Журналистлар ҳуқуқларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш керак – “Юксалиш”
Жамият
−
14 Сентябрь 2021
5179“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодексга давлат хизматчилари томонидан журналистларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида моддани киритиш керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ижтимоий тармоқлар орқали оммавий ахборот воситаларига нисбатан тазйиқ, таҳдид ва босим ҳолатлари кучаяётганига нисбатан билдирган муносабатида сўз юритган.
Бекмуродов ўз чиқишида, журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлайди.
“Беш йил олдин Ўзбекистон дунёга очила бошлади. Трансформацион жараёнлар барча соҳаларга, жумладан, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари журналистлар Президент ҳимоясида бўлишини кўп бора такрорлаб, сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги давлат сиёсатининг устувор йўналишларb эканлигини таъкидлаб келмоқда. Натижада, қисқа давр ичида сўз эркинлиги ва очиқлик — жамиятнинг муҳим қадриятларидан бирига айланди.
Айни пайтда, янги воқеликка мослашишга тайёр бўлмаган айрим давлат хизматчилари журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, ОАВга босим ўтказиш каби "эскича" ёндашувларни қўллаш ҳаракатлари ҳам учрамоқда”, дейди депутат.
У оммавий ахборот воситалари фаолияти кафолатларини кучайтириш мақсадида қуйидаги кейинги босқич чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблашини билдирган:
Биринчидан, "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодексга давлат хизматчилари томонидан журналистларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида моддани киритиш, қайта содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликни белгилаш керак;
Иккинчидан, журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш лозим. Масалан, Замонавий журналистикани ривожлантириш марказида ОАВ учун юридик клиника фаолият кўрсатади. Бундай институтларни ривожлантириш, медиа соҳаси учун ҳуқуқшунослар, адвокатларни тайёрлашни кенг йўлга қўйиш керак;
Учинчидан, фаол ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари омбудсмани институтини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Балки, ислоҳотларнинг кейинги босқичларида, ўзини ўзи бошқариш ёндашувлари жорий қилинганидан кейин алоҳида омбудсманга эҳтиёж қолмас, лекин бугунги кунда ушбу институт фаолиятга аралашув ҳолатлари билан фаол шуғулланиши мумкин бўларди.
Бундан ташқари, Бекмуродов "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати кейинги йилдан бошлаб оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларини доимий қайд қилиб борувчи "Онлайн монитор"ни ишга тушириши, ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари рейтингини эълон қилиб боришни режалаштираётганини очиқлаган.
Маълумот ўрнида, ўтган бир ой ичида журналистларни таҳқирлаш, уларга нисбатан туҳмат қилиш ва босим ўтказиш, қонуний фаолиятларига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 3 та ҳолат қайд этилди. Буларда иккитаси QALAMPIR.UZ билан боғлиқ. 7 август куни ижтимоий тармоқларда аёл ва эркакнинг номақбул видеоси тарқатилиб, “ушбу видео қаҳрамони QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экан”, деб туҳмат қилинди. Ҳолат бўйича таҳририят тезкорлик билан баёнот берди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди. ИИВ, Сенат, Олий Мажлис, АОКА, Журналистлар ижодий уюшмаси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, сиёсий партиялар баёнот билан чиқиб, ушбу вазият ва жиноят иши назоратга олинишини маълум қилдилар. Бироқ, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, ИИВ учун “честь” масаласи бўлган жиноят очилгани йўқ.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 сентябрь куни QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов, юрист Шоҳрух Олимжонов Юнусобод туманида бинолари бузилаётган тадбиркорлар томонидан таҳририятга келиб тушган мурожаатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига борганда, Юнусобод тумани 2-сектор котиби – прокуратура Умид Азизовнинг қаршилигига ва тўсқинлигига учрайдилар. Азизов таҳририят ходимларини ИИБга олиб бориш билан таҳдид қилади. Қолаверса, камера хотирасидаги тасвирларни ўчириб, воқеа жойидан кетишларини талаб қилган. Бош прокуратура ушбу ҳолатни ўрганиб, воқеа ҳақиқатан ҳам рўй берганини аниқлади. Охир-оқибат прокуратура ходими жавобгарликка тортилмади. Қонунни ҳимоя қилувчи ташкилот қонунни бузган ходимига “одоб дарси” ўтиш билан чекланди.
Журналист ва блогерлар билан боғлиқ яна бир ҳолат Фарғона вилоятида рўй берди. Куни кеча ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Усмонжон Мамадалиевга тегишли аудиоёзув тарқалди. Унда мансабдор маҳаллий блогерни “қисиб” юрмаса, “энасини кўрсатиб, оёғини ялатиш” билан таҳдид қилганини эшитиш мумкин.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажоновнинг маълум қилишича, Усмонжон Мамадалиев аудиохабар тарқалган куни видеомурожаат билан чиқиб, айтган гаплари учун барча блогерлардан узр сўраган. Шундан сўнг, амалдор ўз хоҳиши билан хизмат вазифасидан озод этилган.
LiveБарчаси