Китобдаги хароба Меҳрибонлик уйида прокуратура ўрганиш ўтказади

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйида болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани ҳақида хабар берган эдик. Унда болалар уйида мебеллар ва идиш товоқлар эскириб кетгани, овқат учун ишлатиладиган маҳсулотлар ҳам ириб кетгани айтилганди.

Меҳрибонлик уйидаги ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, 5-Меҳрибонлик уйидаги вазият юзасидан вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, халқ таълими, молия, ИИБ, СЭО ва ЖСХ, бандлик бош бошқармалари масъулларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, муассасада яратилган шарт-шароитлар ўрганиляпти.

Аниқланишича, Халқ таълими вазирининг ўтган йил 14 февралдаги 01-06/2-131-сонли хатида мехрибонлик уйларида ота-онаси бор кам таъминланган оила фарзандларини жойлаштириш ортиб кетганлиги сабабли ижтимоий аҳволи яхшиланган оила фарзандларини қайтариш орқали Китоб туманидаги 5-сонли Мехрибонлик уйи фаолиятини тугатиб, тарбияланувчиларни Қамаши туманидаги 4-сонли Мехрибонлик уйига ўтказиш ва 4-сонли Мехрибонлик уйини Қамаши Болалар шаҳарчасига айлантириш таклифи билдирилган.

Меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиш билан боғлиқ бошланган ишлар, ўтган йил 24 мартдан Республика ҳудудида Коронавирус инфекциясига қарши кучайтирилган карантин тартиби жорий этилгани муносабати билан охирига етказилмаган.

Шунингдек, муассасада 65 нафар тарбияланувчилар бўлсада, 75 нафар ходимлар фаолият кўрсатиб келаётгани, шундан 10 нафар тарбиячи вазифасига номутахассислиги, тарбияланувчиларнинг 15 нафари етим бола (отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган) ҳисобланиши, 50 нафарининг ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт эканлиги аниқланган.

Муассаса бинолари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, жиҳозлар ва инвентарлар эскиргани, озиқ-овқат омборхонаси санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

“Ҳозирда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратишга аҳамият берилмоқда. Ўрганишда бола тарбиясидан кўра, ўз моддий манфаатини устун қўяётган айрим ишчи-хизматчилар ва ота-оналар томонидан эътироз билдириш ҳолатлари ҳам кузатилди. Ўрганиш ишлари давом этмоқда”, дейилади прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйида бўлиб, муассасада тиббиёт, стомотология, беморларни алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали  экани, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун муассасада етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, мебеллар эскиргани, соғлом овқатлантиришдаги камчиликлари, овқатланиш меъёрларига амал қилинмагани, санитария-гигиена талабларига риоя этилмагани каби камчиликларни аниқлаганди.

Шундан сўнг, ўз вазифасига совуққонлик билан қараган Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ўз лавозимларидан озод этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг