Инсоннинг шаъни МИБдагиларга ўйинчоқми ёхуд паркентлик ота фарёдига ким қулоқ тутади?

Таҳлил

Жорий йилнинг 26 март куни QALAMPIR.UZ бош муҳаррири Суннатилла Абдуллаевга Telegram ижтимоий тармоғидан МИБ Матбуот хизмати томонидан “Паркентда 11 ой давомида яшириб келинган болалар онасига қайтарилди” сарлавҳаси остида хабар етиб келади. Ушбу хабар QALAMPIR.UZ’да эълон қилинганидан сўнг, Паркент шаҳри Истиқбол МФЙ, Баркамол авлод кўчасида яшовчи Абдулазиз Шерматов (болаларнинг отаси) эълон қилинган маълумот ёлғон эканини айтиб, таҳририятга шикоят қилди. QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси воқеани ўрганиш мақсадида Паркентда бўлди.


“2019 йил сентябрь ойида оилавий можаролар туфайли, турмуш ўртоғим уйига қизимни олиб кетиб қолди. 2020 йилнинг май ойида ажрашмасдан туриб, алимент тўлашим юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. 2020 йил май ойида вояга етмаганлар билан шуғулланувчи комиссия аъзолари [уйимизга] келиб, далолатнома тузишди, фарзандларим онаси билан яшаши, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари болалар билан кўришишим мумкинлиги ҳақида айтишди.

Қонун-қоидаларга бўйсунган ҳолда шанба ва якшанба кунлари фарзандларимни кўришга борардим. 

Пандемия сабабли фарзандларим соғлиғини ўйлаб, уларни уйимга олиб келмадим. Карантин чоралари бироз юмшатилганидан сўнг, фарзандларимни олиб келишимни айтганимда, боришимни била туриб, болаларимни уйимиздан узоқдаги даласига олиб кетди. Уларни соғинганим учун, олдиларига етиб бордим. Ўшанда болаларимнинг аҳволи яхшимас эди. Фарзандларим уларни олиб кетишимни, онаси ураётгани айтишди. Устига-устак улар шамоллаб ҳам қолганди. Кийимлари кир, кўриниши ҳам яхши эмасди. 

2020 йил июнь ойида уларни олиб уйга кетдим. Бобур ва Зарнигорни олиб кетаётганимда ҳеч ким қаршилик қилмади. Шу вақтгача болаларим мен билан бирга эди.

Орадан анча вақт ўтса ҳам, турмуш ўртоғим болаларни кўргани келмади. 2020 йил декабрь ойида МИБ ходимлари билан бирга келишди. Ўша куни Халқ таълими бошқармаси, Паркент туман Халқ таълими бўлими томонидан йўналтирилган психолог ҳам келди. Фарзандларим билан алоҳида суҳбатлашди. МИБ ходимлари ва психолог ҳам болаларнинг психологик ҳолатига гувоҳ бўлишди. Психолог хулосасига кўра, фарзандларимни қолдириб кетишди.

МИБ ходими йиғилган маълумотларни судга тақдим этган ва шу асосда, 2021 йил 21 январь куни Паркент туман фуқаролик судида мен ва турмуш ўртоғимни иштирокисиз сиртдан қарор чиқарилган.

МИБ ходими Ирода Абдураимова ва бошқа ташкилот вакиллари уйимизга келишганида, онам ва фарзандларим йўқ эди. Улар болалар қаерда эканини сўрашганда, жавоб бермадим. Болаларнинг руҳияти яхши эмаслиги, бу ҳақда психолог ҳам хулоса берганини айтишимга қарамасдан, менга ишонмай, уйга киришди видеога олишди. Бундан ташқари, МИБ ва ИИБ ходимлари иш фаолиятига ҳалал беряпти, фарзандларини яширяпти, деб далолатнома тузишди.

26 март куни қизим Зарнигор борадиган мактабгача таълим муассасасидан тарбиячи қўнғироқ қилди. Тез етиб келишим, қизимни олиб кетишмоқчилигини айтди.

Ўша куни боғчага МИБ, ИИБ ва бошқа ташкилот вакиллари келиб, қизимни олиб кетмоқчи бўлишибди. Қизим онаси 
билан кетишни истамаса ҳам уни МИБ биносига олиб боришган. Менга ўғлим Бобурни олиб, МИБга боришим кераклигини айтишди. Бобурни уйдан олиб, дадам билан бирга айтилган жойга бордик.

У ерда болаларим, МИБ, ИИБ ходимлари, шунингдек маҳалла фаоллари ҳам бор эди. Биз билан оилавий ярашиш ҳақида юзаки суҳбат бўлиб ўтди. Мен турмуш ўртоғим билан ярашиш ниятим борлигини айтсам ҳам у кўнмади. 

Болаларим онаси билан қолишни истамаслигини айтса ҳам, уларга ҳеч ким қулоқ солмади. Маҳалла нозири Бобур ва Зарнигорни онаси олдида қолдириб, мени бошқа хонага гаплашиб олиш баҳонасида олиб чиқди. Шу вақт оралиғида болалар билан онасини ҳисобот учун суратга олиб, бошқа эшикдан чиқариб юборишди.

Мен бир нарсани тушундимки, МИБда кўпчиликни йиғиб суҳбатлашишдан мақсад, оилани тиклаш эмас, балки болаларни онасига ўзбошимчалик билан олиб бериш бўлган. 

Мен фарзандларимни 11 ой давомида яшириб қўймаганман. Ёлғон-яшиқ гаплар билан 11 ой беркитилган, деб хабар тарқатишибди.
Хулоса сифатида бир гапни айтмоқчиман. Мен оиламдаги, турмуш ўртоғим билан бўлган муаммони ҳаммага билдириш ниятим йўқ. Ўртамизда бўлган воқеа нотўғри талқин қилинган. QALAMPIR.UZ’га ёлғон маълумот берилгани учун сизларга мурожаат қилдим”, дейди мурожаатчи Абдулазиз Шерматов.

Одатда ОAВ орқали эълон қилинадиган барча хабарлар  вазирлик ва идоралар Матбуот хизматлари ёки аниқ манбалардан олинади. Эълон қилинадиган ҳар бир хабарга бевосита ОAВ ва манба ҳам жавобгарлиги қонунда белгиланган. Aбдулазиз Шерматовнинг эътирозларини тинглаб, МИБ томонидан оила билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, қолаверса, QALAMPIR.UZ’га тақдим этилган хабар ва унга илова қилинган сурат ҳам айнан Тошкент вилояти МИБ Паркент туман бўлимида олинганини билиш қийин эмас.

Мурожаатчи ва унинг оила аъзолари билан ярашув мажлиси ўтказилгани ёлғон эмасдир, лекин нима учун МИБ тарқатган хабарда болалар яширилган ва узоқ қариндошининг уйидан олиб келинган? Бунга ойдинлик киритиш мақсадида МИБ Паркент туман бўлимига бордик.

Бизга ижрочи Ирода Абдураимова иш юзасидан бириктирилган ҳудудда экани, ҳозир ҳеч қандай жавоб беролмаслиги маълум қилинди. Шунга қарамай, у билан телефон орқали боғланиш мақсадида бир неча маротаба қўнғироқ қилдик, лекин жавоб бўлмади. 

МИБ биносига биз билан бирга борган, воқеага бевосита гувоҳ бўлиб, шу кунгача оиладаги низоларда қатнашган “Истиқбол” МФЙ Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосари Гулнора Мирзахўжаева МИБ биносида бўлган тушунтириш ишлари ҳақида айтиб берди.

“Бир соатдан ошиқ вақт давомида оилани яраштиришга ҳаракат қилдик. Иккала фарзанд ҳам йиғлаб ўтиришди. Боладан сўраш мумкин эмас, дейилишига қарамай, “онанг билан кетасанми”, деб сўралганда, “йўқ, кетмайман, ойим мени қамаб қўядилар”, деб жавоб берди. Онаси болани эркалаган вақтда ҳам бола йиғлади. Шу пайт маҳалла нозири билан отани олиб бошқа хонага чиқиб кетдик. Қайтиб келганимизда, она ва болалар хонада йўқ эди. 

Судда фарзандлар онага берилиши керак, деган қарор чиққан. Менимча, шу сабабли болаларни онаси билан кетишига рухсат беришди”, дейди “Истиқбол” МФЙ Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосари Гулнора Мирзахўжаева.

 


Оила билан МИБ биносида ўтказилган суҳбатда қатнашган, воқеага гувоҳ бўлган “Истиқбол” МФЙ Профилактика инспектори Элдор Мансуров болалар яширилмагани, Бобурни шахсан отаси МИБ биносига олиб келганини айтди:

“Aбдулазиз Шерматовнинг қизини боғчадан олиб келдик. МИБдагилар ўғлини ҳам олиб келиш кераклигини айтишди. Бобурни отаси уйидан олиб, МИБга етиб келди. Суҳбатда ота-она ижро ходимлари, имом-хатиб иштирок этишди. Бир соат оилани яраштиришга ҳаракат қилдик. Аёлнинг ярашишга хоҳиши бўлмади. Абдулазиз эса, “фарзандларимни бермайман”, деб жанжал бошлаганида, мен уни алоҳида суҳбатлашиш учун бошқа хонадан олиб чиқдим. Қайтиб кирганимизда эса, она ҳам, болалар ҳам хонада йўқ эди”.  

МИБ томонидан берилган маълумотда “Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси қидирув ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қидирувга берилган болалар Юқоричирчиқ туманидаги қарздорнинг узоқ қариндоши уйидан топилган ва давлат ижрочисига топширилган”, деб ёзилган. Бунга муносабат билдираркан, профилактика инспектори Элдор Мунсуров шундай дейди: 

“Униси энди муаммо. Қизини боғчадан олиб келдик, ўғлини отани ўзи олиб келган-ку”.

Юқорида айтилганидек болаларнинг руҳий ҳолати ҳақида Паркент тумани Халқ таълими бўлими психологи Ирода Султонова хулоса берган, бироқ суд буни инобатга олмаган. Паркентга бориб, психолог билан боғлана олмаганимиз сабабли, бир неча кун ўтиб, болаларнинг руҳий ҳолатида 11 ойдан буён яширилганлик аломатлари бор-йўқлигини билиш учун Ирода Султоновага қўнғироқ қилдик.

“Болалар 11 ой беркитилган, деган гап қаердан чиққанига ҳайронман. Уларнинг 11 ой беркитиб келинган ҳолатини кўрмадим, ҳатто уч кун уйдан чиқмаган боланинг аломатлари ҳам йўқ эди. 

Болаларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, улар онаси билан вақтинча яшамаслиги керак, деган хулосани бергандим. Эътибор қилган бўлсангиз, улар 100 фоиз оталари билан яшаши керак, деган хулоса ҳам йўқ. Болалар реабилитация марказига жалб қилиниши керак. Муаммо оила билан боғлиқ бўлса, боланинг ўша ерда бўлгани яхши.

Ўз хулосамда болаларни реабилитация қилиш кераклигини ёзиш билан бирга, уларга шундай марказ ҳам топиб бердим. Нима учун олиб боришмади, ҳайронман.

Ўша куни аёл фарзандлари олдига қучоқ очиб кирди, Бобур онасини қучмай, ўтиб кетди. Зарнигор эса қоча олмади. Болаларда онасига нисбатан жирканиш, ижирғаниш ва умуман салбий муносабат кўрдим. Бир сўз билан айтганда, 5 яшар қизда 16-17 ёшида зўриқиб қолган қизларнинг ҳаракати сезиларди.

Биласизми, болалардаги боғланиш отага ҳам эмас, балки, шу уйда улар билан бирга яшайдиган бобо ва бувига нисбатан шаклланганини сездим.

Болалар билан суҳбатда бўлиб, уларни реабилитация қилиш кераклиги, вақтинча онаси билан яшамаслиги ҳақида хулоса беришимга қарамай, суд болаларни онаси билан яшаши ҳақида қарор чиқарибди. Агар суд бундай вазиятда менинг ишимдан қониқмаса, масала қайта кўрилиши керак эди.

Бу оила билан боғлиқ яна бир нарсани айтишни истардим: уларда нафақат фарзандлар, балки эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар ҳамда уларнинг психологияси ҳам бузилган. Aфсус, улар психолог билан гаплашиш ва тавсия олишни исташмади”, дейди психолог.

Суриштирув холис бўлиши, икки томон ҳам тингланиши кераклигини ҳисобга олиб, мурожаатчи Абдулазиз Шерматовнинг турмуш ўртоғи – Дилором Шерматованинг уйига бордик. Аёл ўзини видео ва фото тасвирга туширишимизни хоҳламади. Ундан МИБ томонидан тақдим этилган, турмуш ўртоғи фарзандларини яширгани ҳақидаги хабарга изоҳ сўраганимизда, шундай деди:

“Уч ой ёз, уч ой куз ва уч ой қиш – жами 9 ой. Мартнинг охири билан 10 ой бўлади. МИБ ходимлари 11 ой, деб маълумот берган. Нима учун 11 ой яширди, дейишганини мен билмайман. Уни ўзларидан бориб сўранг. 

Ҳозир фарзандларимнинг ҳолати яхши. Психологияси ҳам жойида. Уларнинг интервью беришини истамайман. Бу ерда одам кўплиги болаларнинг руҳиятига ёмон таъсир кўрсатяпти.

Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар икки томонни тинглашга ҳаракат қилдик. Маълумот эълон қилинишидан аввал ҳодисани  тўлиқ ўрганиш, томонлар фикрини тинглаш ва воқеликка холис ёндашган маъқул. Тақдим этилаётган маълумот шахснинг қадр-қиммати, шаъни, обрў-эътибори ва жамиятдаги ўрнига путур етказиши керак эмас.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-27-моддаларида  шахсий дахлсизлик ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Барча учун бир бўлиши керак бўлган қонунлар давлат идораларига келганда ишламайдими? Бугун МИБ оддий бир фуқаронинг шаънига путур етказиб, уни ўз болаларини беркитиб ўтиришда осонликча айбласа, эртага бу ташкилотдан яна нималар кутиш мумкин? Бунга ким жавоб беради? Aбдулазиз Шерматовдек фуқаролар МИБ каби ташкилотлар қаршисида уларнинг исботланмаган айбловларига тилини тийиб, бўйнини эгиб қолиб кетаверадими? Хулоса ўзингиздан.


Мақола муаллифи

Теглар

МИБ Мурожаат Мажбурий ижро бюроси Паркент туман 11 ой давомида яшириб келинган болалар онасига қайтарилди

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

4.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг