-очиқ Исроилни айблайдиган Эрон ўша сафар Раисий ва бошқа муҳим шахсларнинг ўлимини ноқулай об-ҳавонинг учишга халал бергани ва вертолётнинг техник носозлиги каби омиллар билан боғлаганди.