“Полный программа”да тергов қилинган тадбиркор оқланди. Туҳматчи ва буюртмачилар ҳамон очиқда қолмоқда

Интервью

Суд томонидан чиқарилаётган ҳукм шахсни тарбиялаш, келгусида ушбу жиноятни қайта содир этмаслик, жамият ва фуқароларга хавф туғдирмаслик ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлигини англаб етиши учун тайинланади.

Бугун суд ҳукми ўқилиб қамалаётганларнинг ҳаммаси жазосига яраша судланяптими? Эл орасида қамалган деган тамға фақат айбдорларга қўйиладими? Бунда биз севиб алқаётган АДОЛАТ борми? 

QALAMPIR.UZ’даги расмий маълумотларга кўра 2018-2020 йилларнинг ўзида, жами 2507 нафар шахс оқланган. Бундан кўриниб турибдики, айнан шунча киши айбсиз айбдорга айлантирилган. Бу даврларда эса қанчадан қанча шахслар ҳуқуқ-тартибот органлари, судлар ва судьялар, давлатга ва тизимга нисбатан юрагига нафрат, ишончсизлик уруғини эккан. 

Бугунги қаҳрамонимиз ҳам содир этмаган жинояти учун жазо муддатини ўтади. У ўзига туҳмат қилганларнинг жазо олишидан умидвор. 52 яшар Бахтиёр Ханазаров тўрт нафар фарзанднинг отаси. У бошидан ўтганларни қуйидагича ҳикоя қилади: 

“Мен “Exspress Preg Dizayn” хусусий корхонаси раҳбариман. 2012 йил июль ойида, "Exspress Preg Dizayn" ва “Arxedia Lux” МЧЖ ўртасида янги бино чизмасини чизиб бериш юзасидан оғзаки шартнома тузилган эди. Июль ойи охирида 20 миллионга лойиҳа “смета” ҳужжатларини бажариб бериш юзасидан кэлишув бўлди. Бажарилган иш учун пулнинг ярмини нақд, қолган қисмини пул ўтказиш йўли билан тўлашга оғзаки келишган эдик. Шартномага асосан биз лойиҳа ишларини бошладик ва уни якунлаб экспертизага топширдик. Лэкин, "Arxedia Lux” МЧЖ раҳбари МХХ  (собиқ Миллий хавфсизлик хизмати – таҳр.) раиси номига "Лойиҳани бажариш мажбуриятини олиб, нақд пул талаб қилиб, ўз вақтида бажариб бермади" мазмундаги  ариза  топширгани мени ҳайратлантирди.
 
2013 йил 17 январь куни МХХ ходими Ж.Ш. ва унинг қўл остида ишлайдиган ходимлари иш жойимга келиб, кишанлаб Сергели туман прокуратурасига олиб боришди. 

Прокуратура ходимлари "Aрхитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шукурувга 500 AҚШ доллари берганман”, деб ёзиб берсам, қўйиб юборишларини айтишди. Мен, Шукуров билан ҳеч қандай олди-берди қилмаганман, у билан курсдош бўлганман. Улар эса пора берганим ҳақида далиллари борлигини билдиришди. Шукуров билан пуллик алоқа бўлмагани ҳақида қайта-қайта тушунтиришимга қарамай, улар ишонишмади. Охир-оқибат прокуратура ходими "полный программа"да олиб боринглар”, деб чиқиб кетди.

"Полный программа"да иш олиб борган прокуратура ходимлари тезкорлик билан жиноят иши очишади. Молиявий аҳволи бир эмас, бир нечта яхши адвокатларни сотиб олишга етган Бахтиёр Ханазаровга Сергели туман прокурори ўринбосари Иззат Бозоров ва терговчи Алишер Мухторов адвокат ёллашга, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга имкон беришмайди. “Сенга адвокат керак бўлса, ўзимиз берамиз”, деб давлат томонидан ёлланган адвокат Одиловни таништиришади. Ҳимоячи мазкур иш МХХ назоратида эканини, айбини тан олмаса, қайтиб чиқмайдиган қилиб қамаб юборишларини айтиб, руҳий босимлар ўтказади. Охир-оқибат Бахтиёр Ханазаров қисман иқрорман, деб ёзиб беришга мажбур бўлади

Кўрилаётган иш кимнидир назоратида бўлгани учун ҳақиқатни гапиролмаслик, ўз ҳуқуқларидан фойдаланмасликка чидаш мумкиндир, лекин биров қилган айб учун жавоб беришдан ёмони бўлмаса керак. Мурожаатчи ўзи билан содир бўлган нохақликлар ҳақида гапираркан, сизга туҳмат қилиш кимга ва нимага керак бўлди, деган савол билан мурожаат қилдик.

“Aрхитектура қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Aсомиддин Тожиев 2012 йилда шаҳар ҳокими розилиги билан ер ажратиб, қарор чиқаргани учун пул олиши керак бўлган. Келишилган пулларни олиш учун ёрдамчисини юборади. Ёрдамчиси пул олаётган вақтда МХХ ходимлари томонидан қўлга олинади ва Aсомиддин Тожиевнинг олдига олиб келинади. Ўша вақтда Тожиевнинг укаси МХХ тизимида ишлаган. Хуллас улар ўзаро гаплашиб, Aрхитектура қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўрнига бошқа одам бериш кераклигини айтишган. Ўз-ўзидан ҳеч нарсадан хабари йўқ ўринбосарига мени пора берганликда айблаб, иккимизни ҳам қамашди”, дейди Ханазаров. 

2013 йилнинг 17 январь куни Сергели туман прокуратураси томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси, “б” банди билан жиноят иши қўзғатиб, шу куннинг ўзида Сергели туман ИИБ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилади. 19 январь куни эса Сергели суди Ханазаровга “қамоқ” тарзида эҳтиёт чораси қўллаган. 2013 йил 4 июль куни ЖИБ Сергели судининг ҳукми билан Ханазаров 7 йилга озодликдан маҳрум этилади.

“Мени Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган 47-ЖИЭМга юборишди. У ерда 11 ой жазо муддатини ўтадим. Муассасадан туриб ҳеч кимга мурожаат қилишни имкони бўлмади. Сабаби аризаларим ташқарига чиқмасди. Мен ҳар бир ёзган мурожаатимда “МХХ менга нисбатан зўравонлик қилди, Сергели прокуратураси ҳужжатларни сохталаштирди, ЖИБ Сергели туман суди адолатсиз ҳукм чиқарди” , деб ёзардим. 2014 йил куз ойларида уйга келишим билан жазони ижро этиш муассасаларида ёзолмаган гапларимни қоғозга тушириб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишни бошладим.

2019 йил бошигача Ўзбекистон Республикаси Президентидан, Сергели туман прокуратурасигача бўлган турли идораларга 500 дан ортиқ мурожаатлар йўллаганман. Уларнинг деярли барчасидан рад жавоби келган. Aйримлари эса лоқал жавоб хати ҳам беришмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига бордим. У ерда айнан шу қабулхона раҳбари Бахтиёр ака билан учрашдим. Барча ҳужжатларимни тақдим қилиб, мени туҳмат билан қамашгани, пора олмаган одамни ҳам олганликда, мени эса пора беришда айблаб, қамаб юборишганини айтдим”, дейди мурожаатчи.

Бир неча йилдан буён сўровларига тегишли жавоб ололмаётган Бахтиёр Ханазаров билан суҳбатлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси раҳбари, Олий судга қўнғироқ қилиб, мурожаатчининг муаммосини ўрганиш ва зудлик билан жавоб қайтариш кераклигини айтган. Қабулхона раҳбари томонидан вазият назоратга олиш буюрилганидан сўнг, Олий судда Бахтиёр Ханазаровнинг иши қайта кўриб чиқилиши бошланади.

2019 йилнинг 19 январь куни Олий суд раисининг ўринбосари Олий суд судьяси У.Рўзиевнинг ажрими бекор қилиниб, иш Олий суд судлов ҳайъатига ўтказилган. 22 январь куни Олий суд судлов ҳайъатининг ажрими билан ЖИБ Тошкент шаҳар суди, кассация инстанциясининг 2013 йилнинг 23 августдаги ажримини унга тегишли қисми бекор қилиниб, жиноят иши қайта кўрилиши учун кассация инстанциясига юборилган. 2019 йил 20 июнь куни ЖИБ Тошкент шаҳар суди, кассация инстанцияси ажрими билан корхона раҳбари Б.Ханазаровдан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210- ва 243-моддалари олиб ташланади. 2020 йилнинг 22 декабрь куни "Exspress Preg Dizayn" ХК рахбари Б.Т.Ханазаров ЖИБ Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг ажрими билан тўлиқ оқланади. 

“Менга иккита аризачи туҳмат қилган, 100 фоиз ёлғон кўрсатма берган. Дастлабки терговларда, суд мажлисларида ҳам нотўғри кўрсатмалар беришган. Оқлов ҳукми ўқилган вақтда буларнинг барчаси ўз исботини топди. Мен оқланганим, уларнинг ёлғон кўрсатма берганлари суд мажлиси баённомаларига киритилган, лекин ажримда йўқ. Шу кунгача уларнинг ҳеч бири жавобгарликка тортилмади”.

Эслатиб ўтамиз: Жиноят кодексининг 238-моддасида Ёлғон гувоҳлик берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, ёлғон гувоҳлик бериш, яъни суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов чоғида ёки судда гувоҳнинг ёки жабрланувчининг била туриб ёлғон кўрсатув бериши ёхуд экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши, худди шунингдек таржимоннинг бир тилдан иккинчи тилга била туриб нотўғри таржима қилиши — уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Тоштурма”да бўлган вақтимда корхонамга тегишли “Cпорт соғломлаштириш мажмуаси”да тинтув уюштирилган. Текширувда иккиламчи бухгалтерия дафтари топилди, деб айтишганди. Офисдан корхонага тегишли иккита муҳр олиб, ҳеч кимнинг фамилия-исми йўқ дафтарга муҳр босишган. Тергов жараёнида эса “иккиламчи бухгалтерия дафтари топилди ва унда катта-катта суммалар келтирилган”, деб ҳам иддао қилишган. Мен пора олмаган ва бермаганман. Шунингдек, корхонада ҳам иккиламчи бухгалтерия ҳисоблари юритилмаган. Ўша вақтда менга тегишли мажмуа ҳам давлат фойдасига мусодара қилинган.

Жазо муддатини ўтаб чиққанимдан кейин билсам, 2014 йил февраль ойида 1 млрд 305 млнга баҳоланган “Cпорт соғломлаштириш мажмуаси”ни, 1 млрд 387 млнга сотиб юборишган. Оқлов ҳукми эълон қилинганидан сўнг, менга тегишли бўлган, “Спорт соғломлаштириш мажмуаси” қанча пулга баҳоланган бўлса, айнан шу суммани беришлари келтирилган. Менга бинонинг баҳолангани эмас, ўзи керак.

Мен бир нарсага тушунолмай қолдим, мажмуани Навоий кон-металлургия комбинати раҳбари Санақулов сотиб олган. У ўзига тегишли фирма номига спорт ва соғломлаштириш мажмуасини расмийлаштириб олган. Бугун эса бу бино сузиш федерацияси сифатида фаолият олиб бормоқда. Мендаги норасмий маълумотларга кўра, Санақуловнинг жияни МХХ тизимида Ж.Ш. билан ишлаган. Соғломлаштириш маркази ҳақида гап кетганда, яна бир нарсага алоҳида тўхталган маъқул. Оқловнинг иккинчи ажримида менга тегишли корхонанинг мулки қонунга хилоф тарзда олингани ёзилган. Ноқонуний олиб қўйилган спорт мажмуаси қандай қилиб қонуний сотилган, деган саволга жавоб тополмаяпман”, дейди Бахтиёр Ханазаров.

Эслатиб ўтамиз: Жиноят кодексининг 2301-моддасида Исботлашни амалга ошираётган шахслар ёки исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар томонидан далилларнинг терговга қадар текширув ва жиноят ишлари материаллари бўйича далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш чоғида ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритишда ва ўзга бузиб кўрсатишларда намоён бўладиган сохталаштирилиши (қалбакилаштирилиши), —  базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
 
Ханазаровга қўйилган айб олиб ташланган ва у оқланган бўлиши мумкин, лекин терговнинг нотўғри ўтказилгани, бир инсон ҳуқуқининг бузилиши, унинг жамиятдаги нуфузи, обрў-эътиборига путур етиши ҳақида ким ўйлайди? Бўлган воқеалар ҳақида айтиб берган Бахтиёр Ханазаров унга қўйилган айб олиб ташлангани билан терговда қатнашган ва ёлғон гувоҳлик берганлар жавобгарликка тортилмагани, энг ачинарлиси эса пора олишда айбланган Aрхитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шукуров ҳам шунчаки туҳмат учун “қамалди”, деган тамғани олганини айтмоқда. 

Эслатиб ўтамиз: Фуқаролик кодексида зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари белгиланган. Бу борадаги муносабатлар фуқаролик ҳуқу­қининг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида қайд этилганидек, маънавий зарар, уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.
Маънавий зарар фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиш, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини бузиш орқали етказилиши мумкин. Лекин, ўтган вақт давомида Бахтиёр Ханазаров шаъни, қадр-қиммати поймол бўлиши билан бирга, унинг умри, соғлиғи ноҳақ кўкка соврилди. Умрга татигулик зарарни, бизнинг фикримизча, чегараси бўлмаса керак. 2020 йилнинг 22 декабрь куни тўлиқ оқланган мурожаатчи Ханазаровга моддий ва маънавий зарар тўлаб берилдими?

“Йўқ. Учтепа тумани суди томонидан 50 миллион сўм маънавий зарар қопланиши айтилди. Ушбу зарарни эса Молия бошқармаси тўлар экан. Бир нарсани аниқ айтишим мумкин, мени айбдор деб ёлғон гувоҳлик берган, нотўғри текширув ўтказишган ва сохта далолатнома тузишган. Қолаверса, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси ходимлари корхонамга тегишли Спорт-соғломлаштириш мажмуасини давлат фойдасига жиноят предмети сифатида мусодара қилган. Марказни ўзлаштирганлар ҳаммаси бир чеккада қолиб кетяпти ва зарар ҳам қопланмаяпти.

Менга туҳмат қилганлар: корхонамда сохта текширув ўтказган солиқ, департамент, прокуратура ходимлари, адолатсиз ҳукм чиқарган судья, уларнинг барчасига хизмат текширувлари ўтқазилишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Президенти, Адлия вазирлиги, Бош прокурор, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палаталари ва бир қатор юқори идораларга мурожаат қилдим. Менга қилинган нохақликлар ўз исботини топмагунча ва ҳақиқий жиноятчилар жазоланмагунча, курашишда давом этаман”.

Юқоридаги ҳолатда терговчи тергов жараёнида ўз манфаатларини кўзлаб ёки кимнингдир буйруғига кўра шахсни ҳуқуқ ва манфаатларини поймол қилиб, уни ноҳақ айблади ҳам дейлик, лекин суд нега бундай хатоларга кўз юмди?! Нега одил судловни таъминламади, деган саволлар туғилиши табиий. Энг ачинарлиси, тергов ва суд жараёнида турли хил процессуал хатоларга йўл қўйилгани айён бўлса-да, терговни олиб борганлар ёлғон гувоҳлик берганлар, ҳукм ўқиганлар бугунги кунда ҳеч қандай жазосиз қолмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Судлар ҳукми тўғрисида”ги пленум қарорида “Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади”, деб таъкидлаб ўтилган. Шундай эса-да ушбу фуқарони айбсизлигини била туриб, уни жазога тортиш судьялар қанчалик “одил”, “холис” бўлганини кўрсатмоқда.

Хулоса сиздан!
 

 

Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят прокуратура Суд Бахтиёр Ханазаров жазо муддати Оқлов ҳукми

Баҳолаганлар

194

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг