Ўзбекистон афғонистонлик қочқинларга эшик очадими?

Олам

image

Аввалроқ, Тожикистоннинг Жайхун туманида афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик марказ қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Афғонистондаги вазият кун сайин хавотирли тус олиб бормоқда ва бу қўшни мамлакатларга ҳам таҳдид сифатида кўрилмоқда. Хўш, агар мамлакатда “Толибон” кучайиб бораверса, Ўзбекистон ҳам афғонистонлик қочқинларга эшикларини очиш мажбуриятида қолмайдими? QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов юқоридаги савол билан Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчига юзланди. 

“Ажойиб савол. Чегараларни бир томонлама назорат қилиш имконсиз. Икки томонлама назорат қилиниши лозим. Масалан, Ўзбекистон қочқинларни қабул қилишни истамаса, чорасини кўради. Худди биз Туркияда Сурияли қочқинларни қабул қилишни истамаганимиз каби. Бошқа томондан эса, ҳокимиятга келишни истаган “Толибон” ўз аҳолисини ҳимоя қилиши керак. Агар “Толибон” ўз аҳолисининг бошқа ерларга кетишига изн берса, у ҳолда ҳокимият заифлашади. Инсонлар ўз ерларида қолишлари ва Ҳукумат билан бирга ишлашлари керак. 

Ҳозир жараён давом этмоқда. Қоча олганлар қочиб кетишяпти. Бу эса “Толибон”лар режимининг фуқаролар томонидан қабул қилинмаганини англатади. Биз бунинг намунасини Европадаги ҳукумат тўнтаришларида кўрдик. Совет Иттифоқи репрессияларига гувоҳмиз. Одамлар ўз заминларида қолдилар. Бошқа юртларга кетмадилар. Аммо Афғонистон масаласи умуман бошқа бир масала”, дейди сиёсатшунос.  

2011 йилда Сурия ва Ироқда ИШИД террористик ташкилотининг ҳаракатлари авж олгани сари мамлакат аҳолиси бошқа ерларга қочишни бошлади. Бунда энг яқин манзил Туркия бўлди. Норасмий маълумотларга кўра, айни вақтда Туркияда 6 миллионга яқин қочқин бор ва уларга 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Агар афғонистонда ҳам вазият оғирлашса, Туркия афғон қочқинларига ҳам пешвоз чиқадими? 

“Айни вақтда Туркия худди Хитой девори каби Ироқ ва Сурия чегарларида девор қуриб, чегарани ҳимоя қилиш ҳаракатида. Эрон билан ҳам 146 кмга яқин майдонда чегара қурилиши бошланди. Анъанага кўра, афғонлар Туркияга Эрон томонидан кириб келадилар. Эрон уларнинг мамлакат ҳудудида қолишларини истамайди ва Туркия томонга йўналтиради. 

Қочқинларнинг асосий қисми ёш йигитлар ва бу Туркия учун анча катта муаммо. Умуман олганда, Афғонистондан келган қочқинлар, Туркия шароитига дарҳол мослашадилар, уларнинг мамлакат ичидаги интеграцияси билан боғлиқ муаммо йўқ. Масалан, Суриядан келган қочқинларнинг мамлакат ичидаги мослашуви ва интеграцияси бироз муаммоли. Чунки маданиятлар жуда фарқли. 

Афғонлар меҳнаткаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида, чорвачиликда жуда яхши ва ишончли иш кучи ҳисобланади. Энг муҳими, улар ёш. Туркия 2012 йилдан буён хорижий қочқинларга 80 миллиард доллар сарфлади. Туркия қочқинларга эшигини очиш билан хато қилганини кўрди, аммо жуда кеч қолди. Суриядаги вазият бир неча ой ичида барқарорлашади, деб ўйлашган эди. Аммо 11 йил ўтса ҳамки, нотинчликлар давом этадиганга ўхшаб кўринмоқда. Бу демографик жиҳатдан муаммо. Иқтисодий жиҳатдан эса муаммо бўлмаслиги мумкин. Чунки Туркияда олдимиздаги давр учун арзон иш кучи пайдо бўлди ва бу бир устунлик. Бу тўғрими, деб сўрасангиз, йўқ деб жавоб қиламан. Аммо, Туркиянинг ҳам бошқа йўли йўқ”.

Ҳусайин Бағчига кўра, Туркия ҳукумати афғонистонлик қочоқлар учун чегараларни ёпишни ўйламаяпти. У ўз сўзларида Сурия ва Афғонистондан келаётган қочоқлар фарқига тўхталди. 

“Суриядан келганлар билан Афғонистондан келаётганлар орасида катта фарқ бор. Афғонистондан келаётган радикал исломий режимдан қочиб келишмоқда. Туркия бундай исломий ҳаракатларнинг катта йўқотишга учраётганини кўрмоқда. Одамлар қочяпти. Хўш, улар Туркияга нега келяпти? Чунки Туркия – дунёвий давлат. Турк халқи ИШИД каби “Толибон”нинг ҳам хато йўлдан бораётганини кўриб турибди. 

Қолаверса, Туркияда Афғонистонликларга нисбатан илиқлик бор. Бу тарих билан боғлиқ. Сурияликларга бу илиқлик кўрсатилолмайди”.

Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи билан геосиёсий жиҳатдан муҳим суҳбатни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

198

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг